Россияда яна дронлар ҳужуми: бу сафар ҳам аэропортлар ёпилган
Дронлар Россиянинг Псков аэропортига ҳужум қилган. Йирик ёнғин келиб чиқиб, Ил-76 самолётлари шикастланган, айрим ҳаво ҳудудлари ёпилган.
30 августга ўтар кечаси Псков халқаро аэропорти “Хочлар” (Украинадан 700 километр)га дронлар томонидан ҳужум қилинди, дея хабар берди Псков вилояти губернатори Михаил Ведерников. Унга кўра, Россия ҳарбийлари дрон ҳужумини қайтармоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар йўқ. Вайронагарчилик кўлами аниқланмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, аэропортга ҳужум чоғида тўртта Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти шикастланган, деб ёзади “ТАСС” фавқулодда хизматларга таяниб. Дронлардан бири аэропорт ҳудудидаги ёнилғи қуйиш мажмуасига келиб урилган, шундан сўнг катта ёнғин бошланган. Ярим тунда ёнғин ўчирилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Яна бир манбага кўра, ҳужум нишони 2022 йилда Бучани босиб олишда иштирок этган 104-ҳаво десантчи-ҳужумчи полки жойлашган Черехинский ҳарбий базаси бўлиши ҳам мумкин. Ушбу база ҳам юқоридаги аэропорт яқинида.
ОАВга кўра, Домодедово ва Внуково аэропортларида, шунингдек, Серпухов ва Рязань аэропортларида ҳам “Ковер” режими жорий этилган. Ушбу аэропортлар вақтинча рейсларни қабул қилмайди ёки жўнатмайди.