Қатағон даври қурбонлари хотирланди
СамДУ тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси ҳудудий музейида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 28 августда шаҳидлар хотираси майдонига ташрифи чоғида билдирган фикрларидан келиб чиқадиган вазифалар ҳақидаги масалалар муҳокамасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда самарқандлик совет тузуми қатағони қурбонларининг фарзанд ва набиралари, яқин қариндошлари, СамДУ тарих факультети талабалари иштирок этди.
Тадбирда турли айбловлар билан қамалган, вафот этган, юртига қайтмаган юртдошларимиз хотираси фарзандлари, опа-сингиллари ва яқин қариндошлари томонидан ёдга олинди. Улар ҳаёти ва қисмати ҳақида талабаларга сўзлаб берилди.
Қатаоғон қилинганлар орасида 1980 йилларда Самарқанд вилояти прокурори бўлган Абиддин Алибаев ҳам бор. Бугун у кишини ёдга олиш учун қизи, опа-сингиллари учрашувда иштирок этди.
1980 йилларда ҳам катта қатағон бўлган, дадам шу йиллар қатағони қурбони бўлди, - дейди Нилуфар Алибаева. – Айнан шу йилларда дадам 29 ёшида Самарқанд шаҳар прокурори сифатида тайинланган. Унгача Ўзбекистон республикаси Бош прокуратурасида ўта муҳим ишлар бўйича терговчи лавозимида ишлаган вақтида Наманганнинг Поп туманида фаолият юритган Аҳмаджон Одилов ишини тергов қилиш дадамга топширилган эди. 1984 йилда дадам Тошкентга терговга чиқарилиш жараёнига борганда ҳибсга олишган. Буни дадам жуда яхши билган. Дадам олти йилу эллик кун давомида тергов жараёнларида сақланган. Бу 6 йилу 50 кун қандай ўтганини биз яхши биламиз.
Уйимизни текшириб кетишган, ҳақоратлашган, турли тазйиқларга дучор бўлганмиз. Кейин дадамнинг талаби билан Тошкент шаҳрига қайтиб келганмиз. Тошкентга келганимизда Самарқанддаги мактабда немис тилини ўқиганлигим, мазкур мактабда немис тили ўқитилмаслигини баҳона қилиб, мактаб директори 4-синфгача ўқиб кетган мактабимга қабул қилинмаганим, 10-синфни битиргунимча директор томонидан “халқ душмани”нинг фарзанди сифатида муомала қилинганим хотирамга бир умрга ёзилиб қолган. 1990 йилларда тарихий адолатни тиклаш борасида муҳим қадамлар бошланди ва дадам ҳам бағримизга қайтди. Судда оқланган ва ишга тикланган дадам афсуски, қатор касалликлар орттирганди. Ва касалликлар натижасида 2014-йилда 62 ёшида ҳаётдан кўз юмди.
Тадбирда яна бир қатор совет даври қатағони қурбонлари фарзандлари, набиралари ва яқин қариндошлари иштирок этиб, оталари, боболари бошидан ўтказган қатағон кулфатлари, мустақиллик шарофати туфайли уларнинг номлари оқланганлиги, бу кунларнинг қадри ҳақида фикр юритдилар.