Эътироф: Ўзбекистон уламоларининг Президентга мактуби

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши аъзолари ва таниқли уламолар томонидан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жаноби олийларига муборак Рамазон ойи муносабати билан самимий табрик ва миннатдорлик мактуби йўлланди.

Мактубда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, айниқса, диний-маърифий соҳадаги янгиланишлар, миллий қадриятларимизни тиклаш ва аҳоли ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасидаги ташаббуслар юксак баҳоланган.

Жумладан, Рамазон ойи арафасида:

- «Вақф» хайрия жамоат фондига — 750 миллиард сўм

- Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали — 300 миллиард сўм маблағ ажратилиши алоҳида эътироф этилган.

Уламоларнинг таъкидлашича, мазкур қарорлар минглаб эҳтиёжманд оилаларга амалий ёрдам кўрсатиш, ногиронлиги ва касаллиги бор фуқароларни қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-мурувват ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тажриба ва кузатишларимиздан маълумки, дунёнинг камдан-кам мамлакатларида Рамазон ойини муносиб ўтказиш бўйича Давлат раҳбари даражасида алоҳида қарор қабул қилинади, дейилган мактубда.

Шунингдек, юртимизда 2000 дан зиёд масжидларда Хатми Қуръонларнинг тизимли ташкил этилиши, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ҳамда Ислом цивилизацияси маркази каби йирик маърифий лойиҳаларнинг амалга оширилиши ислом маърифатига қўшилаётган муносиб ҳисса сифатида қайд этилган.

Мактуб сўнгида Президентимизга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт-саодат ва масъулиятли фаолиятларида улкан муваффақиятлар тилаб, юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги учун дуолар қилинган.