Она ва бола саломатлигига бағишланган долзарб масалалар Самарқандда муҳокама қилинди

Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалида Россия Федерациясидаги олий таълим тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликда халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.

Тадбирда мамлакатимиз ва россиялик профессор-ўқитувчилар, амалиётчи шифокорлар, илмий изланувчилар ҳамда соҳа мутахассислари она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳомиладорлик даврида тиббий кузатув ва патологияларни барвақт аниқлаш, замонавий диагностика ва даволаш усулларини амалиётга жорий этиш, перинатал хизмат сифатини ошириш ҳамда илмий тадқиқотлар натижаларини ўзаро алмашиш масалаларини муҳокама қилди.

– Ҳомиладорлик даврида кесерва ёки ундан кейинги асоратлар айрим ҳолларда оналар ўлимига сабаб бўлади, – дейди Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари Баҳодир Аллаёров. – Шу боис бугунги анжуманда хорижлик ҳамкасбларимиз билан юқори хавф гуруҳига мансуб ҳомиладор аёллар билан ишлаш, ортиқча ва асоссиз операцияларни камайтириш, биргаликда юқори технологик жарроҳлик амалиётини ўтказиш ҳамда илғор тажриба ва инновацион усулларни амалиётга жорий этиш масалаларини муҳокама қилдик. Бу орқали она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш самарадорлигини оширишга эришиш мумкин.

Анжуман доирасида маърузалар, маҳорат дарслари, клиник ҳолатлар таҳлили ва давра суҳбатлари ташкил этилди.

– Икки кун давомида бухоролик ва самарқандлик ҳамкасбларимиз билан акушерлик ва гинекология, неонатология ҳамда педиатрия соҳаларидаги долзарб масалаларни муҳокама қилдик, – дейди Татаристон акушерлар ва гинекологлар жамияти раиси, тиббиёт фанлари доктори Илдар Фаткуллин. –Ўзбекистонга, жумладан Самарқандга келиб, замонавий тиббиёт муассасалари ва технологияларни кўриб мамнун бўлдим. Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, юқори хавф гуруҳидаги ҳомиладор аёллар билан ишлаш борасида тажриба алмашиш, қўшма илмий-амалий анжуманлар ва тадқиқотларни йўлга қўйишга тайёрмиз. Бундай ҳамкорлик соҳада янги ютуқларга эришишга хизмат қилади, деган умиддаман.

Анжуман қатнашчилари Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш борасида қўлланилаётган замонавий тиббий технологиялар билан яқиндан танишдилар.