Фаридин НАСРИЕВ: Бизнинг ОАВ масалани айнан миллатга, фуқароликка нисбат берган ҳолда ёритади. Бу нотўғри
Россиядаги ўзбекларнинг кўп жиноят қилаётгани ҳақидаги гаплар қанчалик ҳақиқатга яқин? Бош консулнинг ОАВга эътирози нимада? Нега салбий хабарлар тез тарқалиб, ижобийларига эътибор берилмайди?
Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги бош консули Фаридин Насриев Kun.uz мухбирига берган интервьюсида шулар ҳақида фикрларини билдирди.
Дипломатдан дастлаб Россияда яшаётган миллионлаб Ўзбекистон фуқаролари орасида жиноятчилик даражаси қай даражадалиги ҳақида сўрадик.
«Статистика қилинаётганда ўзбеклар кўп жиноят қилаётгандек кўринади. Аммо биздан келаётганлар кўплигини ҳам инобатга олиш керак-ку?! Аҳоли сонига тақсимланса, фоиз жиҳатидан Ўзбекистон фуқаролари орасидаги жиноятчилик кам, аслида.
Яна бир нарсани таъкидлашни истардимки, Россияда илмли, ўзининг йўлини топиб кетган фуқароларимиз кўп. Аммо негадир, оммавий ахборот воситалари салбий хабарларни кўпроқ ёритади. Бир ўзбек кимнидир ўлдирибди, бошқа бири ўғирлик қилибди... Бу айниқса, ўзбек ОАВда кўп кузатилади. Нега ўзбек фуқароларининг ютуқларини кўрсатмайсизлар?
Мана яқинда Пермда ўзбек фуқароси ёнаётган автобусдан одамларни қутқарди. Ёш йигит.
Қозон федерал университетида 3800 нафар ўзбекистонлик талаба таҳсил олади. 80 минг талабаси бор университетда ўзбек талабаси «Йил талабаси» бўлди. Бундай йигитларимиз – бизнинг ғуруримиз. Нега бу нарсаларни кўрсатмай, фақат салбий томонларни ёритамиз?!
Билимли, илмли, яхши жойда ишлайдиган, тадбиркор фуқароларимиз ҳам бор. 15, 20, 25 йил олдин чиқиб кетган ватандош тадбиркорларимиз билан ҳам ишлаяпмиз ҳозир. Улар ҳам ватанпарвар, уларда ҳам ғоя бор. Фуқаролигини олгандир, аммо ўзбекман, деб иқтисодиётни ривожлантиришга сармоя қилмоқчи. Бу томонлари ҳам бор-ку?!
Сабаби – салбий бўлса, ҳамма ўқийди. Ижобий бўлса, ўқимайди. Қанча миллион «лайк» оламиз. Шунақами ОАВ? Тўғри, салбий хабарлар бўлсин, аммо ҳақиқат бўлсин. Бу томонини ҳам унутиш керак эмас», дейди бош консул.
Фаридин Насриевнинг таъкидлашича, у рус жамоатчилигининг кўплаб вакилларидан миннатдорлик эшитган. Улар ўзбек фуқароларининг тарбиясини, ҳурмат-иззатни билишини эътироф этишган.
«Мен суҳбатлашган жуда кўпчилик, мисол учун, университетлар ректорлари, проректорлар, деканлар, корхона раҳбарлари менга раҳмат айтади. Ўзбек фуқаросининг тарбияси яхши, ҳурмат-иззатни билади, инсон қадрини билади, дейишади. Кўп илиқ сўзлар эшитаман. Буларда бизнинг фуқаролар ва талабалар ҳақида шундай фикрлар борлигидан ғурурланаман. Масалан, бизнинг талабалар автобус, метро ёки трамвайларда кекса кишиларга жой беради. Ҳамма ҳам бундай қилавермайди, тарбия олган инсон шундай қилади», деди Насриев.
Унинг айтишича, жиноятчининг миллати, тили ва давлати бўлмайди. Жиноятчи ҳамма жойда жиноятчидир.
«Жиноятчининг миллати, тили, фуқаролиги бўлмайди. У – жиноятчи. Уни фуқароликка, миллатга нисбат бериш нотўғри. Жиноятчи ўз номи билан жиноятчи. Жиноятчи йўқ мамлакатнинг ўзи йўқ.
Бизнинг оммавий ахборот воситаларимиз ҳам айнан миллатга, фуқароликка нисбат берган ҳолда ёритади. Бу нотўғри», деб таъкидлади Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги бош консули Фаридин Насриев.