Францияда тартибсизликлар: “Ҳаммасини тўсамиз” шиори остида кенг кўламли норозилик намойишлари

Кеча эрталаб Франциянинг турли шаҳарларида «Bloquons Tout» (“Ҳаммасини тўсамиз”) ҳаракати ташаббуси билан ҳукумат алмашиши фонида иқтисодий сиёсатга қарши йўналтирилган оммавий акциялар авж олди. Парижда намойишчилар чиқиндиларни ёқишса, Марселда кўчаларни тўсиб қўйишди, поезд ҳаракатлари тўхтатилди. Сўнгра намойишчилар Париждаги Лион вокзалини эгаллаб олишган.

Ҳукумат маълумотларига кўра, юзлаб шахслар қўлга олинган, бутун мамлакат бўйлаб минглаб хавфсизлик кучлари сафарбар этилган.

Францияда сиёсий инқироз чуқурлашмоқда:
янги Бош вазир тайинланди

Франциядаги намойишлар сиёсий вазиятни юмшатиши амримаҳол: икки кун аввал парламент Бош вазир Франсуа Байруга ишончсизлик вотуми билдириб, уни истеъфога чиқаришга мажбур қилди. Сешанба куни президент Эммануэль Макрон сўнгги икки йил ичида бешинчи Бош вазирни тайинлади — бу лавозимга 39 ёшли Себастьен Лекорню келди.

Макроннинг яқин иттифоқчиси ҳисобланган Лекорню сўнгги уч йил мобайнида у мудофаа вазири вазифасини бажариб, Франциянинг Россия–Украина урушига муносабатини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратган. Унинг асосий вазифаси олдинги Бош вазир Байру ечолмаган масала — Франция давлат қарзини қисқартиришга қаратилган. Йил бошига келиб, қарз миқдори 3,3 трлн еврони ташкил этган. Байру бюджетни 44 млрд еврога қисқартириш ва икки умуммиллий байрам кунларини бекор қилиш таклифини илгари сурганди. Бироқ бу ташаббусга парламентдагилар қаршилик кўрсатди. Байру ҳукуматга ишонч овозини беришга чақирди ва натижада мағлуб бўлди.

Янги бош вазир - Лекорну тайинланишига марказчилар ижобий муносабат билдиришди. Бироқ радикал чап қанот «Непокор Фаронса» ҳаракати етакчиси Жан-Люк Меланшон бу қарордан қониқмаганини билдириб, ҳеч қандай ўзгариш бўлмагани ва Макроннинг ўзи президентликдан кетиши кераклигини айтди. Унинг партияси парламентда янги ҳукуматга ишончсизлик масаласини кўтармоқчи.

Г.Холдорова тайёрлади.