Гулкарам даромадидан маҳалласини бой қилган томорқачи
Нарпай туманининг Ўзбекистон маҳалласида яшовчи Ҳаким Расулов 2020 йилда “Намунали томорқачи” кўкрак нишони ва 2021 йилда “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланди. Оддий томорқачилик билан шуғулланувчи Ҳаким ака қандай қилиб бундай эътирофга сазовор бўлди?
- 2002 йилдан буён 20 сотих томорқамда йилига уч мартагача экин экаман ва оилам фаровонлиги ҳам шу томорқа даромадидан, - дейди Ҳ.Расулов. – 2010 йилдан бошлаб томорқамда гулкарам етиштиришни бошладим. Тажрибамдан кўрдимки, бу экин маҳалламиз иқлим шароитига тўла мос келади ва яхши ҳосил беради. Қолаверса, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида маҳалладошларимга ҳам шу экинни экиш, маҳсулот етиштириш, даромад олиш йўлларини ўргатиб, кўчатларини тайёрлаб беряпман. Ҳозирда маҳалламизнинг ўзида 60-70 дан ортиқ оила гулкарам етиштиришни йўлга қўйди ва меҳнати ортидан яхшигини даромад топяпти. Бундан ташқари, туманимизнинг бошқа маҳаллаларидан ҳам маслаҳат сўраб келган томорқачиларга бажонидил кўмак беряпман.
Тажрибадан келиб чиқиб 20 январдан 1 февралгача тўлиқ йиғма иссиқхонада полиэтилен плёнка остида гулкарам экаман. 20 сотих томорқага 7 мингта кўчат экилади ва май ойигача биринчи экинда ҳар бир кўчат ўртача 1 килограмдан ҳосил беради. Унинг килограмини ўртача 5 минг сўмдан сотаман. Кўряпсизми, бу пайтда айрим томорқаларда ҳали экинлар энди унаётган пайтда мен 35 миллион сўм даромадга эга бўламан. 1-10 майгача экиндан бўшаган томорқага аввалдан тайёрланган қизил карам ва бошкарам экаман. Иккинчи ҳосил анча салмоқли бўлади ва ҳар бир кўчатдан ўртача 5 килограмдан ҳосил олинади. Иккинчи ҳосилдан ўртача 25 миллион сўм атрофида даромад оламан. Сентябрдан томорқага салат барги ва бошқа кўкатлар экиб, декабргача 10 миллион сўмдан ортиқ даромад оламан.
Шу меҳнатим ортидан қизимни узатдим, янги уй қурдим, ўғилларим институтда ўқишяпти, иккита “Дамас” автомобили олдим. Бир томорқа меҳнатидан шунча даромадга эришдим. 2020 йилда “Намунали томорқачи” кўкрак нишонининг берилиши меҳнатимизга рағбат бўлганди, мустақиллигимизнинг 30 йиллик тантаналари арафасида Президентимизнинг фармонига асосан “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирландим.
Бу медал аввало, ризқ, эътибор ҳалол меҳнатда эканлигини англатади. 80 ёшга кирган онам бор. У киши ҳар доим ҳалол меҳнат қилишимни уқтиради. Онамнинг насиҳатларига кириб кам бўлмадим. Инсоннинг нияти яхши бўлса, у оддий томорқачи бўлса ҳам элда эъзоз топади, меҳнати эътироф этилади. Аслида юртимизнинг ҳар бир қарич ери бебаҳо. Унда меҳнат қилган киши кам бўлмайди, ризқини топади.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.