Самарқанд тадбиркорлари электрон бозорга чиқишга тайёрми?

Самарқанд шаҳрида вилоят ҳокимлиги, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ҳамда «Wildberries» электрон савдо платформаси ҳамкорлигида тадбиркорлар учун амалий семинар ташкил этилди.

Самарқанд вилояти мамлакатимизнинг йирик ишлаб чиқариш марказларидан бири бўлиб, 2026 йилнинг биринчи ярмида вилоятда 32,7 трлн сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилди. Вилоятда тўқимачилик, кийим-кечак, пластмасса буюмлари, қуритилган мева ва ҳунармандчилик маҳсулотлари каби йўналишлар яхши ривожланган.

Вилоятда айни пайтда 2 мингдан ортиқ ҳунарманд фаолият юритмоқда. 2025 йилда вилоят экспорти 1,2 млрд долларга етди.

Шу билан бирга, маҳсулотларнинг салмоқли қисми ҳануз анъанавий усулда, кўп ҳолларда воситачилар орқали сотилмоқда. Бу эса ишлаб чиқарувчининг якуний харидор ва бозордаги ҳақиқий талабни бевосита ўрганиш имкониятини чеклайди. Электрон тижорат эса ушбу занжирни қисқартириб, маҳаллий маҳсулотларни Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари ва хорижий бозорларга чиқариш учун янги имкониятлар яратади.

Семинарда электрон савдонинг ана шу афзалликлари, шунингдек, халқаро тажриба ҳақида маълумот берилди. Хусусан, Туркияда 2025 йилда 634 мингдан ортиқ корхона электрон тижорат билан шуғулланган, Россияда онлайн савдо ҳажми бир йилда 28 фоизга ўсган, Қозоғистонда эса электрон тижоратнинг чакана савдодаги улуши 14,3 фоизни ташкил этган.

Тадбирда «Wildberries» мутахассислари тадбиркорларга платформада сотувчи сифатида рўйхатдан ўтиш, маҳсулотни самарали тақдим этиш, товарларни етказиб бериш, сотув натижаларини таҳлил қилиш ва ассортиментни шакллантириш бўйича амалий тавсиялар берди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олиб, электрон савдони бошлаш бўйича дастлабки амалий кўникмаларга эга бўлдилар.