Фаолиятида хатоликларга йўл қўйган қурилиш ташкилоти кейинги тендер танловларида қатнашиши тўғрими?
21-сентябр куни халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тўқсонинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияни депутат Ф.Тошев бошқарди.
Дастлаб ташкилий масала кўрилди. Шу пайтгача халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти мудири вазифасида ишлаган Зафар Каримов ўз аризасига биноан лавозимидан озод этилди. Депутатлар Саидаҳмад Усмоновни Кенгаш котибияти мудири вазифасига тасдиқладилар.
Шундан сўнг кун тартибига кўра, ҳудудларда маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизмат кўрсатиш учун мажбурий тўлов тарифлари миқдорини маъқуллаш тўғрисидаги қарор лойиҳаси муҳокама қилинди.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизмат кўрсатишдаги мажбурий тўлов миқдорининг оширилиши хизмат кўрсатиш сифати яхшиланишига ёрдам беради.
Янги тарифлар Самарқанд шаҳри ва туманида аҳоли учун бир кишига бир ойда 5 минг сўм, юридик ташкилотлар маиший чиқиндилари учун 1 метр/кубига 90 минг сўм, 1 тоннасига 182 минг 550 сўм, суюқ чиқиндилар учун 86 минг 525 сўм, Каттақўрғон шаҳри ва туманлар аҳолиси учун бир кишига бир ойда 4 минг 129 сўм, юридик ташкилотлар маиший чиқиндилари учун 1 метр/кубига 59 минг 693 сўм, 1 тоннасига 155 минг 824 сўм, суюқ чиқиндилар учун 70 минг 600 сўм этиб белгиланмоқда.
Депутатлар давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури ҳамда бошқа давлат дастурлари ижроси устидан назоратни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг ижроси юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Р.Маматовнинг ҳисоботини эшитди.
Ҳисоботга кўра, жорий йилда вилоят ҳокимлиги буюртмасига асосан, вилоят 3-сектори ҳудудида 23 та ижтимоий соҳа объектини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишларини олиб бориш белгиланган. Шу кунга қадар 21 та объектда қурилиш таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланиб, фойдаланишга топширилган. Қолган иккита объект - Самарқанд туманидаги 10-умумий ўрта таълим мактабини реконструкция қилиш, Гулобод маҳалласи ҳудудида ихтисослаштирилган мактаб қуриш ишлари йил охирига қадар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Ушбу объектлардаги қурилиш-монтаж ишларига 160 миллиард 449 миллион сўм маблағ ажратилган.
Ҳудудлардаги сектор ишчи гуруҳлари томонидан олиб борилган ўрганишлар жараёнида объектларнинг қурилиш ишларида буюртмачининг техник назорати ҳамда лойиҳачининг муаллифлик назорати қониқарсиз аҳволда эканлиги, ишлар сифатсиз бажарилгани аниқланган. Жумладан, Ургут тумани Мўминобод маҳалласидаги 127-мактабни реконструкция қилиш давомида ҳудуд ободонлаштирилмаган, бетон йўлаклар ташкил этиш ишлари чала қолган, том қисмидаги ёғочларга ёнғинга қарши ишлов берилмаган.
Самарқанд туманининг Арабхона маҳалласидаги 9-мактабни реконструкция қилиш, 300 ўринли ўқув биноси қуриш ишларида ижро ҳужжатлари тўлиқ юритилмаган, ҳудуд ободонлаштирилмаган.
Нуробод туманининг Нурбулоқ шаҳарчасидаги 41-мактаб майдони вақтинчалик тўсиқ девор билан ўралмаган, ғишт териш ишлари шаҳарсозлик нормалари асосида бажарилмаган.
- Қурилиш ишларини амалга ошириш, назоратини ташкил этиш ва шаффофликни таъминлашда камчилик ва муаммолар борлигини барчамиз биламиз, буни сессияларда муҳокама ҳам қиляпмиз, - деди Ф.Тошев. – Аммо аввалги йиллардаги қурилиш ишларида камчиликларга йўл қўйган қурувчи ташкилот бу йилги тендер танловларида ҳам пайдо бўляпти. Қурилиш соҳасида ўрнатилган тартибларга риоя қилмай, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган қурилиш ташкилотини жазо сифатида тендерларда қатнашишини чеклаш, мутахассисларнинг ўз вазифасини лозим даражада бажариши, қурилиш ишларининг сифатига хизмат қилмайдими?
Сессия давомида йилнинг биринчи ярмида норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати юзасидан вилоят адлия бошқармаси бошлиғи С.Нуриевнинг, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи Т.Маҳмудовнинг ахборотлари тингланди. Шунингдек, “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ раиси К.Юсупов аҳолини ичимлик ва оқова сув билан таъминлаш даражасини ошириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги режалар тўғрисида ҳисобот берди.
Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.