Маърифатпарвар олим Саидризо Ализода таваллудига 139 йил тўлди
Шу муносабат билан Самарқанд шаҳридаги 14-умумтаълим мактабида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Саидризо Ализоданинг набираси Фарҳод Ализода, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев ҳамда тадқиқоқтчи-олимлар сўзга чиқиб, журналист, шоир, таржимон ҳамда маърифатпарвар олимнинг ҳаёти ва ижоди, бой маънавий мероси ҳамда у яшаган давр ҳақида тўхталиб ўтишди.
— Бобом 1917 йилда Самарқандда биринчи ўзбек алифбосини, 1920 йилда эса илк тожик алифбосини яратган, — дейди Фарҳод Ализода. — Ўн тўрт тилни билган ва ўқувчилар учун «Сарфи араб», «Туркий алифбо», «Тарих», «Жуғрофия», «Риёзиёт», «Ҳандаса» каби ўндан зиёд дарслик тузган. Шу билан бирга, ношир ва журналист сифатида «Самарқанд» газетаси ҳамда «Ойина» журналида Маҳмудхўжа Беҳбудий билан ҳамкорликда ишлаган. «Шарқ», «Ҳуррият», «Зарафшон», «Овози тожик» газеталарида фаолият юритган. 1919 йилда “Шуълаи инқилоб” журналига асос солган ва чоп эттирган.
Бобомизнинг бугунги авлод учун ибрат қилиб кўрсатишга арзигулик сифатлари кўп. У киши нафақат билимдон ва зиёли, балки халқ дарди билан яшаган фидойи инсон бўлган. Илм-маърифатни тараққиётнинг асоси деб билган, ёшларнинг саводли, дунёқараши кенг бўлиб улғайишини орзу қилган. Унинг саъй-ҳаракатлари туфайли кўплаб ёшлар замонавий билим олиш имконига эга бўлган. У кишининг ҳаёти ва қолдирган бой меросини ўрганиш, асарларини тарғиб қилиш асосий вазифамиз.
— Самарқанд жадидлари Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдуқодир Шакурий, Саидаҳмад Ажзий, Ҳожи Муинлар қаторида Саидризо Ализода номи ҳам шараф билан тилга олинади, — дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи илмий ходими Юнус Сафаров. — У ҳам мустамлакачи совет ҳукумати, маҳаллий амалдорлар ва дин пешволарининг жамиятдаги адолатсизлик ҳамда чиркин иллатларини кескин танқид қилган. Унинг фелъетон, мақола ва шеърлари ўз давридаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий муҳитни очиқ-ойдин фош этиши билан ажралиб турган. Афсуски, жадидчилик ҳаракати намояндаларидан бири бўлган маърифатпарвар олим номи кўп йиллар давомида унутилиб, расмий рўйхатларда тилга олинмай келинган. Унинг бой илмий ва ижодий мероси фақат ХХ аср сўнгига келибгина тадқиқ этила бошланди. Кейинчалик Саидризо Ализоданинг набираси Фарҳод Ализоданинг қарийб 50 йиллик изланишлари самараси ўлароқ, унинг қабри Самарқандга олиб келинди, уй-музейи ташкил этилди. Олимнинг ҳаёти ва ижодига оид қўлёзмалар, архив ҳужжатлари, газета-журналлардаги мақолалари жамланиб, илмий жамоатчиликка тақдим этилди. Бугун Саидризо Ализода номи миллий уйғониш тарихи билан боғлиқ ҳолда яна тикланмоқда. Унинг маърифатпарварлик ғоялари эса ёш авлод учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилмоқда.
Тадбирда Саидризо Ализода номи берилган 14-мактаб ўқувчилари томонидан ижодкорнинг асарлари ва ҳаётига оид маълумотлар тақдим этилди ҳамда олимнинг бюсти пойига гуллар қўйилди.