Ижодкорнинг қатъияти қаламига кўчади
У ҳамон умуминсоний талабга риоя этиб яшамоқда: дунёга одам бўлиб келдикми, албатта одамдек яшашимиз керак, фақат ўз касбининг устасигина ҳаётда обрўга эриша олади. У қатъиятни қалб шиорига айлантирган. Йўқ-йўқ, қатъиятни ўжарликдан, чўрткесарликдан ажрата олади. У кўп ёзишни эмас, хўб ёзишни маъқул кўради: услубининг хусусияти шундаки, муштарийга фикрини бемалол, очиқ, батафсил ифодалашга интилади. У ёзишдан аввал ўзига савол қўя олади ва шу саволга жавоб излайди. У биров сўрагандагина гапиради, мурожаат қилгандагина тушунтиради. У устозларининг қадрини, шогирдларининг иззатини жойига қўяди, биров ҳақида ўзи йўқ пайтида гапиришни ёмон кўради.
У ижодкорда маҳоратдан ташқари катта билим ва жасорат ҳам бўлиш кераклигини таъкидлайди. Бинобарин, бу мақсадини таҳлилий мақолаларида қўйилган сарлавҳалар ҳам исботлаб турибди: "Сийлов ўрнига ситам", "Ситам ўрнига сийлов", "Қариндошга аталган тузоқ", "Жиноят занжири", "Муроса муҳити", "Ҳоким ҳимматдан кўз юмди" ва ҳоказо. Эҳтимол, шунинг учун ҳамкасблар бу кишини ҳуқуқ тарғиботининг, ҳуқуқий журналистиканинг билимдони сифатида ҳурмат қилишади.
Азиз муштарий, келинг, сизни ҳам муштоқ этмасдан қаҳрамонимни таништирай - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, хоразмлик таниқли ижодкор Абдулла Собиров.
Абдулла ака билан икки йил давомида Тошкент олий партия мактабида бирга ўқиш, қўшни хонада ётиш давомида мен ўзимга фидойи, юксак фазилатли ҳамкасбимни кашф этдим. У киши тартиб-интизомга нафақат ўзи қатъий риоя этади, балки мени ҳам ана шу тарзга ўргата олди. Вақтнинг ҳар дақиқасини режали, унумли ўтказади.
Дарвоқе, А.Собиров таниқли зиёлилар, ёзувчи Тоғай Мурод, шоир Мирпўлат Мирзо, суҳандон Насиба Мақсудова ва яна қатор ижодкорлар билан бирга ўқиган. Улар билан бизнинг иштирокимизда ҳам қизғин суҳбатлар қурарди. Ўқиш жараёнида ҳам Абдулла аканинг қатъиятига гувоҳ бўлганман. Дарслар рус тилида олиб борилгани учун айрим атамаларни ўрганишда изоҳини бировдан сўраб ўтирмасдан, албатта луғат ёки илмий асарлардан ўзи кўриб, ўқиб тушуниб оларди. Конспект ва семинар дафтарларини қайта ўқишдан эринмасди. Дарвоқе, бошқа гуруҳдошларимизни ҳам ана шундай иш тутишга ундарди. Шу сабабли сафимизда ўзининг ўрни бор эди.
Абдулла аканинг яна бир фазилати - рўзғорбоплиги. Ёшим катта, катта мактабда ўқияпман, деган фикрлардан йироқ ҳолда хонасини доимо саранжом-саришта тутарди. Хоразмча овқатларни шошилмасдан, эринмасдан маромига етказиб пиширарди, ҳатто менга ҳам ўргатиб қўярди. Шунинг учун хонаси доимо дўстлар, ҳамкурслар билан гавжум бўларди. Айниқса, шахмат ўйинида мабодо ютқазса жаҳли чиқишини билиб, биз, яъни дўстлар у киши билан ўйнагани кучлироқ шахматчиларни олиб келардик.
Хуллас, икки йил ҳаш-паш дегунча ўтиб кетди. Бизга 1985-1987 йилларда ижодий жамоаларга дарсдан сўнг бориб қилган суҳбатларимиз, биргаликда ёзган мақолаларимиз, тун бўйи янги асарга оид қилган мунозараларимиз, муҳими, яқин дўстлигимиз қолди.
А.Собировни кўрган киши уни 75 ёшга тўлган деб ўйламайди: дилбар суҳбати, самимий муносабати, хоразмча аскиялари, бундан ташқари ҳозирда ҳам телеграм канали орқали тарқатаётган чуқур таҳлилий мақолалари исботлаб турибди. Чунки Абдулла ака қатъиятли инсон, умрининг охиригача оқилона фикрлашдан, қалбини баён этишдан, ёзишдан тўхтамайди. Бунга ишончим комил. Зеро, бундай фидойи сафдошларимнинг халқига ҳали узо-о-оқ хизмат қилишига ишонаман. Қутлуғ кунларингиз муборак бўлсин, Устоз!
Фармон ТОШЕВ, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Самарқанд шаҳри.