“Ҳудудгаз”да мурожаатлар махфий(ми?)
Ҳарорат пасайиши билан аҳолининг табиий газга бўлган эҳтиёжи ортди. Кун совуши оқибатида қаердадир газ “йўқолиб” қолди, яна бошқа жойда носозликлар кузатилди.
Аҳолининг шу каби мурожаатларини ўрганиш ва тезкор чора кўриш мақсадида вилоят ҳокими фармойиши билан “Иссиқлик манбаи”, “Электр тармоқлари” ва “Ҳудудгаз” корхоналарида доимий ишловчи штаблар ташкил этилганди.
Ўтган 5 кунда мазкур штабларга қанча мурожаат бўлди, уларга қандай ечим топилган, нечта тезкор гуруҳ ташкил этилган, туманларда аҳвол қандай, умуман, табиий газ борасида қайси рақамга мурожаат қилиш керак, деган саволлар билан “Ҳудудгаз Самарқанд ” масъулияти чекланган жамияти бош инженерига мурожаат қилдик.
Бош инженер қисқа суҳбатдан сўнг 239-78-27 рақамли мурожаатлар бўлимига қўнғироқ қилишимизни айтди. Бу рақам ички мурожаатлар учунлиги туфайли 239-78-02 рақамли телефонга қўнғироқ қилишимизни тавсия этишди. Улар эса 239-78-11 рақам аҳоли мурожаатлари учун ташкил этилган доимий ишловчи рақам эканлигини билдиришди. Бу рақамга қўнғироқларимизга “Ҳали мурожаатларни санаганимиз йўқ эди. Бироздан сўнг қўнғироқ қилинг, санаб, таснифлаб, таҳлили билан айтамиз”, деб жавоб беришди. Кейин эса расмий хат билан чиқишимизни айтишди.
Вилоят газ идорасида мурожаатлар таҳлили шу қадар махфийми ёки бошқа гап борми?