Икки ёшга тўлгунга қадар бола парваришлаш ёки моддий ёрдам нафақаси тайинлашда қандай ҳужжатлар талаб қилинади?
Бола икки ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш нафақасини тайинлашда кимга, қайси идорага мурожаат қилиш керак ва қандай ҳужжатлар тақдим этиш лозим?
Ш.Қўчқорова,
Пайариқ тумани Имом Бухорий маҳалласи.
Президентимизнинг 2020 йилнинг 4 августдаги “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига асосан вилоят Пенсия жамғармаси ҳудудий бўлимлари томонидан жорий йилнинг ноябрь ойидан ижтимоий нафақалар тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш ва тайинлаш амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 апрелдаги “Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини идоралараро электрон ўзаро ҳамкорликни қўллаган ҳолда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан “Сирдарё вилоятининг кам таъминланган оилаларига «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида” вақтинчалик низом тасдиқланган (унга 2020 йил 15 майда Вазирлар Маҳкамасининг 286-сонли қарори билан ўзгартириш киритилган).
Мазкур Низомнинг 13-бандида бола парваришлаш бўйича нафақа тайинлаш учун Пенсия жамғармаси бўлими бошлиғи номига ёзилган (махсус шакл бўйича) ариза мурожаат қилувчининг яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига тақдим этилиши белгиланган.
Аризага қуйидагилар илова қилиниши керак:
Ариза берувчи оила аъзоларининг паспорти нусхалари, чет эл фуқаролиги ёки фуқаролиги бўлмаган шахслигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси (доимий ёки вақтинчалик пропискадан ўтганлиги қайд этилган бети билан) ва никоҳ тўғрисидаги, бола туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар нусхаси;
болалар васийлик остида бўлган тақдирда, аризага васийлик ва ҳомийлик органининг қароридан кўчирма илова қилинади;
ушбу Вақтинчалик низомга 2а-иловага мувофиқ шакл бўйича болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олиш учун оиланинг мурожаат қилган ойдан олдинги охирги уч ой учун бошқа даромадлари тўғрисида маълумот;
ушбу вақтинчалик низомга 2б-иловага мувофиқ шакл бўйича тижорат банкларида ариза берувчи ҳамда унинг оила аъзолари номидаги банк ҳисобварақларидаги қолдиқлар ва ариза берилган ойдан олдинги 6 ой мобайнида номига ўтказилган пул ўтказмалари юзасидан маълумотларни тақдим этиш тўғрисида ариза тақдим этилган санада бирга яшовчи 18 ва ундан катта ёшдаги барча оила аъзолари имзолари билан тасдиқланган ариза.
Ариза берувчи томонидан ушбу бандда келтирилган барча ҳужжатларнинг тўлиқ тақдим этилганлиги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан текширилади. Ушбу бандда келтирилган ҳужжатлар тақдим этилмаган ҳолларда ариза кўриб чиқилмайди.
Абдурашид РАҲИМОВ,
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи.