Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир

FOTO: gazeta.uz
Сўзларга бой, гўзал она тилимиз бор. Унга амал қилиш, софлигини сақлаш “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида”ги Қонуни билан мустаҳкамланган.
Фуқароларни сўз эркинлиги фикрини очиқ ифодалаш ҳуқуқлари таъминланган. Аммо бу эфирда, матбуот саҳифалари, сериаллар, репортажларда оғзига келганини гапиравериш, ажнабий сўзларни тиқиштиравериш, дегани эмас.
Афсуски, кейинги пайтлар, айниқса, телекўрсатувларда кишининг ғашини келтирадиган ажнабий сўзлар пайдо бўлмоқда. Ваҳоланки, бу сўзларнинг ўзбек тилида ўз номи, миллий атамалари мавжуд. Мисол учун, “ёқимли иштаҳа” ибораси бу рус тилидаги «приятный аппетит» иборасининг тўғридан-тўғри таржимаси. Миллий урф-одатларимизга кўра, таом тановули чоғида «ёқимли иштаҳа» эмас «ош бўлсин!», дейилади.
Футбол ўйинларини шарҳловчилар тилидан “рикошет”, “дарвозабондан сейф”, “фол” деган мужмал сўзлар тушмай қолди. Барака топгурлар, ўз тилимизда “дарвозабон маҳорат кўрсатди”, “ўйин қоидаси бузилди”, “тўп ўйинчи оёғига тегиб, йўналишини ўзгартирди”, деган сўзлар бор-ку!
Уч-тўрт бошловчи эрта тонгдан соатлаб сафсата сотувчи, бир-бирига ўхшаш телекўрсатувлар томошабинларнинг энсасини қотиради. «Кетвотти», «борвотти», «сан нима қивотсан?», «кевотти», «ичвотти» ва ҳоказо сўзлар одат тусига кирганига нима дейсиз? Телевизорни миллионлаб томошабин кўради. Бадиий кўрсатув бўладими, ижтимоий мавзуларми, рекламами, “Давлат тили ҳақида”ги Қонунга амал қилиниши шарт.
Яқинда бир кўрсатув бўлди. Қандайдир “форум” бўлибди. Тавба, “анжуман”, “қурултой”, дейилса, бўлмайдими? Тўғри, форум жаҳон тилига айланган тадбирдир. Аммо мухбир иштирокчилар фикрини билиш учун микрофон тутганда, ҳаммаси бир сўзни тўтидай такрорлаши кишининг энсасини қотиради: «Форум бизга катта “мотивация” берди…». Нима бу? Олифталикми ёки ўзини билимдон қилиб кўрсатишга уринишми? Ўз тилимизда чиройли қилиб “Бугунги йиғин бизни ўз устимизда янада ғайрат билан ишлашга руҳлантирди”, деса бўлади-ку!
«Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир», деган нақлни унутмайлик.
Тўғри, тил доим амалиётда «ҳаракатланади», халқаро ижтимоий, маданий, савдо, спорт ва бошқа муносабатларда бир-бирини бойитиб, байналмилал мазмун касб этади. Лекин бу тилимизда номлар, атамаларнинг чиройли муқобил ифодаси бўла туриб, орага ажнабий сўзларни тиқиштиравериш, дегани эмас-да.
Тоғаймурод Шомуродов.