Ҳаётга қайтиш
Эгамберди Эшбоевнинг ушбу “Ҳаётга қайтиш” асари халқ тилида мохов деб аталадиган хасталикка яқин ўтмишдаги муносабат, шу хасталикка чалинганлар учун “борса-келмас” шифохоналар, у ердаги шароит, одамларнинг қарашлари ва бу муносабатни шифокор сифатида ўзгартиришга қўшган ҳиссаси ҳақида.
Афсуски, гарчи “мохов” хасталиги аллақачон қайд этилмаётган бўлса-да, ҳалиям аҳолининг теридаги оқ доғлардан ваҳимага тушиши ва буни яшириши ҳақида олимнинг ўз изланишлари асосида ёзилган асарни ўқиб, бу ҳақда кўп янгиликларни олиш мумкин. Асар катта бўлса-да, ундаги маълумотлар кўпчилик учун янгилик ҳамда реал бўлгани учун ўқувчиларга қисм-қисм шаклида узатишга қарор қилдик.
Муаллиф ҳақида: Эгамберди Эшбоев 1958 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Тиббиёт фанлари доктори, профессор. 370 дан ортиқ илмий мақолалар, шу жумладан, бир қанча дарсликлар “Тери ва таносил касалликлари”, “Микробиология, вирусология, иммунология”, “Микробиологиядан амалий машғулотлар” ҳамда “Урогенитал этиологияли реактив артритлар”, “Улар энди борса-келмас”га юборилмайди”, “Мохов таёқчасининг қурбонлари” каби китоблар муаллифи.
Бош лепролог сифатида Ҳиндистон, Непал, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Туркия каби чет давлатларда лепрологиянинг долзарб муаммоларига бағишланган маърузалар билан чиқишлар қилган. Ҳозирда у Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази лаборатория мудири, Тошкент вакцина ва зардоблар институтининг профессор-консультанти лавозимида ишлаб келмоқда.
1-қисм
Ўшанда институтни тугатиб, ишга кирганимга бир-икки йил бўлганди, холос. Асосий ишим врач-лаборантлик, ҳар куни микроскоп билан ишлайман, лаборатория ташхисини қўяман. Ишим ўзимга жуда ёқарди. Баъзан микроскопнинг ичига шўнғиб кетгандай тикилиб, микробларни излардим. Шунда ўзимга-ўзим бу индамас ва оддий кўз билан кўринмас заррачаларда гап кўп, деб айтардим. Юқиб қолса борми, манаман дейдиган паҳлавонни ҳам синдиради, букади.
Хаёл суриб ўтиргандим, институт директорининг котибаси лабораторияга кириб қолди. Саломлашди-да, сизни раҳбар чақираяпти, деди, бир зумда директорнинг қабулхонасига бордим. Ичкарида бир неча бўлим раҳбарлари, профессорлар ниманидир ҳал қилишяпти, овозлари баланд чиқарди, хуллас, тортишув авжида эди. Беш-ўн дақиқадан сўнг мени ҳам чақиришди. Катта олимлар ва раҳбарларни кўриб аранг салом бердим. Шунда директор:
- Саломат бўлгин, болам, мана бу ерга ўтир. Шифокорлик қасамини ичганмисан?
- Ҳа.
- Ватанингни севасанми?
-Ҳа, албатта...
- Бўлмаса сенга битта топшириқ бор, моховга чалинган янги беморни моховхона (лепрозория)га олиб борасан, биз сенга ҳамма шароитни яратиб берамиз. Эртага эрталаб йўлга тушасизлар. Хўп, болам сенга рухсат, соғ бўлгин, раҳмат.
Бир-икки соатлардан сўнг билсам, мендан олдин 3-4 та ёш даволовчи шифокорларни ҳам чақиришган экан. Биронтаси рози бўлмабди. Ҳатто керак бўлса бўшаш ҳақида ариза ҳам ёзиб беришибди. Бу воқеалардан хабардор бўлганимдан совуқ тер қоплади. Эсимда, тўртинчи босқич талабалик пайтимда бир татар миллатига мансуб профессор мохов касаллиги тўғрисида маъруза ўқиганди. Шунда у касаллик юқумли, ҳанузгача тайинли давоси йўқ, шунинг учун ҳам улар бир умр моховхоналарда сақланади, деганди. Э, ҳа, гап бу ёқда денг. Лекин, ҳамманинг олдида ваъда бердим, демак, бораман.
Эртасига эрталаб саҳарда моховхонага жўнаб кетдик. Суриштириб-суриштириб у жойни ҳам топдик. Моховхона катта йўлдан 10-12 километр ичкарида, тоққа яқин жойда шинам дарахтзорлар ичида жойлашган экан. Тўғрисини айтсам, мен моховхона дала-дашт, чўлда жойлашган бўлса керак, деб ўйлардим.
Борганимизда, моховхонанинг бош шифокориман, деб ўзини таништирди узун бўйли шифокор. Касалхонанинг ташқариси ям-яшил ўтзор, дарахтзор бўлишига қарамасдан, бинонинг ичкариси хароб, эшик деразалари синган, хоналарнинг ўзига яраша ёқимсиз ҳиди бор эди.
- Марҳамат, беморни қабул қилиб олинг, сўнгра биз қайтамиз, - дедим бош шифокорга қараб.
-Э, дўхтир шошманг, бу ерда мен ҳам бош шифокор, ҳам оддий шифокорман, бошқа дўхтир йўқ. 20 дан ортиқ беморлар бор, уларнинг сизда гапи бор экан. Клубга юринг, беморлар сизни кутиб ўтиришибди.
Уни-буни баҳона қилиб жўнаб қолмоқчи эдим, бир мўйсафид оқсоқолли бемор чиқиб, мени ичкарига таклиф қилди.
- Болам, бизнинг ҳам дардимизни эшитинг, катталар бу жойга ҳеч қачон келмаган, келмайди ҳам, ҳеч бўлмаса айтиб боринг. Кучимиз, қувватимиз борида Шароф отагача мурожаат қилганмиз, бир оз ўзгариш бўлди, энди мана яна 20-30 йил вақт ўтди. Атрофга қара, ҳаммаёқ хонавайрон бўлган, ўтирганларнинг ярми кўр, қолганлари майиб-мажруҳ. Бу аёл Тўхтахон, асли тошкентлик. Тўққиз ёшида касалхонага тушган, турмушга чиқмаган, икки кўзи сўқир, салкам олтмишни уриб қўйди. Мана бу эркак - Юсуфжон Хоразмнинг Гурланидан, йигирма йилдан бери шу ерда, бир оёғи шол бўлиб қолган, камлик қилса, жигари шишиб церрозни ҳам орттирган. Мана бу ўрис Астрахандан келган. Исми Саша, на уйи бор, на оиласи. Мана бу инсон Лим ака, асли Россиянинг Хабаровск ўлкасидан, болалигида олиб келинган, на ўрисчани, на корейсчани билади, ўзбеклашиб кетган. Икки қўли акашак, оёқларининг деярли барча бармоқлари илвилаб тушиб кетган. Деразанинг ёнида қийшайиб ўтирган одам Тожикистоннинг Ўратепасидан келган, ёнидаги аёл эса унинг хотини - Қорақалпоғистоннинг Қўнғиротидан, мен эса Қашқадарёнинг Шаҳрисабз шаҳридан бўламан. Кимлар бу ерда тутқунликда умрини завол қилмади? Кўриб турибсан, касалхонанинг дарвозаси олдида биттагина қоровул бор, холос, гўё чиқиб кетсанг сени ҳеч ким ушлай олмайди. Аммо қаерга борасан, ўзинг яримжон бўлсанг башаранг қийшайиб, қўл-оёғинг акашак бўлиб ётса. Туғилиб ўсган уйингга ўз ака-синглинг сиғдирмаса, чунки сенинг пешонангга “мохов” деган тамға босилган бўлса. Буларнинг кўпчилиги аслида болалигида касалликка чалинган, уй-жойини қавму-қариндошларини яхши билишмайди. Касалликка қарши қилинадиган солюсульфон деган дори бор, ундан камида 20-30 курс, керак бўлса 40-50 курс даво олишинг керак. Камдан-кам одам бунга бардош беради. Кўпчилик касалликдан ёки унинг асоратидан ўлиб кетади. Лекин чидаб берсанг яшайверасан. Энди мен билан юр, ҳовлига чиқамиз.
Барча беморларга сабр-тоқат ва соғлиқ тилаб ҳовлига чиқдик. Қарангки, рўпарамизда бешта жуда катта дарахт қад кўтариб турарди. Аввалига сада деб ўйладим. Кейин қандайдир декоратив дарахт деб тушундим. Бироздан сўнг беморнинг ўзи гап бошлади:
- Бу тол дарахти, ҳа болам, бу ўзимизнинг оддий тол. Лекин унга бу ерда ётган юзлаб беморлар ўз дардларини ёйиб айтишган. Тагида ёш жувон аёллар эрталабгача йиғлашган, ҳатто ўзларини ўлдиришга имкон излашган. Беморларнинг ҳасратларини эшитавериб, кўравериб, бу дарахтларнинг соғ жойи, яъни текис танаси қолмаган. Қарагин, бутун танаси, шох-шабадаси қийшиқ, худди минглаб илонлар чирмашиб дарахт дунёга келгандай гўё. Аслида ундай эмас, бу ерда ётган беморларнинг дардини, ҳасратини кўравериб дарахт шохлари, уларни бағрига олган. Бутун танаси қийшайиб кетса-да, ҳовлига соя солиб турибди. Бизнинг эса ҳатто соямиз ҳеч кимга керак эмас. Шунчалик жирканишадики, ҳатто одам боласи эканлигимизни унутишади. Хўш, бу балони қандай тўхтатса бўлади? Наҳотки, бугунги келган янги бемор ҳам, бир умр тутқунликда шу жойларда ўтса, ёш экан, жувонмарг бўлиб кетади. Ўрислар, америкаликлар ҳатто осмонни забт этиб, космосга ойга учишмоқда. Наҳотки, мохов деган балони даволаб бўлмаса. Чет элда ҳеч қандай лепрозориялар йўқ деб эшитамиз. Фақатгина бизда лепрозориялар бор экан.
Яна айтиб қўяй, Собиқ Иттифоқ ҳудудида 20-25 дан ортиқ лепрозориялар бўлган, уларнинг ҳаммасида В.И.Лениннинг ҳайкали бор. Авваллари шу ҳайкалнинг тагида эрталабки йиғилиш бўларди. Ҳўв, анави ҳайкалнинг ҳамма ёғи синиб, тешилиб бўлган. 70 йилдан ортиқ шу одамга ишониб яшадик. Лекин мана, кўриб турибсан, ўзи ҳам, биз ҳам бу жойларда хароб бўлдик.
Бизни кутиб турган сан.авиация машинасига яқинлашганимизда моховхонанинг бош шифокори гап бошлаб қолди:
- Ҳурматли меҳмон, сиз биз томонларга биринчи бор келишингиз, айтиб қўяй, беморлар ҳар нарсани валдирайверади, ҳаммасининг ногиронлик нафақаси бор, биз ҳам кунига 3-4 маҳал иссиқ овқат берамиз. Уларнинг кўпчилиги далада қўй-мол боқишади, ҳеч бўлмаганда курка-товуқлари бор. Буларнинг ўзи шунақа табиатли, фақат камчилик улашади, шикоят қилишади, ҳатто тез-тез юмалоқ хат ҳам ёзиб туришади. Аммо осмон узилиб ерга тушгани йўқ.
Бош шифокор билан ҳам илиққина хайрлашдик.
Машина Тошкент томон шувиллаб учиб бормоқда. Ҳайдовчи тажрибали экан, машинани яхши ҳайдади. Ҳатто мени яшаб турган уйимгача олиб бориб қўйди. Қани энди тезроқ тонг отса, шунча йўл юрганим билан чарчоқ ҳисси йўқ эди. Тезроқ кўрган-билганларимни ҳамкасбларимга айтгим келарди. Аммо эртасига ундай бўлмади, кўпчилик эшитиш, тинглаш ўрнига уларда умуман тескари ҳис-ҳаяжон бор эди. Директор ҳам бетоб бўлиб қолибди, бош шифокор бўлса, яхши бориб келибсан, деб мийиғида кулиб қўя қолди. Мен бўлса дардимни кимга айтишни билмасдим.
Ойлар, йиллар ўта бошлади, тўғриси, моховлар ҳақида ҳеч ким лом-лим демасди. Мен ҳам илм билан шуғулланиб, уларни мутлақо унутдим. Диссертация ташвишида ҳали Москва, ҳали Олмаота шаҳарларига сафарга борардим. Россиянинг жуда кўп шаҳарларида бўлдим. Ва ниҳоят 1990 йилнинг 17 декабрь санасида илмий ишимни Москва шаҳрида муваффақиятли ҳимоя қилдим. Орадан 8-9 ой ўтмасдан шундай катта давлат Собиқ Иттифоққа айланди, яъни, парчаланиб кетди.
Директор ҳам, бошқа кўпгина ходимлар ҳам бошқа миллат вакили эканликларини рўкач қилиб, Ўзбекистондан бошқа давлатларга кўчиб кетишди. Яна янги раҳбар келди, у энди маҳаллий кадрлардан эди. Кунлардан бирида сафарга бирга бориб қолдик. Самарқанд томон енгил автомобиль учиб бормоқда. Амир Темур дарвозадан ўтиб, энг баланд тепаликка етганимизда директор гап бошлади.
- Ука, чап томонга қаранг, мана шу қир-адирларнинг ниҳоясида тоғлар этагида моховхона бор. Моховларни кўрганмисиз? Булар жуда ёзувчи бўлишади, вақти келганда ўз отасини ҳам аямайди. Қолаверса, уларни юқоридаги раҳбарлар ҳам хуш кўришмайди. Мен моховлар каттасини яхши танийман у асли Тожикистоннинг Ўратепасидан. Лекин моховхонани эгаллаган, аблаҳ, на бош шифокор, на ҳоким унга қарши лом-лим деёлмайди. Айтиб кўрсинчи, бир зумда уларнинг устидан “юмалоқ” хат ёзишади. Моховларга у дунё, бу дунё барибир бўлиб қолган. Бекорга уларни тутқунликда ушлашмайди. Касаллик жуда юқумли, кўпчиликнинг қони бузилган. Бу жойдан сал четроқ юриш керак.
Моховлар тўғрисида кейинги йилларда эшитган охирги гапларим шу бўлди. Қарангки, менинг бу ҳамроҳим ҳам раҳбарликда узоқ ишламади. Икки-уч йил ўтмасдан ўрнига янгиси келди. Йиллар оққан сувдай бўлиб оқиб ўтаверади. Аллақачон докторлик илмий ишимни бошлаб юбордим. Устозим профессор Тўхтасин Солиев асли фарғоналик бўлиб, жуда мулойим ва маданиятли киши эди. Ёшу-қарининг ҳаммасини сизлаб гапирарди. Эрталабки йиғинда ҳамма унинг сўзларини интиқиб эшитардик. Бирон марта йўғон ёки қаттиқ овозда гапирмасди. Ҳақиқий олимлик унинг юзларига ёзилганди. Умри бино бўлибдики, ҳаммасини илмга сарфлади. Айниқса, унинг бошидаги оппоқ қалпоғи, енгидаги силлиқ қилиб дазмолланган халати ва бўйнидаги фонендоскоп унга шунчалик файз берардики, кўриб ҳавас қилардингиз. Беморлар билан суҳбатлашганида кўзидан нур ёғарди. Баъзан хонасида ўтириб, бир пиёладан чой ичардик. Мен ундан тўлқинланиб янгидан-янги куч ғайрат олардим.
Эгамберди Эшбоев.