«Зарафшон» газетасининг 110 йиллиги олдидан: Одамлар саломатликни сақлашда таҳририятга умид боғлаган
Бобом Сайидризо Ализода 1918 йилда «Меҳнаткашлар товуши» (ҳозирги «Зарафшон») газетасига муҳаррир бўлган.
Сўнгра муҳаррирликни Ҳожи Муинга топшириб, ўзи газета таҳририят ижодий кенгаши аъзоси ва мухбир сифатида фаолият юритган ва мактаблар учун дарслик ёзган, ёшларга сабоқ берган.
Отамдан бобомнинг муҳаррирлик, мухбирлик фаолияти ҳақида сўраганимда, 1920 йилларда бўлган бир воқеани айтиб берган эди. Ўшанда бутун дунёга хавф солган вабо касаллиги Самарқанд шаҳрига ҳам тарқалган, бу дард кўп одамларнинг ёстиғини қуритган экан.
Айни шу пайтларда газета аҳоли, жамоатчилик орасига кенг кириб борган, одамларнинг муаммоларини юқори ташкилотларга етказиш ва дадил ҳал этишда асосий воситалардан бири бўлган. Шунинг учун одамлар вабо касаллигига қарши курашишда газета имкониятларидан фойдаланиш, бу борада таҳририят шаҳардаги тажрибали табиб ва докторлардан иборат гуруҳ ташкил қилишини илтимос қилишган. Бош муҳаррир Ҳожи Муин бу масъулиятли вазифани бажаришни бобом Саидризо Ализода зиммасига юклаган.
Бобом тезда соғлиқни сақлаш идоралари билан келишган ҳолда шаҳарнинг Панжоб ҳудудидаги эски мадрасада 11 нафар врач, тажрибали табиб ҳамда маҳалла оқсоқол ва фаолларидан иборат комиссия ташкил қилган. Беморларни даволашга киришган табиблар орасида афғонистонлик машҳур табиб Атауллохон, Доктор Фарҳодий, шунингдек, Забелин, Дейч, Мерлес каби европалик докторлар бўлган. Улар хавфли бўлишига қарамасдан, шаҳарда ҳар бир касалнинг хонадонига кириб, даволаган.
Мен архив идораларидан Саидризо Ализода билан боғлиқ ҳужжатларни қидирганимда, «Меҳнаткашлар товуши» газетасининг бир сонида мана шу комиссия тузилганлиги натижасида Самарқанд шаҳридаги юзлаб одамлар ўлим ва касалликдан қутулгани ҳақида маълумот ўқидим. Бу, албатта, газетанинг кучи, ўрни, қолаверса, зарур вақтда матбуот нашри инсон саломатлигини сақлашда ҳам асқотишидан даракдир.
Фарҳод Ализода,
СамДУ фахрий профессори.