Европа Иттифоқида ватанига қатнаётган қочоқларни бутунлай чиқариб юбориш таклиф қилинди
Германия Ички ишлар вазирлиги раҳбари Хорст Зеехофер ватанига тез–тез қатнаётган қочоқларни мамлакат ҳудудидан чиқариб юборишни таклиф қилди. Унинг сўзларига кўра, бу каби қатновлар қочоқларни ўз ватанларида таъқиб остида эмасликларини кўрсатмоқда.
Шу билан бирга у қочоқлар ўз ватанларига қилаётган “таътил”ларига кетадиган харажатларни кўрсатиб ўтди. Шундай қилиб Германиядан Сурияга, Афғонистонга ёки Ироққа бориб келиш чипта нархи ўртача 1.5 минг евродан ошади.
Шу сабабли 8 сентябрь куни “Alternative für Deutschland” (Германия учун муқобил) партияси Бундестагда шу каби муҳожирларни қочоқ статусидан қонуний маҳрум қилиш масаласини кўриб чиқиш таклифини киритади. Депутат Вальдемар Гердтнинг фикрига кўра, бу сиёсий масала эмас, бу шунчаки оддий мантиқ.
Масаланинг шу йўл орқали ҳал қилинишини франциялик депутат Тьерри Мариани ҳам қўллади. У мазкур амалиётни бутун Европа Иттифоқи бўйлаб жорий этишни таклиф қилди.
Айни шу вақтда Дамашқ Европадаги сурияликларни уйга қайтишга ва мамлакатни оёққа қўйишга ёрдам беришга чақирди. Сурия парламентининг халқаро қўмитаси раисининг ўринбосари Аммар ал–Асаднинг сўзларига кўра, мамлакатга ўқитувчилар, муҳандислар ва шифокорлар зарур.