“Challenge Samarkand-2026”да 40 мамлакат триатлончилари беллашади
12-13 сентябрь кунлари Самарқандда триатлон бўйича “Challenge Samarkand-2026” халқаро мусобақаси бўлиб ўтади.
Ушбу мусобақа тўрт йилдан бери кўҳна кентда муҳим спорт тадбирига айланган.
Ўзбекистон триатлон федерацияси, Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, вилоят ҳокимлиги ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар кўмагида ташкил этилаётган мазкур нуфузли спорт тадбири олдидан мусобақа ташкилий қўмитаси аъзолари ва триатлон юлдузлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда жаҳон тоифасидаги профессионал триатлончилар – Николе Ван дер Каай, Сам Лаидлов, Сара Перез Сала, Даисй Давиес, Эмил Ҳолм, мамлакатимиз вакили Камрон Ходжаев ва бошқа таниқли спортчилар иштирок этиб, мусобақа ҳақида фикрларини билдирди.
Жумладан, Камрон Ходжаев “Challenge Samarkand-2026”да профессионал спортчилар қаторида иштирок этиш масъулияти ва ҳаяжонли бўлаётганини қайд этди.
– Нуфузли мусобақада Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиш кишига ғурур бағишлайди, – дейди Камрон Ходжаев. – Шу билан бирга бунинг жуда катта масъулиятини ҳис қилиб турибман. Мураббийларим кўмагида беллашувларга алоҳида тайёргарлик кўрдим ва юқори натижа қайд этиш учун астойдлик ҳаракат қиламан.
Анжуманда таъкидланишича, турнирда 40 та мамлакатдан 1450 нафар триатлончи иштирок этади. Мусобақада ўрта (Middle Distance) ва спринт масофалари, Women’s Run аёллар югуриши ва Kids Run болалар югуриши, шунингдек, кўнгилочар дастур ва турли кўргазмалар бўлиб ўтади.
Бугун, 11 сентябрь куни U-23 ёш тоифасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилди. 12 сентябрь куни дастлаб спринт йўналишида ҳаваскорлар беллашувлари старт олади. Кейин болалар ва аёллар пойгаси ташкил этилади.
Турнирнинг асосий баҳсларида профессионал спортчилар ўрта масофага 1,9 километр сузиш, 88 километр велосипед пойгаси, 21,5 километр югуриш беллашувларида маҳоратини кўрсатади.
Спринт йўналишида эса 750 метрга сузиш, 19 километр велепойга ва 5 километрга югуриш баҳслари ўтказилади.
Иштирокчилар турнир давомида “Silk Road Samarkand” халқаро туризм маркази ҳудуди, эшкак эшиш канали, шунингдек, “Боқий шаҳар” мажмуаси ва Самарқанд шаҳрининг тарихий масканлари бўйлаб белгиланган масофани босиб ўтади.