Европа қатъий карантинга қайтишга тайёргарлик кўрмоқда
Испания, Германия, Франция, Греция ва Бельгия ҳукуматлари яқин келажакда қатъий чеклов чораларини қайта жорий этиш эҳтимолини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар берди.
Юқорида кўрсатилган мамлакатларнинг барчасида коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сонининг кескин ошиши кузатилмоқда.
Мисол учун, сўнгги икки ҳафтада 8 мингдан ортиқ коронавирус ҳолати қайд этилган Испаниядаги Каталония маъмурияти навбатдаги эпидемияни жиловлаш учун ўзларининг олдига 10 кун муҳлат қўйди. Акс ҳолда ушбу ҳудудда қатъий карантин жорий этилади. Уйида турли байрам тадбирлари уюштирадиган ёшлар инфекциянинг асосий тарқатувчиси бўлиб қолмоқда.
Францияда ҳам шунга ўхшаш вазият кузатилмоқда. Мамлакат ҳукумати ёшларни ижтимоий масофа сақлашга ва жамоа бўлиб йиғилмасликка чақирмоқда.
Германияда эпидемиологик вазият ёмон бўлиб турган ҳудудларда бўлган фуқароларни мажбурий тест таҳлилидан ўтказиш режалаштирилмоқда. Мамлакатда сўнгги 14 кун ичида касалланганлар сони кескин ошиб кетди.
Греция ҳукумати ўз фуқароларидан барча жамоат жойларида тиббий ниқоб тақишни талаб қилмоқда.
Бельгия ҳукумати ҳам мамлакатда эпидемиологик вазият кескин ёмонлашгани сабабли қатъий карантинга қайтиш эҳтимолини кўриб чиқаётганини маълум қилди.