Имконияти чекланган йигит ортопедик оёқ кийимлар ишлаб чиқаряпти

Булунғур тумани Гулзор маҳалласида яшовчи Муҳриддин Абдусатторов иккинчи гуруҳ ногирони, аммо соғлом одамлардан қолишмай ҳунармандчилик билан шуғулланиб келмоқда. У асосан, оёғида нуқсони бор шахслар учун махсус пойабзаллар тайёрлайди.

Муҳриддин ишини дастлаб ўзининг эҳтиёжи учун оёқ кийим тайёрлашдан бошлаган. Кейинчалик ўзи кабиларга қулайлик яратиш мақсадида турли хил пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариб, тадбиркорлигини йўлга қўйган.

Қаҳрамонимиз мактабни битириб, Самарқанд туманида жойлашган имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган коллежда пойабзал ишлаб чиқариш йўналиши бўйича ҳунар ўрганди.

- Коллежда 2 йил давомида шу йўналиш бўйича бошланғич билим ва кўникмаларга эга бўлдим, - дейди у. - Ўқишни тамомлаб, Самарканд шаҳридаги айрим хусусий корхоналарда малакамни оширдим. Ҳам иш ўргандим, ҳам ойлик олдим. Менга оғир юк кўтариш, кўп юриш мумкин эмас. Шунинг учун бу иш менга жуда маъқул бўлган.

У 2021 йилнинг январь ойида ўзи яшайдиган маҳалла ҳудудида устахона очиб, мустақил пойабзал таъмирлаш ва ишлаб чиқариш билан шуғуллана бошлади. Ёш ҳунарманд, аввало, ўз эҳтиёжи учун махсус пойабзал тайёрлади. Кейинчалик оёғида нуқсони бўлган тумандошлари учун мураккаб турдаги оёқ кийимлари ишлаб чиқаришни мақсад қилди.

Айрим имконияти чекланган шахсларнинг оёғига мос пойабзал тайёрлашга ҳаракат қиламан, - дейди Муҳриддин Абдусатторов. - Кимнингдир бир оёғи ривожланмай қолган бўлиши мумкин. Шунинг учун кимгадир бир пойи баланд, бири эса паст тагликка эга пойабзал керак бўлади. Ўлчамини олиб, оёқ кийим тайёрлаб бераман. Улар соғлом инсонлардек юриши мумкин.

Муҳриддин Абдусатторов “Ortopedik shoes sifat” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилди. Ёш тадбиркор айни пайтда ушбу корхона фаолиятини кенгайтириш ҳаракатида.

- Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг махсус платформаси яратилган, - дейди Булунғур тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ногиронлиги бўлган шахслар билан ишлаш бўлими раҳбари Рустам Арслонов. – Бунда тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган ногиронлар учун ортопедик маҳсулотлар рўйхатдан ўтказилади. Республиканинг барча ҳудудларида яшовчи ногиронлиги бўлган шахслар, уйида туриб, шу платформа орқали ўзига керакли маҳсулотга буюртма бериши мумкин. Тумандошимиз, ёш тадбиркор Муҳриддин Абдусатторов тайёрлаётган мураккаб турдаги ортопедик оёқ кийимлар ҳам ушбу платформага жойлаштирилиши режалаштирилган.

Агар маҳсулотларим мазкур платформага жойлаштирилса, мижозларим кўпаяди, - дейди М.Абдусатторов. – Шу иш амалга ошса, корхонам фаолиятини ҳам кенгайтириб, янги иш ўринлари яратиш ниятим бор.

Қаҳрамонимиз нафақат ногиронлар учун, балки соғлом эркаклар учун ҳам пойабзаллар тайёрлаяпти. Имконияти чекланган бўлса-да, бировлардан ёрдам кутиб эмас, аксинча, баъзи эҳтиёжмандларга кўмак кўрсатяпти. Қўл меҳнати орқали ҳалол ризқ топаётган ана шундай ёшларни айримларга ўрнак қилиб кўрсатсак арзийди.

Дилноза Аҳмадова,

Азизбек Ражабов (видео).