Ижтимоий тармоқлардаги "доно"лик кўнгил оғритмасин...

Яқинда шифокор дўстим билан суҳбатлашиб қолдим. Тажрибали врач, фан номзоди, берморларнинг ҳам, ҳамкасбларининг ҳам иззатидаги инсон. Хуллас, у кўнглини ёриб қолди.
- Биласизми, кеча бир танишим телеграм орқали қўшни вилоятнинг бир туманида врач айби билан оғир аҳволга тушиб қолган бемор ҳолати кўрсатилган материални ташлаб берди.
- Ҳа, энди ижтимоий тармоқда бундай материаллар кўп-да, таъсир қилган бўлса, ташлаган-да...
- Сиз ҳам шунақа фикрдамисиз?
- Қанақа фикрда? - ҳайрон бўлиб сўрадим.
- Ҳар ким ўзига ёққан ёки ёқмаган постларни бошқаларга ташлайвериши яхши ҳолатми? Очиғи, менга оғир ботди танишимнинг бу иши. Чунки мен касбимга хиёнат қилган одам эмасман. Касбимизга оид барча материалларни, янгиликларни, ҳатто салбий ҳолатлар ҳақидаги видеоларни ҳам кузатиб бораман, муносабат билдираман. Лекин... бу танишим юборган лавҳани ўзимга нисбатан пичинг, киноя, деб билдим. Мени яхши била туриб, шу ишни қилди. Ҳар қанча таъсирли воқеа бўлса ҳам, кимга нима юборишни билиш керак-да...
Шифокор дўстимни гапларини эшитиб, унинг дили оғриганини ҳис қилдим.
Худди шундай бир ҳолатга сал олдинроқ ҳам дуч келгандим. Зиёли акамиз телеграмига танишларидан жуда кўп диний материаллар келаётганидан нолиди. Гап улуғларимизнинг эътиқод, ислом фарзлари ҳақидаги ҳадис ёки ибратли иборалари эмас, балки турли суратлар, чизмалар билан безалган жўн насиҳатлар устида бормоқда.
- Мен намозхонман, кўп вақтимни китоб ўқишга сарфлайман, аммо келаётган панду ўгитлар асабимга тегади. Агар бирор суратли постнинг остида "Яқинларингизга ҳам юборинг, савоб бўлади" деган ёзув бўлса бас, дуч келган телефонга ташлайверишади.
- Ҳар хил савияли одамлар бор-да...
- Йўқ, биродар, ундай ўйламаслик керак, айрим бекорчилар, китоб ўқимайдиганлар буни одат, аниқроғи, эрмак қилиб олишган. Тағин шу исломий насиҳатлар ёнига бошқа тилларда ёзилган дуоларни ҳам жўнатади. Ваҳоланки, унинг мазмунини ўзлари ҳам тушунмайди.
Биродаримнинг мулоҳазалари мени ўйлантириб қўйди. Тўғриси, ўзимга ҳам бу хилдаги хабарлар келади, ҳатто сайтимизда қўйган маълумотни бошқа ердан олиб, ўзимга ташлаб, суюнчи сўрагандек бўлишади.
Ижтимоий тармоқ кўп жиҳатдан қулай, албатта. Хабарларни ўз вақтида етказади. Бироқ унга муккасидан кетганлар борки, кўзига қайси лавҳа яхши кўринса, уни дарҳол танишларига ташлашга ҳаракат қилади. Бу эса, баъзида, ўша воқеадан аллақачон хабардор кишиларнинг ғашига тегиши мумкин.
Интернетдаги лавҳа ва постлардан ҳар ким ўзича, ўз дидига яраша хулоса чиқаради. Шу сабабли бундай материалларни баҳам кўришда озроқ эҳтиёт бўлишимиз керакка ўхшайди. Донолик қиламан, деб яқин одамимизнинг кўнглини оғритиб қўймайлик.
Сўзимнинг охирида ўзим англаган бир ҳақиқатни баҳам кўрмоқчиман:
"Эзмалик, бу фақат кўп гапиришгина эмас, мавридсиз ҳолда берилган оддий саломингиз ҳам эҳтиёжи йўқ кишига эзмалик бўлиб туюлади".
Фармон Тошев.