Ижтимоий тармоқларда зўравонликни тарғиб қилувчи видеони жойлаштирганлик учун жарима оширилиши мумкин

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар, жумладан, Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилди. Бу ҳақда парламент матбуот хизмати хабар берди.
Кодекснинг амалдаги таҳририга кўра, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш ва намойиш этиш ҳаракатлари учун эллик бараваридан юз бараваригача, мансабдор шахсларга эса юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.
Янги қонун лойиҳасига кўра, бундай ҳаракатлар учун жарима миқдорини ошириш, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан тўрт юз бараваригача, мансабдор шахсларга эса юз бараваридан тўрт юз эллик бараваригача миқдорда жарима солиш ҳақидаги меъёрни киритиш таклиф этилмоқда.
Депутатлар жамиятда, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш, интернет орқали кенг тарқалаётган, болалар, ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ахборотларни тарқатганлик, тарғиб қилганлик бўйича жавобгарлик кучайтирилиши мақсадга мувофиқлигини таъкидлашди.