Мен «халқ душмани»нинг боласиманми?
Бугун маърифатпарвар олим, шоир ва таржимон Саидризо Ализода таваллуд топган кун. У 1887 йил 15 февралда Самарқанд шаҳрида туғилган.
Тақдирнинг мурувватини қарангки, 1937 йилда авж олаётган қатағон вақтида жадид Саидризо хонадонига, аниқроғи, ўғли Тағига Худо ўғил ҳадя этди. Неваралари кўп бўлса-да, бобо чақалоққа алоҳида меҳр қўйди, уни шифохонадан фойтунда ўзи олиб келди ҳамда Фарҳод исмини берди. Надоматлар бўлсинким, кўп ўтмай бу мурувват қувончи оила учун узоқ давом этган изтиробга айланди. Суюкли неварасининг чилласи чиққан куни Саидризо Ализодани халқ душмани сифатида қамоққа олишди. Нафақат оила, балки бутун сулола НКВДнинг нишонига айланди, айбсиз айбдор сифатида ташвишлар гирдобида қолди.
Ҳибсхонадаги бобоси, ҳар куни терговга қатнаётган отаси ва амакилари ортидан онасининг қўлида бораётган гўдак мавриди келганда Ализодалар шаъни учун машаққат чекиши, жадид бобоси номини оқлашга эришиши, Самарқандга Сибирдан унинг қабрини кўчириб келиши ҳамда Саидризо имзосига оид газета ва китобларни ахтариб дунё кезишини хаёлига ҳам келтирмасди.
Гарчи илгари бу ҳақда матбуот ва китобларда кўп бор ёзилган бўлса-да, биз алломанинг туғилган куни олдидан Фарҳод ака билан маърифатпарвар бобоси, буюк жадид меросини топиш йўлидаги заҳматлари ҳақида юракдан суҳбатлашишга ҳаракат қилдик.
Сургун
Саидризодан: «Мени Россия турмаларидан бирига жўнатишар экан, иссиқ кийимларимдан келтиринглар, иложи бўлса...» деган хабар келгач, оиладагилар дарҳол тайёргарлик кўрдилар, Самарқанд шаҳридаги турмага қараб йўл оладилар. Аксига олиб ўша йили қиш забтига олганди. Турмада маҳбуслар билан ўзбек тилида гаплашиш мумкин эмаслиги учун келин ҳам чақалоғи билан бирга боришга мажбур бўлади. Чунки Фарҳод аканинг онаси озарбайжон миллатига мансуб бўлиб, рус тилида яхши сўзлашган. Улкан турманинг темир дарвозасидаги ёнғоқ катталигичалик тирқишдан сўзлашган аёллар отасининг шу қисқа фурсатда қанчалик озиб-тўзиб кетганини ҳис қиладилар. Саидризо Ализода келинидан тирқишдан неварасининг бармоқчаларини узатишини сўрайди, гўдакнинг қўлчаларини ушлаб, намланган кўзларига суртади ва дарвоза ортида турган яқинларига «Ҳали ёруғ кунлар келади, шу неварам кўп яхшиликлар келтиради», дея хайрлашади.
Икки афтодаҳол аёл турмадан қайтар экан, ўқимишли, маърифат тарқатиб юрган оталари албатта, тез орада ёнимизга қайтади, деган умид билан исинишди. Аммо улар бу умидлари пучга чиқишини, олдинда уларни ҳали бундан-да оғир қийинчиликлар кутаётганини тасаввур қила олмасди, ота айтган ёруғ кунлар келишига эса неча қаҳратон, неча қовун пишиғи ўтиши кераклигини билмасди улар.
Саидризо Ализода 1887 йил 15 февралда Самарқандда туғилган. Отаси ҳожи мир Махсум эронлик бўлиб, 1882 йилда Хуросондан Бухорога, сўнгроқ Самарқандга кўчиб келган. Саидризо Ализода олти йил Самарқандда мадраса таҳсилини олган, бир муддат отасига гилам сотишда ёрдамлашиб турган, бир рус зобити билан танишиб қолиб, унинг маслаҳати, кўмаги билан Демуров босмахонасига ҳарф терувчи бўлиб ишга кирган, худди шу касб уни матбуотга ошно қилган, унга бир умр содиқ қолган.
Саидризо Ализода ўзбек, тожик, рус тилларида матбуотга хат, мақолалар ёзиб туради, «Самарқанд» газетаси, «Ойина» журналида Беҳбудийнинг яқин ҳамкори бўлади, «Телеграф хабарлари» номли варақани ўзбек тилида ўз ҳисобидан чиқаради (1914), «Шарқ» газетасига муҳаррирлик, «Ҳуррият» газетасида таржимон ва мухбирлик (1917), 1922 йилдан «Зарафшон» газетасида бўлимга мудирлик қилади, «Овози тожик» газетаси асосчиларидан бири бўлади, унга масъул котиблик қилади. 1919 йили ўша давр руҳига мос «Шуълаи инқилоб» номида ҳафталик журнал ташкил этади ва уни бошқаради. Форс ва тожик тилларида нашр этилган, адади 4 минг нусхага яқин бўлган ушбу мажалла Ўрта Осиё, Кавказортидан ташқари, Афғонистон, Эрон, Туркия, Ҳиндистон, бир қанча араб мамлакатларига тарқалган эди.
«Халқ душмани»нинг боласиман...
Уйда келин, Фарҳод аканинг онаси қўлида гўдаги ва тўрт фарзанди билан катта ҳовлида қолишади. Негаки нафақат Саидризо Ализода, унинг яна икки укаси ҳам халқ душмани сифатида бир неча йилга “кесилиб" кетишди.
- Каттаси эндигини тўққиз ёшга кирган, қўлида чақалоғи билан боқувчисиз қолган волидамнинг ўша пайтдаги аҳволини тасаввур қилаверинг, - дея ўтмишни худди кечагина содир бўлган воқеалардай эслаб ҳаяжон билан гапириб беради Фарҳод ака. – Мен 3-4 ёшга кирганимда онам «8 март» фабрикасига ишга чиқади. Урушнинг илк йиллари онамнинг ҳали кун ёришмай узун таёқ кўтариб ишга кетаётганларини ҳозиргача эслайман. Уйимиздан пиёда, айниқса, қишда лой, қор қоплаган кўчалар, оч итлар ҳужум қилиб қолишидан қўрқиб, соат саккизга қадар ишга боргунча бир соат кетарди. Ишга беш дақиқа кечиккан турмага равона бўларди. Замон оғир эди. Дўкондан 20 грамм нон кам чиққани учун 10 йилга «кесилиб» кетганди рус миллатига мансуб бир янгам. Амаким рафиқасини қамоқдан чиқишини 10 йил кутди. Шафқатсиз йиллар эди...
Ҳарқалай яхши одамлар ёрдамида кун кўрдик. 7 ёшга тўлганимда Самарқандда бир юқумли касаллик тарқалади. Онам шу иллатга чалиндилар, узлуксиз ҳароратдан ранглари сарғайиб кетди, уйда пул ҳам, егулик ҳам тугаган. Шунда онам зўрға ўринларидан туриб, ичкари уйдан, бир даста газета чиқариб, уларни бозорда нос сотгичларга пуллаб келишимни айтдилар. Ундан тушган пулга дори ва егулик олишим керак.
Ўша пайтлари аҳоли «кукушка» деб атайдиган транспорт вокзалдан Сиёб бозоригача, эрталаб ва кечқурун қатнарди. Мен эса қоқ тушда йўлга чиққанман. Хуллас, бозорга бориб, газетани энди сота бошлаганимда форма кийган одам чайқовчилик қиляпсан, деб қўлимдан тортиб, бир қоп-қора машинага ўтқазиб қўйди. У ерда мендан бошқа, ёши катта одамлар ҳам бор эди. Гап-сўзлардан англадимки, ўша куни НКВД ходимлари бозорда чайқовчилик қиляпти, деган гумонда бўлганларни ушлаб кетаётган экан. Куннинг қизиғида машинани ичида қарийб кечгача ўтирдик. Кейин ҳибсхонага олиб боришди. Камерага кираётганимда ёши улуғроқ бир киши менга раҳми келди, шекилли, эгнидаги яктагини тўшаб, жой ҳозирлади, шу ҳолимча ухлаб қолибман. Турганимдан сўнг сўроққа чақиришди.
- Нега газета сотдинг?
- Уйда онам касал, пулимиз йўқ.
- Эркак киши йўқми уйда, боқувчиларинг ким?
- Улар қамоқда...бобом, дадам...
- Уларам ўғридирда, ўғрининг боласи экансанда!
- Йўқ, улар халқ душмани...
Шундай дейишимни биламан, чакагимга шунақа мушт урилдики, ҳалиям унинг зарбини эслайман. Бурним қонаб, ерга ағанаб тушдим, унинг қаҳр билан «халқ душманининг боласимисан?» деган гапи қулоғимда қолди. Оқу қорани яхши танимаганимданми соддаликми, билмадим, бу гапни айтиб юборганман. Менга тунги соат 2 ларда жавоб беришди. Ярим кечаси, кўчалар қоп-қоронғу, оч-наҳор, дорисиз уйга етволишим керак. Ярим йўлга етганимда, мени излаб йўлга чиққан, бечора онажонимга дуч келдим.
«Саидризо Ализода ноҳақ қамалган»
Дадам, амакиларим эртароқ чиқди. Совуқ ўлкаларда ўрмондан кесилган дарахтларни дарёдан олиб ўтиш билан шуғуллангани учун нимжон, яримжон бўлиб қайтдилар. Ҳаёт давом этаверар экан, аста-секинлик билан изга туша бошлади. Аммо бобом қайтмади...
Самарқанддаги 14-мактабни тугатдим, кейин армияга кетдим. 1959 йилда Ивановода хизматни ўтаб, армиядан қайтиб келганимда, отам мени бир мактуб билан кутиб олдилар. Саидризо Ализода ноҳақ қамалган деган, мазмундаги мактубни дадам билан йиғлаб ўқидик. «Мен ҳаммасини суриштираман, ҳаммаларингиз оқланишларингиз керак! Мен армияда биттагина арзимас айбим учун уч кунгина карсерга тушгандим. Уч кун бир асрдай туюлганди. Сиз шунча йил қандай чидадингиз дада, ахир? Қилдай айбингиз бўлса ҳам алам қилмайди, ҳеч бир айбсиз одам қандай бардош бериши мумкин бу азобларга? Бобом-чи? Унинг айби мактаб очгани, маърифат тарқатганими? Совуқ ўлкаларда хор бўлиб...». Алам билан айтган гапларимга дадам титраб, аммо босиқлик билан бир оғиз жавоб бердилар, холос. «Ўғлим, уч кун бўлсаям, камера нима эканлигини кўрибсан. Бошқа кўрма, илтимос. Замон ҳали нотинч...».
Ҳақсизликларни кўравериб, юрагини олдириб қўйган отам бечора бу хатдан хурсанд бўлишниям, куюнишниям билмай ўтирганди аслида. Бу орада тақдир мени Озарбайжон юртига ризқ топишга йўллади. Онам озарбайжон миллатига мансуб аёл бўлгани учун қариндошларимиз ёнида ўқиб, ишлашимга яхши имкон бўлади, деган ниятда Бокуга қараб йўл олдик. Каспий денгизининг Озарбайжонга тегишли қисмида нефть-газ разведкаси билан шуғулланувчи трестда узоқ йиллар геолог бўлиб ишладим. Онам анча кексайиб қолганлари учун яна Самарқандга қайтдик.
Туш
1977 йилнинг баҳор ойларида бир туш кўрдим. Бобом оппоқ кийимда, чорраҳадаги мана шу уйда, дея аниқ таъриф билан бир ҳовлини айтдилар. Ўша ерда менинг китобларим бор, уларни уйга олиб келиб қўй, дедилар. Дадамга бу ҳақда айтгандим, у уйни билишларини, унда яшовчи киши билан бобом бирга ишлаганларини айтди. Буни қарангки, кейинги кун яна айнан шу тушни кўрдим. Кейин аниқ шаҳд билан дадамни олиб, ўша ҳовлига бордик. Аввалига уй эгалари унашмади, аммо аниқ фикрларни айтганимиздан сўнг, ичкарига таклиф этишди. Ростдан ҳам бир жавон китоблар орасида бобомга тегишли бўлганлари ҳам бор экан, уларни кўзда ёш билан уйга олиб келдик. Шундан сўнг бобом ҳаёти билан боғлиқ барча воқеликларни тиклашим, унинг номини оқлашим кераклигини чуқурроқ англадим.
Ўша йили Россияга қараб йўл олдим. Биринчи навбатда бобомнинг хокини ватанига қайтаришим керак! Москвадан 180 километр узоқликда жойлашган Владимир турмасига бориб, қайси эшикларга бош уриб, кимлар билан қадрдонлашиб кетганларимни айтиб берсам, шунинг ўзи бир китоб бўлади. Аммо бир нимани айтишим керак: қаерга бормайин, бобомнинг амалга оширган ишларини эшитганларнинг ўзи ёрдамга чоғланди. Чунки ўзбекистонлик оддий фуқаронинг Владимир турмахонасигача бориб, у ердан бобосини хокини, «дело»сини олишдай ишни амалга ошириш ўша йиллар учун осон эмасди. Эсимдан чиқмайдигани, бобомнинг делосини кўздан кечираётган қамоқхона хўжайини бир кекса аёлни ҳузурига чақиртириб, Ализода ҳақида сўрай бошлади. «Ҳа, ўша пайтлар мен ишлаганман, Саидризо Ализода дунёқараши жуда кенг инсон эди, бир неча тилларни билишидан ҳайратланганман. Қамоқхона кутубхонасига жуда кўп келарди...» Ўшанда бу кекса аёл кўзимга қадрли инсонимдай кўринди.
7877 рақамли дело
7877 рақамли делони менга 15 йил давомида ҳеч кимга кўрсатмаслик шарти билан беришди. Эҳҳе, ундаги гапларнинг ўзи бир илмий ишга манба бўлади.
Бобомнинг хокини олиб кетишга рухсат беришди, аммо бунинг учун Самарқанд вилояти расмийларидан шу инсоннинг хокини беришингизни сўраймиз, деган битта расмий хат керак экан. Мен бу хатни олиш учун нақ ўн йил кутдим. 1987 йилда яна Владимир турмасига қараб йўл олдим. Ўн йил олдин дўст тутиниб, кези келганда совға-саломлар билан кўнглини олган инсонларим бормикан, улар энди айтган гапларида туришармикан, деган хаёлда ҳадик билан бордим. Шукурки, турма раҳбарлари ўзгариб кетган бўлса ҳам ишим ҳал бўлди. Дело рақами билан рақамланган қабртоши икки аскар томонидан кавланди. Аксига олиб эрталабдан бошланган ёмғир тинмади ўша куни. Аскарлар қабрни ковлагунча жиққа ҳўл бўлди, уларга раҳмим келди, ўзим тушдим қабрга. Фақат суякларгина қолган, уларни шунчалик авайлаб ўзим олиб борган идишга тердикки, бундай «заргарлик»дан нафақат кўзимиз, балки қалбимиз ҳам йиғлаётганини сезгандай ёмғир тинмасди...
Хуллас, юракда юк бўлиб турган биринчи иш уддаланди: маърифатпарвар бобомнинг қабри Самарқандга келтирилиб, "Панжоб" қабристонига дафн этилди. Москвага борган йилларим бирон дақиқа вақтимни бекор кетказмадим. Ленин кутубхонасидан бобом ишлаган, нашр эттирган газеталарни изладим, топдим, нусхалатдим. Хориж давлатларида бобомнинг асарлари сақланаётган кутубхоналар манзилини билгач, яна тинчим бузилди. Элчихоналар, консулларга мурожаат эта бошладим. Афсуски, эски, кам нусхадаги китоблар билан боғлиқ масалалар давлат миқёсида ҳал бўлар экан. Ўша мамлакатлар раҳбарларига хат ёздим. Барча масалани Москва ҳал қиладиган бир пайтда кейин билсам, менинг мактубларим Ўзбекистондан нарига ҳам чиқмаётган экан. Москвага бориб хат ёздим. Кўп давлатларда бўлдим, китобларни топдим, келтирдим, ўзимдаги маълумотлар, архивим кенгая бошлади.
Саидризо Ализода 1937 йил декабрда сиёсий чақув натижасида ҳибсга олинади, 8 йил Самарқанд - Тошкент - Тоболск - Владимир турмаларида ўтириб, 1945 йил 24 декабрида сил касалидан вафот этади.
9-қаватдаги учрашув
Ўтган асрнинг 80-йилларида «Ленин йўли», ҳозирги «Зарафшон» газетасида кичик хабар эълон қилинганди. Унда Самарқандда яқин кунларда Шарқ ва Осиё давлатларининг маданий кенгаши ўтказилиши айтилганди. Озарбайжондан ҳам вакиллар келишини билиб, ўша куни тўғри меҳмонлар жойлашган меҳмонхонага борди. Озарбайжонлик вакиллар 9-қаватда экан, кўтарилиб, эшикни тақиллатсам, бир аёл эшикни очди. "Менга Жаъфарзода керак", дедим." Менман", деди аёл. Тўғриси, бироз ноқулай аҳволга тушдим. Чунки эълонда озарбайжонлик вакиллар А.Жаъфарзода бошчилигида келади, дейилганди. Эркак киши деб ўйлаб, меҳмонхонага тўғри келаверганим учун узр сўрадим. Хонага кирсам, шоира Зулфия, яна қирғизистонлик шоира ҳам бор экан. Азиза Жаъфарзода эса ўша пайтлар Озарбайжондаги хотин-қизлар қўмитасининг раиси экан. Муддаомни айтдим. Бобомнинг озарбайжон тилида мақолалари, китоблари эълон қилинганини, бу ҳақда озарбайжон зиёли қатлами хабардор бўлиши кераклигини билдирдим. Азиза хоним аввалига ишонқирамади, мен китобларни олиб боргандим, кўрсатганимдан сўнг ҳайратини яширмади.
Кейинчалик Жаъфарзоданинг ташаббуси билан Бокудан Самарқандга мухбир келди. Журналист Саидризо Ализода билан боғлиқ кўплаб маълумотларни тўплаб кетди, у кишини кўрган инсонлар билан суҳбатлашди, каттагина манба билан ватанига қайтди ва кейинчалик улар асосида китоб чоп этди. 1992 йилда Озарбайжонда жадид бобомнинг 85 йиллиги кенг нишонланди, мен ҳам бу анжуманда иштирок этиб келдим.
Фарҳод Ализода - жонли энциклопедия
Мен бунга ишонч ҳосил қилдим. Бобосининг илмий мероси баҳонасида жадидлар билан боғлиқ тарихни мукаммал ўрганган Фарҳод Ализоданинг елиб-югуришлари билан Саидризо Ализода уй-музейи ташкил этилди, Самарқанд шаҳридаги 14-умумтаълим мактаби ва кўча улуғ маърифатпарвар номи билан аталди, кўча бошига бюсти ўрнатилди.
Бу ишларга бутун умрини сарфлаяпти Фарҳод ака. У киши билан гаплашаркансиз, катта бир тарих китоб ўқиётгандай бўласиз. Шу ёшида ҳам армиядаги командири дейсизми, биринчи синфда дарс берган ўқитувчисими ёки ўша йиллари ўзи юрган кўчалар номларими, қайси давлатда, ким билан учрашгани ҳаммасини, номма-ном, исм-фамилияси билан адашмай айтиб беради. Тирик энциклопедия! Ўжарлиги, қайсарлиги ҳам бор гап. Мақсадидан ортга чекинмайди. Эҳтимол, шунинг учундир, бугун музейда йиғилган маълумотлар нечта бир илмий ишга манба бўлиши мумкин. Покистон, Эрон, Туркия каби давлатларда бўлиб, бобосининг китобларини келтиришга муваффақ бўлади. Асли касби геолог кишининг бобоси ишларига бу қадар фидолик билан ёндашгани кишини ҳайратга солади. Ахир бобоси тугул отаси амалга оширган улуғ ишлардан бебаҳра ўтган фарзандлар камми? Бобосининг нима иш қилганини тушунмай ўтиб кетаётган неваралар оз дейсизми? Балки бобоси олис ўлкаларга кетаётиб, мурғак гўдакнинг қўлларини кўзига суртар экан, ҳаётига рўшнолик айнан шу невараси орқали келишини ботинан сездиргандир. Ваҳоланки, бу инсон ҳам яхшигина касби орқали, кейинроқ эса ўзига яраша ҳурматга сазовор фарзандлари қанотида, тинчгина, хотиржам яшаши мумкин эди. Аммо 87 ёшида ҳам тинчгина яшамайди, ҳужжат варақлайди, китоб титкилайди, қайси китоби, қайси мақоласи, қайси рисоласи қаерда, ҳаммасини ёдида сақлайди. Мен эса бу инсонни маъдан қидирувчи эмас, маърифат қидирувчи геолог дегим келди. Ўзи эса кўнглимдаги фикримни лўнда қилиб ифодалади:
- Мен ҳамон бобомнинг хотирасидан қувват олиб яшайман!
Гулруҳ Мўминова.