Тарихдаги энг узун интервью, у қанча давом этган?

Рекорд 2011 йилда ўрнатилган.
Қисқа - икки, беш, ўн беш дақиқалик ва бошқа интервьюлар жуда кўп. Бундан ташқари, блиц-интервью, бир, икки ёки уч соат давом этган қизиқарли узоқ савол-жавоб форматидаги суҳбатлар ҳам йўқ эмас.
2011 йилда Австралияда рекорд ўрнатилиб, тарихдаги энг узун интервью қайд этилди.
Гап 24 соат давом этган интервью ҳақида кетмоқда.
Сидней радиостанцияларидан бирида, роппа-роса 24 соат давом этган ноодатий суҳбат 2011 йилнинг 11 декабрь куни соат 10:00 да бошланиб, 12 декабрь куни соат 10:00 да тугади. Унда австралиялик радио бошловчиси Ричард Гловер ўз ҳамкасби, ёзувчи Питер Фитс-Симонсга саволлар берди.
Эътиборлиси, тўғридан-тўғри эфирга узатилган радиоэфирда 24 соат давомида жуда кўп саволлар берилди ва битта ҳам такрорий савол кузатилмади.
“Гиннеснинг рекордлар китоби” расмийлари бундай ютуқни эътиборсиз қолдирмади. Журналист ва унинг суҳбатдоши нафақат сертификат билан тақдирланди, балки уларга ширин совға ҳам берилди.