Франция: 20 минг гектар ўрмон ёниб кул бўлди
Францияда ўт ўчирувчилар мамлакат жануби-ғарбидаги Жиронда департаментида давом этаётган кучли ўрмон ёнғинларига қарши курашни давом эттирмоқда, деб хабар бермоқда француз ОАВлари.
Ёнғин аллақачон 19,3 минг гектар ўрмонни йўқ қилган. Айни пайтда ёнғинга қарши 2000 нафар ўт ўчирувчи курашмоқда.
Кучли ёнғин ва шамол туфайли Бордо шаҳри деярли бутунлай тутун билан қопланган. Маҳаллий аҳоли ижтимоий тармоқларда кўчалардаги кучли туман ва шаҳарнинг кулранг осмони фотосуратларини жойлаштирмоқда, шунингдек, куйик ҳидидан шикоят қилмоқда.
Ёнғинлар ғайритабиий иссиқ об-ҳаво шароитида авж олди. Сешанба куни маҳаллий метеорология хизматлари мамлакат ғарбида хавфнинг ўта юқори – “қизил” даражасини эълон қилди. Бугун баъзи ҳудудларда ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 40 даражадан ошиши кутилмоқда.
Юқори ҳарорат ва ёнғин Испанияда ҳам одамларни қийнамоқда. Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, салкам бир ҳафта давом этган жазирама таъсиридан 360 киши ҳалок бўлган.
Малага провинциясидаги Мижас шаҳри яқинида содир бўлган йирик ёнғин туфайли 3000 дан ортиқ аҳоли эвакуация қилинди. Бу ерда 2 минг гектарга яқин ўрмон ёниб кетган. Ёнғинни ўчириш Кастилия ва Леон марказий минтақасида ва шимолдаги Галисияда ҳам давом этмоқда.
Гарчанд Португалияда сўнгги кунларда 40 даража юқори бўлган ҳарорат пасайган бўлса-да, 200 дан ортиқ одам иссиқдан ҳалок бўлган.
Порто шимоли-шарқида ўт ўчирувчилар авиация ва бошқа техникалар кўмагида ёнғин ўчоғи билан курашишда давом этмоқда. Олов 2017 йилдан бери энг йирик – 10 минглаб гектар майдонларни йўқ қилди.