Суд амалиёти таҳлили: 2025 йилда фуқаролик низолари сони кескин ортди
                                                                        2025 йилнинг уч чораги давомида фуқаролик ишлари бўйича судларда 130 минг 828 та иш кўрилган ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15 минг 745 тага кўпайган.
Даъво тартибида кўриб тамомланган фуқаролик ишлари низо тури бўйича таҳлил қилинганда кредит қарздорлиги ҳамда қарз ундиришга оид кўрилган ишлари 9954 тани, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар 6780 тани, оилавий низолар 8676 тани, меҳнат низолари 603 тани, ер низолари 3146 та ва уй-жой билан боғлиқ низолар 1997 тани ташкил этганини кўриш мумкин.
Ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда оила низолари билан боғлиқ ишлар 1300 тага, ерга оид низолар билан боғлиқ даъволар 587 тага, уй-жой низоларидан келиб чиққан даъволар 512 тага ҳамда кредит ва қарз ундиришга оид кўрилган ишлар 245 тага кўпайган. Шу билан бирга алоҳида тартибда кўриладиган аризалар 102 тага, меҳнат низолари билан боғлиқ даъволар 38 тага камайган. Тўққиз ойда никоҳдан ажратиш билан боғлиқ 6780 та иш кўрилди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 480 тага кўпайди. Афсуски, оилавий низолар ва ажримлар билан боғлиқ ишлар йилдан-йилга кўпаймоқда. Никоҳдан ажратишга доир даъволарнинг 3076 таси (45 фоизи) қаноатлантирилди, 2957 таси эса рад қилинди.
Йилнинг уч чораги давомида фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан Мажбурий ижро бюроси ҳудудий бўлимларига жами 1 триллион 482 миллиард сўмлик (308 минг 855 та иш бўйича) ижро ҳужжати юборилиб, қарийб 594 миллиард сўми ундириб берилган.
Вилоят судининг апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияларида туманлараро, туман ва шаҳар судларининг жами 1893 та ишлари кўрилиб, 338 та ҳал қилув қарор(ажрим)лари бекор қилинган, 78 таси ўзгартирилган.
Бу даврда туманлараро суди ҳар бир судьянинг ўртача ойлик иш ҳажми 484,5 тани ташкил қилган.
Судлар томонидан 226 та иш бўйича тарафлар яраштирилгани сабаб, фуқаролик ишлари иш юритувдан тугатилган.
Фуқаролик ишларининг 320 таси ёки 0,9 фоизи сайёр суд мажлисларини кўрилган.
Зафар Аллабоев,
вилоят суди раисининг ўринбосари - фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси.