“Ҳақиқий олтин ўсимлик” – лагохилуснинг тиббиёт учун фойдали эканини илмийжиҳатдан исботлаган олим

Турли даврларда халқимиз орасидан кўплаб иқтидорли, ватанпарвар, машҳур инсонлар етишиб чиққан. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, профессор Маматқул Икромов ана шундай инсонлардан бири эди.
Маматқул Икромов 1923 йил 30 апрелда Самарқанд туманининг Оҳалик қишлоғида туғилди. Унинг болалиги қийин кунлар билан бошланди. Халқимиз бошига тушган ўша кунларнинг азоб-уқубатлари ёш йигитчанинг ҳаётида ҳам чуқур из қолдирди. Оғир меҳнат, азоб-уқубат ва маънавий тақиқлаш натижасида 1933 йилда Икром бобо оламдан ўтди. Оиланинг ҳамма ташвишлари онаси Истамой аянинг ўзига қолди.
Отадан барвақт етим қолган ёш Маматқул ҳаёт тўфонларига бардош бериб, билим олишга интилди. Ўзлари яшаётган Савай совхози ҳудудида тўлиқсиз ўрта мактабда ўқиб, уни тугатгандан сўнг Андижон вилоятига қарашли Жалолобод шаҳридаги педагогика билим юртига ўқишга кирди. 1942 йилда билим юртини тамомлаб, қишлоғидаги болаларни ўқита бошлади. Энди 19 ёшни тўлдирган йигит 20 август куни урушга кетди. У Ленинград қамали жангларида қатнашди. Кейинчалик Волхов, 3-Болтиқ бўйи, Карело-фин фронтларидаги оғир жангларда қатнашди.
Жанговар ҳаракатлари учун Маматқул Икромов “Қизил Юлдуз” ордени, “Ленинград мудофааси учун“, ”Жанговар хизматлари учун“ медаллари билан тақдирланди. Жангларда кўрсатган жасоратлари учун 14 та орден ва медаль билан мукофотланди.
У 1948 йили Андижон педагогика институтида ўқиди. Шу даврда талабаларнинг республика илмий анжуманида қатнашиб, жуда яхши илмий маъруза қилди. Қарангки, ўша маъруза унинг келажагини белгилаб берди. Билимга ташна қишлоқ йигити машҳур олим профессорлар П.Коровин, Е.И.Проскоряковларнинг эътиборига тушди. Уларнинг тавсияси билан 1949 йилда Андижон педагогика институтидан Самарқанддаги Ўзбекистон давлат университетининг биология ва тупроқшунослик факультетига ўтказилди. 1953 йилда университетни имтиёзли диплом билан тугатгач, шу университетнинг ботаника кафедрасида ишга қолдирилди. Аввал ассистент, кейин катта ўқитувчи, доцент ва профессор лавозимларида ишлади. 26 йил давомида ботаника кафедрасининг мудири, факультет декани вазифаларини бажарди. Бу даврлар мобайнида Маматқул Икромов йирик олим ва жонкуяр мураббий сифатида шаклланди ва кўпчиликка танилди.
Ботаника кафедрасида ассистент бўлиб ишлаган йилларида машҳур олим, кафедра мудири Евгений Иванович Проскоряков ўша пайтларда ҳали кўпчиликка номаълум гиёҳ лагохилус (кўкапаранг)ни “ҳақиқий олтиннинг ўзи” деб атар, лекин уни кашф этиш нақадар оғирлигини ҳам айтган эди. Маматқул Икромов ана шу мушкул илмий мавзуни бажаришга киришди. У дунёда биринчи бўлиб ўзи топган ва фанга маълум этган лагохилуснинг иккита турини аниқлади ва уларнинг биринчисига ўз устозининг номини бериб, “Проскоряков лагохилуси” деб номлади. Иккинчисига эса”Фарғона лагохилуси” деб ном берди. Эндиликда бу турлар “Ўрта Осиё ўсимликларининг аниқлагичи” (1987) китобларида зикр этилган.
Маматқул Икромов лагохилус турларининг кимёвий таркибини ўрганиб, уларнинг таркибида 10 дан ортиқ микроэлементлар ва бошқа биологик фаол моддаларнинг борлигини аниқлади. Олимнинг таклифи билан тиббиёт ходимлари лагохилуснинг шарбати билан геомофиллия, гипертония, экзема, глаукомаларни даволашда ва қон босимини меъёрлаштириш учун тиббиётда кенг қўллай бошлади. Энг муҳими, мазкур гиёҳнинг қон оқишини тўхтатишда қўлланиладиган қимматбаҳо доривор ўсимлик эканлиги исботланди. Олимнинг илмий ишлари собиқ Бутуниттифоқ халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмасида намойиш этилиб, кумуш медаль билан тақдирланди.
Маматқул Икромов сермаҳсул ботаник-биолог олим. У ярим аср мобайнида Самарқанд давлат университетида меҳнат қилиб, илм-фан ва етук кадрлар тайёрлашдек муқаддас ишга муносиб ҳисса қўшди. У ҳалол меҳнат қилиб поғонама-поғона ўсди. Шогирдликдан устозлик даражасига етди. Меҳрибон устоз сифатида кўплаб фан кандидатлари, докторлари чиқарди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, биология фанлари доктори, профессор Маматқул Икромов ўзининг умри давомида савоб ишларга қўл уриб ватан учун яшади, борлигини берди ва илм аҳли орасида ўзига хос ёрқин из қолдирди. Бу эса унинг ватандошлари, ҳамкасблари, шогирдлари ва оила аъзоларига доимо ғурур бағишлайди.
Хислат ҲАЙДАРОВ,
Самарқанд давлат университети профессори.