Дронлар ҳар ерда: Европада ҳаво ҳужумлари таҳдиди кучаймоқда

Сўнгги ҳафталарда Европанинг бир нечта давлатлари осмонида ноқонуний дронлар пайдо бўлди. Дания, Норвегия ва Польша аэропортлари вақтинча ёпилди, НАТО эса хавфсизлик чораларини кучайтиришга мажбур.

Кеча тунда Дания ҳаво майдонида бир қатор ноқонуний дрон фаолияти кузатилиши муносабати билан илк ҳушёрлик эълон қилинди. Дронлар бир нечта аэропортлар устида аниқланди. Тижорат ва ҳарбий парвозлар учун муҳим марказ — Ольборг аэропорти фаолиятини чеклади. Икки кун олдин Копенгаген аэропортида шунга ўхшаш дрон инциденти содир бўлиб, у ерда ҳам парвозлар вақтинча тўхтатилди.

Бу орада Норвегиянинг Осло аэропорти устидаги дрон сабабли ҳаво майдони бир неча соатга ёпилгани хабар қилинди.

Европанинг бир қатор давлатлари бу инцидентларни Россия фаолияти билан боғламоқда. НАТО эса давлатларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун зарур чоралар кўришини билдирган.

Россия айбловларни рад этди ва воқеалар ўртасидаги боғлиқликни аниқлаш мақсадида ҳамкорлик қилаётганини билдирди.

Экспертлар таъкидлашича, оддий тижорат дронлари одатда аэропорт ёнидаги махсус «учиш тақиқланган» зоналарда бундай масофада парвоз қила олмайди. Демак, бу ҳолатлар ҳали ўрганилади.

Польша ҳам шундай икки йирик воқеа сабабли халқаро эътибор марказида қолди: 9 сентябрдан 10 сентябрга ўтар кечаси Польша ҳудудига тахминан 19 та дрон кириб келди. Улардан бир қисми уриб туширилди, қолганлари эса мамлакат ҳаво ҳудудини тарк этди. Шу муносабат билан Варшава вақтинча энг йирик аэропортлар — Варшава, Люблин ва Жешув устидан парвозларни тўхтатди.

Мамлакат ташқи ишлар вазири бу ҳодисани Кремлнинг «НАТО реакциясини синовдан ўтказиш» деб атади. Ҳаво мудофаа тизими ва иттифоқдош ҳарбий кучлари ҳаракатга келтирилди. 12 сентябрда Польша кескин қарор қабул қилиб, Беларус билан барча чегара пости орқали ҳаракатни тўхтатди. Сабаб сифатида Россия ва Беларус армияларининг Польшага яқин ҳудуддаги «Запад-2025» қўшма машғулотлари кўрсатилди.

Бироқ 25 сентябрга ўтар кечаси чегара очилгани ҳақида хабар тарқалди. Польша Бош вазири Дональд Туск таҳдид даражаси пасайганини таъкидлади, бироқ «эскалация қайд этилса, чегара яна ёпилади», деб огоҳлантирди.

ОАВ хабарлари асосида Г.Холдорова тайёрлади.