"Ҳусайн Бойқаро “қўнғироқ” қилди"
Шу кунларда ҳар бир мактаб, ҳар бир таълим даргоҳида Навоий таваллудига бағишланган тадбирлар, навоийхонлик ўтяпти. Шундай маънавий билимларга эга бўладиган кунларда бундан ўн йиллар аввал айнан сана билан боғлиқ тадбирда кузатилган қизиқ бир воқеани ёзишни маъқул кўрдим.
Мактабга янги ишга кирган кезларим эди. Она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси бўлганим учун директоримиз Алишер Навоий таваллудига бағишлаб ғазалхонлик кечаси ўтказишни топширди.
Ўзим дарс ўтадиган юқори синф ўқувчиларига Навоий ғазалларидан ёд олишларини, тадбир жуда мазмунли ўтиши кераклигини қайта-қайта тайинладим. Ўқувчилар билан ҳамкорликда саҳна кўриниши тайёрлай бошладик. Ҳазрат Навоий роли ижросига эса жамоамиз аъзолари ўзимни таклиф этишди. Ўқувчиларнинг завқ ва иштиёқ билан ишга киришганини кўриб, жуда хурсанд бўлдим, беихтиёр улар сафига қўшилдим.
Кайфиятимиз ўзгача, тайёргарлик жараёни зўр кетяпти. Эндиги вазифамиз қатнашчиларнинг ролларига мос либослар тайёрлаш эди. Буни ҳам қойилмақом қилиб уддаладик. Кимдир бобосининг янги тўнини, яна бошқа ўқувчи укасининг суннат тўйида кийган ялтироқ “тўйбола” салласини олиб келди. Мактабимиз хўжалик мудирининг хонасида турган, Қорбобонинг соқоли ҳам асқотиб қолди. Уни олиб, қора қалам қириндиси билан "мош-гуруч" қилиб бўядик, чевар қизларимиз Қорбобонинг тарвақайлаган узун соқолини қайчилаб, чиройли қилиб кузаб беришди.
Бир ҳафта давомида дарсдан кейин саҳнада ўқиладиган ғазалларни ёд айтиб, ҳаракатларни "репитиция" қилдик.
Ниҳоят, биз катта ҳаяжон билан кутган кун келди. Мактаб фаоллар залига ўқитувчи ва ўқувчилардан иборат томошабинлар жамул-жам бўлишган.
Тадбир ажойиб бошланди. Бошловчиларимиз Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумотларни айтиш билан бирга навбати билан иштирокчиларни саҳнага чорлаяпти. Ўқувчилар рубоий ва ғазалларни маромига етказиб ёд айтишмоқда.
Бизнинг навбатимиз келгач, саҳна ўртасига меҳнат дарси устахонасидан келтирилган олти бурчакли нақшинкор хонтахтани олиб чиқдик. Хонтахта атрофида жойлашиб “ашъор мажлиси”ни бошладик. Биримиз ғазал ўқиганда бошқалар ҳузур билан бош ирғаб "Бале, Мавлоно!", "Офарин!" деб олқишлашади.
Навбат бизга келганда устоз санъаткор Афзал Рафиқовнинг овозига ўхшатишга ҳаракат қилиб, ҳазратнинг "Қаро кўзум" ғазалини ифодали ўқий бошладим:
Қаро кўзум, келу мардумлиғ эмди фан қилғил,
Кўзум қаросида мардум киби ватан қилғил...
Шу пайт кутилмаганда овозимни босиб, саҳнанинг икки чеккасида турган карнайлардан "Нокиа" телефонининг бошқа ҳеч қандай куй билан адаштиришнинг имкони бўлмаган чақирув мусиқаси янгради.
Буни қарангки, саҳнага чиқиш олдидан шошилинчда телефонимни ўчирмасдан кўкрак чўнтагимга солиб қўйган эканман. Қарасам ҳамманинг кўзи менда, қандай қилиб бўлмасин бу ноқулай вазиятдан чиқиш керак...
Шартта қўйнимдан телефонни олиб, томошабинларга қараганча:
- Ҳиротдан дўстим Ҳусайн Бойқаро қўнғироқ қилмоқдадур. Маъзур тутасизлар, олампаноҳни маҳтал қилиш одобдан бўлмас, - дея ўрнимдан турдим. Олдинги қаторда ўтирган ўқитувчилардан тортиб зални тўлдирган ўқувчиларгача бир пас жим қолишди. Сўнгра залнинг бир чеккасидан пиқиллаган кулги эшитилди. Унга бошқалар қўшилишди. Хаёлимдан "Шарманда бўлдик!" деган фикр ўтди. Бир лаҳзада пешонамдан совуқ тер чиқиб кетди.
Аммо, бироздан сўнг зал кулги товуши ва қарсаклар билан алмашди. Мен секин саҳна орти томон юрдим...
Шундан бери ҳеч қаерда"рол" ўйнаганим йўқ. Лекин, ҳамон Ҳазрат Навоийнинг таваллуди кунлари яқинлашса, ўша воқеани эслаб, кулиб қўяман.
Олим ҚЎЧҚОРОВ.