Ҳотам Той учратган ўтинчи чол қашшоқ эмасмиди?
Ҳазрат Навоийнинг луғатларида “камбағал” сўзини учратмадим. Аммо аҳолининг тубан қатламларини англатувчи мискин – бечора, нотавон – заиф, қувватсиз, ғариб – бечора (кўпликда ғурабо), ломакон – маконсиз, муқим жойи йўқ, бекас – кимсасиз, ёлғиз, бесомон – бечора – қашшоқ каби атамалар кўплаб учрайди.
Инсоният жамоа ҳолида яшаб, хусусий мулкчилик пайдо бўлгандан буён бу каби бир қатор маънодош сўзлар билан аталадиган аҳоли қатламлари ҳар қанақа фаровон замонларда ҳам мавжуд бўлган. Бу ҳақда ижтимоий қатлам халқ эртакларида, оғзаки ижодда, ёзма адабиёт ва тарихий манбаларда келтирилган афсона-ю ривоятлар, далилу исботларда ўз ифодасини топган.
Камбағаллик (аввалида кам таъминланганлик дейилди) ни кўпчилик жамиятнинг энг қуйи қатлами дея англайди. Алишер Навоий бобомиздан юқоридаги сўзларни бежиз мисол келтирмадик. Кўриниб турибдики, бу тоифа кишилари орасида ҳам бир неча поғоналар мавжуд экан.
Хўш, ҳозирда катта шов-шув билан давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, турли йўллар билан буни тугатиш мумкин деган ақидага ишонаётганларнинг ҳафсаласи нега пир бўлмоқда? Негаки, жойлардаги ўн чоғлик бечораҳолга кўмак берилганда бунда ноҳақлик, адолатсизлик қилинди, деб камида ўттиз киши иддао қилмоқда.
Ўша 30 кишининг охиридан яна 2 кишига моддий ёрдам кўрсатсак, энди 28-си четгига айланади ва яна ҳақ даъво этилиши тайин. Демак, кўра била туриб, биз ботқоққа тушган бир оёғимизни тортаман, деб иккинчисини туширяпмиз.
Буюк файласуф Форобий “Фозил кишилар шаҳри” китобида бир давлатдаги аҳолини 12 ижтимоий қатламга тақсимлаб, ҳар бир тоифанинг бурчи, ўрни, иқтисодий ҳолатини асослаб берган. Буюк бобомиз Амир Темур ҳам ана шу 12 қатлам усулида мамлакатни бошқарган. Ҳеч бир замонда бу хилланиш инкор этилмаган ва ушбу ҳолат боқийдир. Ҳар бир кишининг олийликдан пастки даражаларга тушиб кетиши ёки пастдан юқорига кўтарилиши давлат бошқарувига, кўпинча ўша шахс омилига боғлиқ.
Ўрта мактабда муаллимлик қилиб юрган йилларим ҳукумат томонидан ота-онасиз болаларга бош-оёқ сарпо бериларди. Уни эгаларига тарқатганимизда рад этган етимларнинг синфдан ўкраб чиқиб кетган ҳолларини, бева-бечоралар эса бу тугунни келтириб мактаб остонасига қўйиб кетганларини кўп марта кузатганман. Аксинча, айрим ўзига тўқ одамлар келиб ғавғо қилганларининг ҳам шоҳидиман.
Ёшлигимда бир ривоят эшитгандим: бола-чақасини деҳқончилик билан боқиб юрган кишининг ҳосили ўхшамабди. Шунда ваҳимага тушиб пирдан маслаҳат олишга бориб дебди:
“Ҳар йили ўн қоп буғдой етиштириб, бола-чақамни қиш-қировдан тугал чиқарардим. Бу йил атиги икки қопга эга бўлдим. Осмон узоқ, ер қаттиқ, энди қандоқ қиламан, - дея йиғи-сиғи қилибди. Диққат билан эшитган пир дебди:
- Шу икки қоп буғдойингизни маҳалла кунчиқарида яшовчи Офият кампирга ҳадя этинг.
Пирнинг бу талабини эшитган деҳқоннинг дами ичига тушиб кетибди. Маслаҳат олгани келгани учун ўзини роса койибди. Аммо на чора.
Эшагига буғдойни юклаб кампирни дараклаб топиб борибди. Равотсиз бурчакда мунғайиб турган вайрона кулбанинг соҳибаси нега келганини англагач, уйига кириб теридан ясалган супрани чиқариб ёйибди. Унда атиги бир сиқим ун бор экан.
- Эрталигим тайин. Мен сизнинг эҳсонингизни қабул қилолмайман, - дебди у”.
Хулосани ўзингиз чиқараверинг.
Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йилларда биз оилада тўққиз жон эдик. Тўс идишда чой дамланар, дастурхондаги нонни дадам иложи борича тенг бўлакларга тақсимлагач, патнисни бийимга суриб, улашишни сўрардилар. Ўзингиз тарқатинг, деганда “Бу бурдалар катта-кичик бўлиши мумкин. У дунёда қандай жавоб қиламан?”, дердилар”...
Нонни қулоғинг супрасига ўлчаб бераман, деган ҳазиломуз жумла аслида ҳақиқатга яқин эди. Ҳозирдаги нонуштага дастурхонда камида беш-олти хилда неъмат турган бўлса-да болангиз тумушиб қовоқ уяди. Мабодо ундасангиз “ҳеч нарса йўқ-ку нима ей”, деб сизни айбламоқчи бўлади. Бугун кўпчилик хонадонларда уч маҳал иссиқ овқат тайёрланади.
Ичи ташқариси панжакаш сувалган, бағдоди эшик ва ёғоч панжарали тавоғдони бўлган, қиш кунларида ичкари ҳавоси ташқаридан фарқи йўқ уйимизда биргина дадамиз топиб келган нон билан кун кўрардик. Шу ҳолича унда қирқ йил яшадик. Чоғлаб боқсам бугун мендаги биргина “Нексия-3” машинаси унақаларнинг ўнтасига давлат бўлади. Аммо қониқиш йўқ. Ҳозирда ўша кишиларнинг таъбири билан айтганда “нон кесакнинг устида”. Борига қониқмаслик, ҳавойи орзу-ҳавас деб беҳуда чираниш, номдорлик касали, беҳудлик иллати, томи найзалик қасрлар, ҳеч қачон ўзига тақдир қилмайдиган бойлик, қанча баландга чиқса шунча қуйига қулаши тайин бўлган амал. Бу ўткинчи дунё ютганимиз ўзимизники, чайнаб турганимиз гумон эканини тан олмаймиз. Кўз қурғур тўймайди, жиловсиз нафс қўймайди.
Бир эртакда ўқигандим. Иш излаб йўлга тушган ўғлон ўз элидан узоқлашгач қаршисидан учта йўл ажралиб чиқади. Бири – борса келмас, иккинчиси борса – хатар, учинчиси – борса келар.
Гоҳида бу ҳикматни маъносини чақмоқчи бўламан. Кўпгина ёшлар мусофир юртларда жойлашиб қолиб кетмоқда. Уруш кетаёган мамлакатларни танлаганлар бор. Озми-кўпми йиғиб-териб эсон-омон қайтаётганлар ҳам талайгина.
Вояга етгандан кейин донишманд отанинг дуосини олиб ўз бахтини излаб жўнаган уч оға-ини ботирлар, мусофир юртда каллапазга дастёр тушган беҳунар йигит, қирқ ҳунарни эгаллаган бўлса-да бегона элат ғаламисларига тутқун бўлган Баҳром ҳақидаги эртакни ким билмайди?
Ўша тақдирларни бугунда ўз бошидан кечираётганлар қанчадан қанча.
Начора, олдинги кишилар томонидан йўл қўйилган хатолар сабоқ бўлмас экан-да!
Битта орзу-ҳавасли тўй, уй-жой қуриш ёки енгил машинага эга бўлиб икки бармоғи бурнида. Яна бош олиб кетиб сарсон-саргардон. Қарабсизки, умр поёнига етибди.
Бугунги кунларда ҳаётда ломакон, нотавон, қашшоқ, бекас ва майиб- мажруҳларга, мискинларга ўнгланиш имконияти йўқлиги учун озиқ-овқат қутилари, нақдиналар эҳсон қилинмоқда. Ғамхўрлик ҳам ҳаминқадар. Бу савоб иш. Аммо қўлдан берганга қуш тўймас, деганлар.
Қуш деганда ёдимга тушди: ҳовлимизда майна ин қуриб бола очди. Ота-онаси тинимсиз овқат ташиб келар, улар ҳар гал ин четига қўнганида боягина тутқазилган луқмани лўқиллатиб ютган полапон бошқаларига нисбатан оғзини кенгроқ очиб қаттиқроқ чирқирайди...
Ҳукуматдан аҳолига ялпи пул тарқатилишини талаб қилаётганлар беҳисоб. Карантин даврида юзага келган вақтинчалик ишсизлик туфайли моддий жиҳатдан қийин аҳволга тушиб қолган оилаларга бефарқ бўлмаслик керак. Мабодо уларга давлатимиз ёрдам қўлини чўзмоқчи экан еб кетарга эмас, вақти келса қайтариш шарти билан озиқ-овқат кредитларини фоизсиз бериш лозим.
Бу кечиктириб бўлмайдиган энг маъқул тадбир бўлади.
Ғайбиддин Фазлиев.