Икки йил олдин пенсияга чиқиш мумкин, қачонки...
- Ёшим 58 да. Иш стажим 27 йил. Корхонамиздаги лавозимим қисқарганлиги сабабли Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 1-бандига асосан ишдан бўшатилдим. Менга муддатидан олдин пенсия тайинланиши мумкинми?
И.Бекназаров.
- Ҳа, мумкин.
2020 йил 20 октябрдаги Ўзбекистон Республикаси “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунининг 49-моддасида “Технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусияти ўзгаришига олиб келган иш ҳажмлари қисқарганлиги ёхуд ташкилот тугатилганлиги муносабати билан бўшатилган, ишсиз деб эътироф этилган, қонун ҳужжатларига мувофиқ пенсияга чиқиш учун талаб этиладиган умумий меҳнат стажига эга бўлган шахсларга муддатидан олдин (қонун ҳужжатларида белгиланган умумий асосларга кўра пенсия тайинлаш муддатидан икки йил аввал) пенсияга чиқиш ҳуқуқи берилади” деб қайд этилган.
Яъни, аёллар 53 ёшга, эркаклар 58 ёшга кирган бўлса ва талаб этиладиган иш стажига эга бўлса ҳамда ишсиз деб эътироф этилган бўлса, бундай шахсларга пенсия муддатидан олдин тайинланади.
Фақат шуни ҳам ҳисобга олиш лозимки, лавозими қисқартирилган, 53 ёшга кирмаган аёллар ва 58 ёшга кирмаган эркакларга қонунчиликда бундай ҳуқуқ берилмаган.
Саволга ҳуқуқшунос У.Камилов жавоб берди.