Фуқаронинг оёқ кийимида яширилган заргарлик буюми, қимматбаҳо тош бўлаги борлиги аниқланди

Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг “Жартепа” чегара божхона пости орқали кириб келган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Б.М.нинг хатти-ҳаракатлари шубҳа уйғотганлиги сабабли унга тегишли бўлган сумка ва буюмлари “Rapiscan 624XR” рентген аппаратидан ўтказилди.

Рентген аппарати фуқаро оёқ кийимининг товон қисмида номаълум буюмлар борлигини маълум қилди. Сўнгра ушбу оёқ кийими холислар иштирокида текширилганда, оёқ кийимининг ички товон қисмида устомонлик билан беркитилган заргарлик буюмлари борлиги аниқланди.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, фуқаро ушбу заргарлик буюмларини “Йўловчи божхона декларациясида” ёзиб кўрсатмаган ҳамда божхона ходимлари томонидан олиб борилган оғзаки сўровда ҳам маълум қилмаган.

Божхона назоратидан яширилган ушбу заргарлик буюмларининг умумий қиймати тахминан 13,7 миллион сўм бўлиб, умумий вазни 51 граммдан иборат заргарлик буюмлари, ҳамда 1 дона вазни 42 грамм, таркибида қимматбаҳо металл бўлган тош бўлаги борлиги маълум бўлди.

Ҳозирда, мазкур ҳолат бўйича текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.