25 йилда Кофирқалъадан нималар топилди?

Кофирқалъа ёдгорлиги Дарғом каналининг чап қирғоғида, Афросиёбнинг жанубий томонида, Самарқанд шаҳридан 18 километр узоқликда жойлашган.

Эрамизнинг VII-VIII асрларида Самарқанд ҳукмдорларининг ёзги қароргоҳи бўлган ушбу археология объекти араб истилоси даврида вайрон қилиниб, ёқиб юборилган.

Ёдгорликда 1991 йилда Яҳё Ғуломов номидаги археология институтининг археологик отряди томонидан дастлабки қазишма ишлари бошланган. 2001 йилдан Ўзбекистон-Италия ҳамда кейинги йилларда Ўзбекистон-Япония халқаро қўшма экспедициялари олимлари ҳамкорлигида тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида Кофирқалъа ёдгорлик мажмуасида 25 йил давомида амалга оширилган археологик қазишма ишлари тақдимотига бағишланган тадбирда ўзбекистонлик ва италиялик археолог-олимлар томонидан ёдгорликдан топилган ашёларнинг аҳамияти ҳақида гапирилди.

- Кофирқалъада ўзбекистонлик олимлар билан ҳамкорликда олиб борган тадқиқотларимиз давомида нафақат Самарқанд ёки Ўзбекистон, балки ўша даврда Европанинг муҳим давлати ҳисобланган Византия, Хитой ва Ҳиндистон тарихига оид ашёлар топилди, - дейди Ўзбекистон-Италия қўшма археологик экспедицияси раҳбари Семионе Монтеллени. – Жумладан, турли даврларга тегишли қадимий буюмлар, ҳукмдорлар номаларига ёпиштирилган елим муҳрлар, бронза, кумуш, олтин тангалар ҳамда бошқа ҳар хил ашёлар топишга эришдик. Бу шундан далолат берадики, бундан 1,5 минг йил муқаддам Кофирқалъада жойлашган Самарқанд ҳукмдори  саройига турли мамлакатлардан элчилар, савдогарлар келиб турган, савдо ва маданий алоқалар яхши йўлга қўйилган.

Кофирқалъа шаҳарчаси маҳобати, меъморчилик ечимлари билан Бухоро ҳукмдорларининг қароргоҳи - Варахша ёдгорлигига жуда ўхшайди. Х асрда Самарқандга келган араб географи Ибн Хавқалнинг ёзишича, Самарқанд ҳукмдорларининг шаҳар чеккасидаги қароргоҳи Ривдад деган манзилда бўлган. Сайёҳ бу ерга келганида Ривдад анчайин хароба ҳолда ётган. Хитой йилномаларида келтирилишича, Самарқанд ҳукмдорлари бу ерга келиб, Наврўз ва Меҳржон байрамларини нишонлаганлар. Бундай байрамларда ҳукмдорга қимматбаҳо совға-саломлар инъом этилган.

- Қадимий шаҳарнинг умумий майдони 16 гектар бўлиб, арк, шаҳристон ва работдан иборат, - дейди Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти етакчи илмий ходими, тарих фанлари номзоди Амриддин Бердимуродов. – Ёдгорликда сақланган маданий қатламлар асосан уч даврга - биринчи давр VII-VIII асрларга, иккинчи давр VIII асрнинг иккинчи ярмига, учинчи давр X-XII асрларга оид. Кофирқалъа аркининг биринчи қурилиш даврини қазиш пайтида кўплаб ноёб осори-атиқалар қўлга киритилди. Шулардан бири лойдан ясалган буллалар (булла – муҳр, ҳукмдор ёки амалдор муҳрининг лойдаги нусхаси)дир. Буллалар ўта ноёб археологик топилма бўлиб, одатда ҳукмдор ёки йирик амалдорларга алоқадор ёдгорликларда учрайди. Бу ердан топилган ёғоч панно эса Суғд санъатининг ноёб намунаси ҳисобланади. Панно иккита кенг ва қалин тахтани темир михлар билан ўзаро бирлаштиришдан ҳосил бўлган. Паннонинг сиртида ҳар хил либосларда, қўлларига турли хил асбоблар, буюмлар ва совға-саломлар ушлаб олган юзлаб одамларнинг шакллари ўйиб ишланган. Ушбу композициянинг асосий сюжети – маъбудага сиғиниш, совға-саломлар эҳсон қилиш саҳнасидан иборат.

Айни пайтда ёдгорликдан топилган қадимий деворлар ва тарихий ашёларини асл ҳолатда сақлаш, даврини тўлиқ аниқлаш ва тадқиқ қилиш жараёнлари давом этмоқда.

Фазлиддин Рўзибоев.