Германия ниҳоят Украинага "Леопард" танкларини юборишга қарор қилди

ГФРнинг Украинага танклар етказиб бермаслик ҳақидаги қарори Ғарб ОАВлари таъкидлаганидек, НАТО иттифоқчилари ўртасида тушунмовчиликни келтириб чиқарди ва альянс бўлинишидан далолат бера бошлади. Бундан ташқари, Европа Иттифоқининг Украинага янги ёрдам пакети бўйича ҳалигача келишиб олинмаган.

Кеча, 25 январь куни Германия ҳукумати “Леопард-2” танкларини Украина армиясига жўнатиш тўғрисидаги қарор эълон қилинганини тасдиқлади.

"Иккита "Леопард-2А6" танк батальонини тезда Украина учун шакллантириш мақсади қўйилди. Бунинг учун Германия биринчи босқичда таркибига Бундесвер захираларидан 14 та "Леопард-2А6" танклари кирувчи рота тақдим этади. Қолган европалик ҳамкорлар, ўз навбатида, "Леопард-2А6" туркумига кирувчи танкларни етказиб беради. Пакет, шунингдек, логистика, ўқ-дорилар билан таъминлаш ва тизимларга техник хизмат кўрсатишни ҳам кўзда тутади”, - деб ҳукумат вакили Штеффен Хебештрайтнинг сўзларидан иқтибос келтирган ахборот агентликлари.

Германия, шунингдек, учинчи мамлакатлардан "Леопард"лар реэкспорт (бошқа мамлакатларга қайта сотиш учун илгари олиб кирилган товарларни мамлакатдан олиб чиқиш)га рухсат берди. Испания ҳам бугун Украинага танк жўнатиш ниятида эканлигини маълум қилди.

Украина интиқлик билан кутаётган иккита модель - немис "Леопард"и ва Америка "Абрамс"ларидир. Географик яқинлик туфайли Германияда ишлаб чиқарилган танклар мамлакат учун энг яхши вариант деб кўрилган.

Бу континентал Европадаги энг кенг тарқалган оғир зирҳли транспорт воситаси бўлиб, "Леопард-2" ўндан ортиқ мамлакатлар томонидан қўлланилади. Танк бошқа минтақаларда, масалан, Канадада ҳам мавжуд.

"Леопард-2" танки 500 км.гача бўлган масофада автоном ишлаб, максимал ҳаракат тезлиги соатига 68 км.ни ташкил этади. Бундан ташқари, "Леопард-2" танкларида ҳаракатланувчи нишоннинг траекториясини ҳисоблайдиган тунги кўриш ва ўқ отиш тизимлари мавжуд.

Украина президенти Ғарб давлатлари томонидан Киевга замонавий танклар топширилишини олқишлаб, уларни “танк коалицияси” деб атади.

Владимир Зеленский Германия ва АҚШга 45 та "Леопард" ва "Абрамс"ларни жанговар зонага юбориш қарори учун миннатдорчилик билдирди.

Киевда Ғарб танкларининг келиши Россия билан қарама-қаршиликда бурилиш нуқтаси бўлади, деб ҳисоблашади.

Москванинг таъкидлашича эса Берлин Вашингтон босими остида Украинага танклар етказиб беришга қарор қилган.

Бошқа давлатлар ҳам ўзларининг жанговар транспорт воситаларини бўлишиш ниятини билдирган. Умуман олганда, Украина турли дизайндаги 150 дан ортиқ Ғарбий танкларни олиши мумкин. Уларни етказиб бериш ва ўқитиш учун эса бир неча ой керак бўлади.