Футбол, U-17 Осиё кубоги: Ёшларимиз Шимолий кореялик футболчиларга қарши майдонга тушади

Бугун Саудия Арабистонида давом этаётган U-17 Осиё кубогининг ярим финал учрашувлари бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон U-17 терма жамоаси КХДРга қарши баҳс олиб боради.
Рақибимиз бу босқичга қадар яхши ўйин намойиш этди, - дейди Ўзбекистон U-17 терма жамоаси бош мураббийи Исломбек Исмоилов. - КХДР юксак жисмоний тайёргарликка эга жамоа. Ушбу жамоанинг турнирдаги ўйинларини таҳлил қилганимизда, 90 дақиқа давомида тинимсиз прессингда ишлаётганига гувоҳ бўлдик. Бир қанча тактик хатолар ҳам кузатилган, бироқ уларга қарши осон ўйин бўлмаслиги аниқ. Ўз имкониятларимиздан фойдаланиб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.
- Бугун КХДР жамоасига қарши ўйин ўтказамиз, - дейди жамоа футболчиси Садриддин Ҳасанов. - Учрашувга 100 фоиз тайёрмиз. Насиб қилса, олдимизга қўйган мақсадларимиз йўлида ҳеч бир жамоа тўсиқинлик қила олмайди. Мураббийларимиз кўрсатмаси билан ҳар бир учрашувда боримизни берамиз ва ўзимизга юклатилган вазифаларни мукаммал тарзда бажаришга ҳаракат қиламиз.
Учрашув Тошкент вақти билан соат 22:15 да Тоиф шаҳридаги «Қирол Фаҳд» стадионида старт олади. Ўйин "Sport" телеканалида тўғридан-тўғри трансляция қилинади.