’’Брайл фон" имконияти чекланганлар учун имконият

Президент қўлидан "Келажак бунёкори" медалини олишим шу каби яна кўплаб янги стартап лойиҳалар устида ишлашим учун руҳ ва ишонч берди.
Мактабни битирар чоғларим ўзимнинг қизиқишим ва акамнинг маслаҳати билан IT йўналиши бўйича ўқишга ҳужжат топширдим.
Ўқувчилик давримда математика ва инглиз тили фанларини чуқур ўрганганим сабабли олий таълим муассасасига кириш қийин бўлмади. Талабаликда шу йўналиш бўйича кўплаб танловларда иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритганман. Ҳозирда 10 дан ортиқ стартап лойиҳалар муаллифиман.
Ижтимоий қийинчиликларга креатив ёндашиб, жамиятдаги муаммоларга ечим бўладиган лойиҳалар яратиш олий мақсадим. Яқинда кўзи ожизлар учун мўлжалланган ’’Брайл фон" қурилмасини ихтиро қилдим. Бу лойиҳам 6 та тугма орқали брайл алифбосидаги барча ҳарфлар ва рақамларни хосил қилади. Унинг ёрдамида хабар ёзиш қўнғироқ қилиш ва бошқа функцияларни бажариш имконияти мавжуд.
30 июнь мен учун унутилмас кун бўлди. Ёшлар куни муносабати билан ’’Келажак бунёдкори" медали билан тақдирландим.
Давлатимиз раҳбаридан медални қабул қилиб олиш жараёнида кўз олдимдан барча қийинчиликлар, меҳнатлар бирин-кетин ўта бошлади. Бу, албатта, кўпчиликнинг, шу жумладан устозларимнинг, ота-онамнинг, оила азоларимнинг меҳнатлари, қўллаб-қувватлашлари самарасидир.
Мукофотлаш жараёнида давлатимиз раҳбари барча тақдирланганлар билан гаплашди. Уларга ўзининг тилакларини ва раҳматларини айтди. Менга ҳам барча яратилган шароитлардан тўлиқ фойдаланиб, изланишдан, ўқишдан ҳеч қачон тўхтамаслигим кераклигини таъкидлаб, ота-онамга раҳматларини етказиб қўйишимни айтди.
Кичик-кичик лойиҳаларим эътироф этилиб, мукофотланишим менга жуда катта руҳ, ишонч берди.
Тошкентдан қайтишим биланоқ жамоамни йиғиб, янги стартап лойиҳалар устида ишлаш учун ҳаракатни бошлаб юбордим.
Маҳбуба Салимова,
СамДУ магистранти.