Газета ташаббуси билан спорт мусобақаси ўтказилди
Самарқанд шаҳридаги “Афросиёб” спорт мажмуасида вилоят “Овози Самарқанд” газетаси ташаббуси билан фудокан каратэ-до бўйича республика турнири ташкил этилди.
Газета ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан ўтказилган мусобақада самарқандлик спортчилар билан бирга республикамизнинг барча вилоятларидан ташриф буюрган 800 нафарга яқин каратэчилар турли ёш тоифасида беллашди.
Тадбирда аввалида сўз олганлар давлатимиз раҳбари томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг иккинчиси ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилганлигини алоҳида таъкидлади.
Беллашувда Тошкент шаҳри жамоаси умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўринни Жиззах вилояти спортчилари эгаллаган бўлса, учинчи ўрин Фарғона ва Қорақалпоғистон Республикаси каратэчиларига насиб этди.
Турнир ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов иштирок этди.
Ҳусан ЭЛТОЕВ.