Фозил Йўлдош ўғлини қандай хотирлаяпмиз?

Шу кунларда ўзбек халқ оғзаки ижодининг етук намояндаларидан бири, бахши шоир Фозил Йўлдош ўғли таваллудининг 150 йиллигига Булунғурда қизғин тайёргарлик кўриляпти.

Шу муносабат билан бахши шоирнинг авлодлари, ҳамқишлоқлари бугун уни ҳар доимгидан ҳам кўпроқ хотирлаб, ёдга оляпти. Бахши шоир Фозил Йўлдош ўғлини кўрган-билган кексалар билан кўп суҳбатлашганман. Ана шундай табаррук отахонлардан бири Суюн бахши Норбеков улуғ оқинни шундай хотирлайди: “Фозил бобо буғдойранг, ўрта бўй, гавдали киши эди. Кичкинагина дўмбирасини қўйнига солиб юрарди. Бахши шоирга боғлиқ бир воқеа қалбимда муҳрланиб қолган. Ўн ёшларда эдим, у пайтларда тўй бўлса, кечқурун даврага гулхан ёқиларди, ҳамма гулханнинг атрофини ўраб оларди. Ҳар бир қишлоқнинг йигитлари навбат билан “Чавқи” ўйинини ўтказишар эди. Улар қарсак чалиб, қарсак оҳангига мос равишда кимўзарга қўшиқ айтарди. Қишлоғимизда бўлаётган бир тўйда Фозил бобо ҳам қўлига дўмбирасини олиб, супачага чиқиб, “Бурга” деган қўшиғини айтиб берганди. Ёш бола эмасманми, бир эшитишдаёқ бу қўшиқни ёдлаб олгандим. “Чавқи” ансамблининг иштирокчиси сифатида бу ҳазиломуз қўшиқни ҳали-ҳануз куйлаб келаман.  

Бугун Фозил Йўлдош ўғлининг номи улуғланаётгани бахшининг авлодларининг ҳам кўнглига сурур бағишлаяпти.

- Бобомнинг фарзандлари кетма-кет қиз туғилавергач, тўртинчи қизининг исмини Улбўсин қўяди, - дейди Нарзулла Фозилов бобосини хотирларкан. - Шундан кейин ҳам бешинчи фарзанди қиз туғилади. Кенжа қизларига Тўқсулув деб исм қўяди. Кейин бобом ўғил невараларимдан бирини “Ўғил қилиб оламан”, деган қатъий фикрга келади. Иккинчи қизига: “Ҳайитгул, қизим, ёшим ҳам бир қорага бориб қолди, ҳамма невараларимни бирдек яхши кўраман, лекин шулар ичидан юрагимга яқини ўғлинг Нарзуллани ўғил қилиб олсам, ўзи ҳам каттариб қолди, 4 ёшга киряпти, шунга сен нима дейсан”, дейди. Онам “Бу фикрингиз опа-сингилларимга ҳам жуда маъқул келади, ота”, дейди. Шу тариқа уч-тўрт ёшимда менинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномамни  ўзгартириб, ўзининг фамилиясига расман ўтказади.

Мен бобомни элас-элас эслайман. Мени отига ўтқазиб, қаерларгадир олиб борарди, даврадагиларга ишора қилиб, бу ўғлим бўлади, дерди. Дўмбирасини олиб достонлар куйлар эди. Нари борса, бир-икки соат тоқат қилиб, кейин ухлаб қолардим. Кейинчалик ҳам онам бизга бобом ҳақида турли воқеаларни сўзлаб берарди.

Фозил Йўлдош ўғлининг авлодлари ҳам бобоси тутган йўлдан боряпти. Баъзилари ижодкор бўлса, барчалари ижод аҳлига яқин кишилар.

- Онам ёшлигимиздан бизларга достон, эртаклар айтарди, - дейди бахши шоирнинг невараси, шоира Лола Султонова. - Кейин билсам, бу достонлар бобомники экан. Бобомиз ҳақида онам бизга жуда кўп воқеаларни айтиб берарди. Бобомнинг саводи бўлмаганлиги сабабли унинг кўп достонларини онам ёзиб берган эканлар. Айтишларича, онам тўрт-бешта қаламнинг учини чиқариб, ёзишга тайёрлаб қўяр экан, чунки бобом бир достон бошласа, беш-олти соат тўхтамасдан айтар экан. Кейин ҳафта-ўн кунлаб сафарга чиқишлари, Тошкентга борса, бир ойлаб уйга келмасликларини мароқ билан сўзлаб берарди. Бобомнинг хассос шоир  Ҳамид Олимжоннинг бобоси Мулла Азим билан бўла бўлганликларини, айниқса, фахр билан сўзлаб берарди. Достонларидан, поэмаларидан парчалар ўқиб бериб, ўзи ҳам завқ оларди. Қиз бола онасидан кўрганларидан ўрнак олади, дейишади. Балки менинг китобга қизиқишимга ҳам онам сабабчи бўлгандир. Бобомнинг қўшиқларини, термаларини ёдлашга ҳаракат қилардим. Эртаклар, достонлар эшитиб, вояга етганлигимиз сабабли бизнинг ҳам китобга меҳримиз бўлакча.

Бобом жуда бағрикенг инсон бўлган эканлар. Шу боис бўлса керак, онамнинг таъкидлашича, уйларидан меҳмон аримас экан. Ҳатто фольклоршунос олима Музайяна Алавия ҳам ёш боласи бўлишига қарамай, бобом куйлаган достонларни ёзиб олиш мақсадида уларникида ойлаб турганликларини, ёш боласига бирга қараганликларини  мароқ билан эсларди онам.  Бугун ўзбек достончилигининг буюк намояндаларидан бири бобомиз Фозил Йўлдош ўғли билан ҳар қанча фархлансак арзийди.

Холбой Қосимов.