Макроннинг тўққиз йиллик бошқаруви: Франция ижтимоий портлаш ёқасида
Францияда 2026 йил октябрь ойида авж олган оммавий намойишлар мамлакатда йиллар давомида тўпланган ижтимоий норозилик ва сиёсий зиддиятларни янада кучайтирди.
17 октябрь куни Париж ва бошқа шаҳарларда юз минглаб одамлар иштирокида намойишлар ўтказилди. Турмуш қийматининг ошиши, ёнилғи нархи ва давлат хизматларидаги муаммолардан бошланган норозилик айрим ҳудудларда полиция билан тўқнашувлар, ёнғинлар ва дўконларни талашга айланди. Ҳукумат хавфсизлик чораларини кучайтириб, айрим шаҳарларда қисман коммендантлик соатини жорий этди.
Йиллар давомида тўпланган норозилик
Макрон 2017 йилда президентликка келганидан буён Франция бир неча йирик ижтимоий инқирозни бошдан кечирди. 2018 йилдаги «Сариқ нимчалар» ҳаракати ёқилғи солиғига қарши бошланиб, харид қобилияти, солиқ адолати ва иқтисодий сиёсатни ўзгартириш талабларига айланди.
2023 йилда пенсия ёшининг 62 ёшдан 64 ёшга оширилиши оммавий намойишлар ва иш ташлашларга сабаб бўлди. Ҳукумат ислоҳотни пенсия тизимининг молиявий барқарорлиги билан изоҳлаган бўлса, танқидчилар унинг оғирлиги аҳоли зиммасига тушаётганини таъкидлашди. Қонуннинг парламентда одатий якуний овоз беришсиз қабул қилиниши ҳам ҳукуматга нисбатан ишончсизликни кучайтирди.
Иқтисодий босим ва ижтимоий зиддиятлар
Ёнилғи ва озиқ-овқат нархларининг ошиши, таълим тизимидаги муаммолар ҳамда давлат хизматлари сифатидан норозилик ижтимоий кескинликни кучайтирмоқда. Давлат бюджети тақчиллиги ва қарзни камайтириш зарурати эса ҳукуматни харажатларни қисқартириш чораларини кўришга ундамоқда. Аҳоли ижтимоий дастурлар ва давлат хизматларига ажратиладиган маблағлар камайишидан хавотирда. Натижада иқтисодий тежамкорлик зарурати билан фуқароларнинг турмуш даражасини сақлаш эҳтиёжи ўртасидаги зиддият чуқурлашмоқда.
Сиёсий инқироз ва бўлғуси сайловлар
Макрон ҳукумати намойишларга муносабати ва хавфсизликни таъминлашдаги камчиликлар учун танқидга учрамоқда. Айрим тартибсизликларда радикал гуруҳлар иштирок этган бўлса-да, инқирозни фақат уларнинг ҳаракатлари билан изоҳлаб бўлмайди. Иқтисодий қийинчиликлар, ижтимоий тенгсизлик ва ҳукумат қарорларидан норозилик ҳам муҳим омиллар ҳисобланади.
2027 йилги президентлик сайловлари олдидан Макронга нисбатан сиёсий босим кучаймоқда. Ижтимоий ҳимоя, харид қобилияти, давлат харажатлари ва хавфсизлик масалалари сиёсий баҳсларнинг марказида турибди. Бироқ ҳозирги норозиликлар сайлов натижасини олдиндан белгиламайди.
Хуллас, Франциядаги инқирозни фақат кўчалардаги тартибсизликлар билан изоҳлаб бўлмайди. «Сариқ нимчалар» ҳаракати, пенсия ислоҳотига қарши намойишлар ва бугунги норозиликлар иқтисодий адолат, ижтимоий ҳимоя ва ҳукуматга ишонч муаммолари сақланиб қолаётганини кўрсатади. Макрон ҳукумати учун асосий вазифа нафақат жамоат тартибини тиклаш, балки норозиликнинг иқтисодий ва ижтимоий сабабларига ҳам ечим топишдир. Акс ҳолда, хавфсизлик чоралари вазиятни вақтинча барқарорлаштириши мумкин, аммо давлат билан жамият ўртасидаги ишончсизликни бартараф этмайди.
Гулнора Холдорова тайёрлади.