Англия жосуслари боши учун катта пул ваъда қилган самарқандлик олим

Бу инсон 1917 йилда кўҳна кентда араб графикаси асосида нашр этилган биринчи ўзбек ва тожик алифболарининг муаллифи бўлган. Озарбайжон, рус, форс, араб, инглиз, немис, француз, итальян ва иброний сингари 10 дан ортиқ тилларни яхши билган энциклопедик билимларга эга Марказий Осиёдаги йирик олим рус ва инглиз жосусларида "катта" қизиқиш" уйғотган.

С.А. ва бошқа 20 га яқин тахаллуслар билан ижод қилган бу инсоннинг номи узоқ вақт ватандошларимизга ҳам номаълум бўлиб келган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Сайди Умировнинг ёзишича, қомусий билим соҳиби журналист, ношир, шоир, тилшунослигидан ташқари муаллим, мураббий, муҳаррир, мутаржим, муғанний, муаррих, актёр ва режиссёр ҳам бўлган. Унинг 500 га яқин асари таржималари нафақат Марказий Осиё, балки Эрон, Покистон, Афғонистон, Туркия, Озарбайжон, Тожикистон, Татаристон ва Қримда чоп этилган.

 Буюк мутафаккирнинг дунёга келиши

Саидризо Ализода 1887 йил 15 февралда туғилган. Олти йил мадрасада ўқиган. 1904 йилда у янги турдаги жадид мактабида дарс беришни бошлаган. 1906 йилда деҳқонлар фарзандлари учун мактаб очган.

1916-1922 йилларда Беҳбудийнинг "Падаркуш", Молернинг "Зўраки табиб", Узеир Ҳожибековнинг "Аршин мол олан", "Лайли ва Мажнун", "Асли ва Карам", Ҳусайн Жовиднинг "Шайдо", "Шайх санъон" асарларини саҳнага қўйишда қатнашади, актёр сифатида айрим ролларини ижро этади.

Самарқандда яшайдиган руслар учун кечки курслар очиб, ўзбек ва форс-тожик тиллари ўқитади. Демуров босмахонасига ҳарф терувчи бўлиб ишга кирган. Матбуотда фаол меҳнат қилган.

1933 йилдан Самарқанд давлат университетида араб ва форс тилларидан дарс берган профессорни 1937 йилда жосусликда айблаб, ҳибсга олишади. Икки йил давом этган терговда ҳеч қандай далиллар топилмаса-да, сохта айблов билан у беш йилга озодликдан маҳрум қилинади. Кейинчалик бу муддат узайтирилади. Самарқанд-Тошкент-Тоболск-Владимир турмаларида ўтирган Саидризо Ализода 1945 йил 24 декабрида сил касалидан вафот этади.

Қисқача тарих шундан иборат. Аммо бу маълумотлар қомусий олимнинг бутун ҳаётини, шахсиятини, ундан олинадиган ибратни очиб беролмайди.

 Ёшлар учун ҳақиқий кумир

Ализода ҳаёти билан танишаркансиз, у бугунги ёшлар учун том маънодаги ибрат бўла олишига ишонч ҳосил қиласиз. Негаки, бу иқтисодий қийинчилик даврида, қолаверса, бугунгидай ахборот технологиялари бўлмаган бир вақтда 10 дан ортиқ тилларни ўрганган.

Эътиборлиси шуки, у аксарият тилларни мустақил ўзлаштирган. Олган билимлари натижасида улкан таржимонлик мактабига асос солган. Оддий мисол, унинг “Меҳробдон чаён” романини тожик тилига қилган таржимасига ўқувчи ва мутахассислар асар тожик тилида ёзилгандай таассурот қолдиришини билдирган.

Садризо Ализода "Капитан қизи", "Борис Годунов", "Дубровский", "Евгений Онегин", "Тирилиш", "Ревизор", "Очилган қўриқ", "Цемент", "Пўлат қандай тобланди" асарларини русчадан ўзбек, форс, тожик тилларига ўгирган, французчадан Молер, Мопассан, инглизчадан Эптон асарларини таржима қилган. Ибн Сино, Фирдавсий, Низомий, Фузулий, Навоий асарларидан рус тилига таржималари мутахассислар томонидан эътироф этилган.

Мантиқ чегарасини бузиб ташлаган

Аллома фаолияти, унинг ижоди билан танишаркансиз, бу фикрга тўлиқ қўшиласиз. Чунки, у қисқа умри давомида мактаблар учун 12 та дарслик ёзган, дастурлар тузган.

Таржималарини қўшмаганда ҳам қамоққа олинишидан аввал ёзган 3 та китоби, кейинчалик Лоҳурда чоп этилгани, қўлёзмалари шунчаки қораламалар бўлмаганидан далолат беради.

Ализода мантиқ чегарасини бузгани ҳақида гап кетганда у космосга оид алоҳида китоб ёзганини ҳам мисол келтириш мумкин. Технология ривожланган, илм олиш учун имкониятлар кенг бўлган бугунги даврда ҳам фазо илми борасида кучли мутахассислар бармоқ билан санарли. Бироқ ўша даврда Ализоданинг бу борада ёзган китоби 2000 йилларда Россия космонавтикаси музейлари ассоциацияси (АМКОС) томонидан ҳам юқори баҳоланган.

 

Лавозимгамас, хизматга шай турган

Тарихда шундай мисол бор: машҳур аллома, етук олим, ҳазрат Абу Ханифага қозилик лавозими таклиф қилинади. Аммо Имом Аъзам бу таклифни рад этган экан.

Тақдирни қарангки, Ализода ҳаётида ҳам айни шунга монанд воқелик юз беради. Яъни, ўтган асрнинг 20-йилларида бир қатор қўшни давлатлар – Эрон, Туркия, Афғонистонда Ализода юқори лавозимларга таклиф қилинган. Масалан, Афғонистоннинг биринчи президенти Омонуллоҳ Хон Ализода ушбу мамлакатда таълим ва матбуотни ўрнатиш соҳасида ишлашга таклиф қилади. Бунда олимнинг розилигини олиш учун ҳатто икки марта ўзининг маслаҳатчиси Муҳаммад Довудни Самарқандга юборган, аммо Саидризо Ализода ҳар сафар таклифни миннатдорчилик билан рад этган.

Бундан у нима ютди, деган савол туғилиши табиий. Маълумотларга кўра, Ализоданинг илмий фаолияти фақат таржима билан чекланмаган. У "Туркистон тарихи", "Ислом тарихи", "Диний қонунлар" илмий асарлари муаллифи. Икки жилдли 61 минг сўзни ўз ичига олган биринчи русча-тожикча луғатни тузган.

Туркистон мактаблари учун арифметика, тарих, география, астрономия, табиатшунослик ва араб грамматикаси бўйича дарсликлар ёзган.

 Ҳали кўп ва хўп ўрганилиши зарур

Саидризо Ализодани элга танитишда, аввало, геолог набираси Фарҳод аканинг, қолаверса, йирик олим, Ғайбуллоҳ ас-Саломнинг хизматлари катта. Тўғри, кейинчалик ҳам жадидчиликни тадқиқ этган олимлар у кишининг ижоди билан қизиққан.

Бироқ Ализода ҳали чуқур ўрганилиши, асарлари, илмий фаолияти тадқиқ этилиши керак. Қолаверса, алломанинг бугунги авлод учун ибрат қилиб кўрсатишга арзигулик сифатлари шу қадар кўпки, улар фақат ўрганишни, илмий мулоҳазаларни тақозо этади.

Бундан ташқари, Англия разведкаси жосуслари унинг боши учун 50 минг фунт-стерлинг мукофот ажратган, дейилади. Хорижда машҳур бўлган аллома большевиклар томонидан халқ душманига чиқариб, ҳибсга олинади. Бундай драматик тақдирнинг ўзи ҳақида том-том асарлар ёзилса арзийди.