Фуқароларнинг фаоллиги, ижтимоий ҳодисаларга бефарқ бўлмаслиги коррупциянинг олдини олишда муҳим жиҳат саналади

Коррупция фаолияти хуфёна иқтисодиётнинг асосий турларидан биридир. Аксарият ҳолларда коррупция деганда давлат хизматчилари томонидан шахсий манфаатларни кўзлаб, бойлик орттириш мақсадида халқдан пора олиш, қонунга хилоф пул даромадларини қўлга киритиш тушунилади. Аммо давлат амалдорларигина эмас, балки давлат ташкилотида ишламайдиган фуқаролар ҳам коррупцияга доир муносабатларнинг иштирокчилари бўлиши, пора пул эмас, балки бошқа нарса эвазига маълум хизматни амалга оширишлари мумкин.

Коррупция фуқаронинг давлат вакили билан маъмурий муносабатлари маъно-моҳиятини ўзгартиради ва жамият учун ҳам, давлат учун ҳам салбий оқибатларни келтириб чиқаради.

Малакатимиз раҳбари “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” номли маърузасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қонун ҳужжатларининг ижро этилиши устидан фуқаролик жамият институтлари назоратини амалга оширишнинг тизимли ва самарали ҳуқуқий механизмини яратишга қаратилган “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш фурсати етганлигини таъкидлаб ўтган эди.

Зотан, фуқароларнинг фаоллиги, ижтимоий ҳодисаларга бефарқ бўлмаслиги ҳамда ҳар бир давлат хизматчисининг ўз фаолиятини жамоатчилик назорати остида эканлигини чуқур ҳис этиб бориши фуқаролик жамиятини мустаҳкамлашнинг муҳим шартидир. Буни давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, биз давлатнинг назорат функцияларини қанча кучайтирсак, назорат билан шуғулланувчи давлат тузилмалари ва органларини қанча кўпайтирсак, амалдорларнинг зўравонлиги ва коррупция шунча авж олаверади. Шунинг учун биз жамоатчилик назоратини, давлат фаолияти, шу жумладан унинг куч ишлатувчи тузилмалари фаолияти устидан ҳам жамият назоратини ҳар томонлама кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Бу масалада бундан бошқа муқобил йўл йўқ. Шу маънода айтганда, “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунни қабул қилишнинг аҳамияти беқиёс.

Умуман, жамоатчилик назорати фуқаролик жамияти институтлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан давлат ҳокимияти органларига муайян қарорларни қабул қилиш бўйича мурожаат этиш, давлат ҳокимияти органлари ваколатига кирувчи масалалар бўйича сўровларни амалга ошириш, давлат ҳокимияти органлари ва маҳаллалар ҳудудларидаги корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш каби шаклларда йўлга қўйилгани ўз самарасини бермоқда. Қолаверса, бугунги кунда давлат дастурлари талабларининг фуқаролар йиғини ҳудудидаги ижросини таъминлашда жамоатчилик гуруҳларини тузиш ва ўрганиш, натижалари бўйича тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳисоботларини эшитиш ва шу орқали аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш, шунингдек, маҳаллий давлат органлари фаолиятига кўмаклашиш тадбирлари самарали олиб борилмоқда. Бу эса, жамоатчилик назоратининг жамиятда ижтимоий адолатнинг қарор топиши, шахс, жамият ва давлат алоқаларида мувозанат, тенглик, ўзаро масъулият ва жавобгарликка хизмат қилувчи асосий омил эканидан далолатдир.

Бугунги кунда республикамизда жиноятчиликнинг сабабларини аниқлаш чоралари кўрилмоқда, фош этилган коррупциячилар қаттиқ жазоланмоқда. Мамлакат ичидаги жиноятчилик доимо давлат томонидан қаттиқ назорат қилиб борилади. Жиноятчилик кенг авж олиб кетишига ва коррупциячилар домига илинган амалдорларнинг бебошлигига йўл қўймаслик мақсадида бир қатор узоқ муддатли чора-тадбирлар ишга солинган. Улар жиноятчиликка қарши кураш стратегиямизни белгилаб беради.

Жиноятни жазолашдан кўра, унинг олдини олиш сингари профилактик тадбирларнинг йўлга қўйилиши қай даражада оқилоналиги аллақачон исботланган. Бугунги кунда коррупцияга қарши кураш мақсадларига фақат жиноят-ҳуқуқий воситалар билан эришиб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Ўйлаймизки, бундай маънавий бузилиш ҳолатга қарши курашда нафақат давлат органлари, балки жамият ва умуман барча фуқароларимиз масъулдирлар. Шундай экан, давлат ва жамият, шу билан бирга нодавлат нотижорат ташкилотлари бундай иллатни олдини олиш ва унга қарши курашда биргаликдаги ҳаракатигина самарали натижаларга эришишнинг энг мақбул йўли бўлиб ҳисобланади.

Ориф Пардаев,

жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг раиси.