Ҳалоллик ва масъулиятлилик – бош мезон

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28 йиллиги ва Антикоррупцион ҳафталик доирасида 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш кунига бағишлаб тадбир ўтказилди.
Тадбирда Самарқанд давлат университети профессори Фарҳод Набиев, вилоят ички ишлар бошқармаси Коррупция ва иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш бўлими бошлиғи Шерзод Раҳимов ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ҳаётимизда тутган ўрни, коррупциянинг давлат ва жамият тараққиётига салбий таъсири, мазкур жиноятга етакловчи омиллар хусусида алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, виждон билан иш юритиш ва ҳалоллик ҳамда масъулиятлилик давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг фаолиятида бош мезон бўлиши лозимлиги, ушбу иллатга қарши курашда огоҳлик ва сергакликни бир зум бўлса-да сусайтирмаслик зарурлиги таъкидлаб ўтилди.
– Бугун барча соҳаларда, жумладан, давлат солиқ хизмати органларида коррупцияга қарши кураш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси Ўз хавфсизлиги ва комплаенс-назорат бўлими давлат солиқ бош инспектори Жасур Раҳимов. – Жумладан ISO 370001 – “Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими” халқаро стандарти асосида комплаенс-назорат тизими жорий қилинди. Комплаенс-назорат ташкилот ва ходимлар томонидан амалдаги қонунчиликка, ички идоравий ҳужжатлар ҳамда одоб-ахлоқ нормаларига тўлиқ риоя қилинмаслиги натижасида юзага келадиган салбий вазиятдан огоҳ этувчи бошқарув тизимидир. Мазкур тизимни амалиётга татбиқ қилишдан кўзланган асосий мақсад коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш, бу каби хавфлар мавжуд бўлган йўналишларни аниқлаш, манфаатлар тўқнашувини юзага келтирувчи ва бошқа хавфлардан тизимли ҳимоя механизмини яратиш, меъёрий ҳужжатлардаги коррупцион ҳолатларни бартараф этиш, фаолият имижини бир маромда сақлаб туришдан иборат.
Тадбирда бошқарма шахсий таркибини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати.