Ҳоким маҳаллага, маҳалла раиси йиғинга ҳисобот беради
Туман ва шаҳар ҳокимлари маҳаллаларга ҳисобот берадими? Маҳалла раиси-чи?
А.ҚОДИРОВ,
Нуробод тумани.
Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддаси ҳамда “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддасига асосан туман (шаҳар) ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда ҳокимият тизимига кирувчи ташкилотлар раҳбарлари фуқаролар йиғинлари вакиллар йиғилишига ҳар чоракда ҳисобот бериб бориши белгиланган.
Маҳалла раиси ҳар чоракда фуқаролар йиғини вакиллари йиғилишига ҳисобот бериб боради.
***
Фуқаролар йиғини раиси сайловини ўтказиш учун фуқаролар йиғинини чақириш тартиби қандай?
С.НАМОЗОВ,
Каттақўрғон шаҳри.
Фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда чақирилади ва ўтказилади.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар фуқаролар вакиллари ёхуд уларнинг яқин қариндошлари орасидан кўрсатилган тақдирда, улар фуқаролар вакиллари таркибидан чиқарилади.
Вакиллик нормасини тегишли комиссия белгилайди. Бунда фуқаролар вакилларининг сони сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида ўн икки фоизини ташкил этиши керак.
Саволларга вилоят маҳаллалар кенгаши раисининг
биринчи ўринбосари Бадриддин НАСРИЕВ жавоб берди.