Имтиҳондан кейин ким бўламиз? Умидсиз миллатми ёки қудратли халқ?

Коронавирус пандемияси сабабли давлатимиз раҳбари халқимизга учинчи марта мурожаат қилди. Бу сафар сўзи, оҳангида оғриниш, ташвиш ва умид бошқача сезилди.

Президент ўша куни карантин қоидаларини бузаётганлар сонининг 22 мингдан ортганидан (уч кун ўтиб бу рақам 28 мингга яқинлашди) оғринди. Ва, бу ҳолатни “маданиятсизлик”, дея баҳолади. Бу жуда юмшоқ ўхшатиш аслида.

“Япон феномени” ҳақида ҳавас билан гапирди Президент. Нега?

Эътибор қилайлик, японлар нима қилди ўзи? Дунё вакцина тополмаётган касалликка қарши жуда оддий йўл билан курашди ва бу пандемия уларга деярли оммавий зарар етказмади. Ўзига хос саломлашиш, шахсий масофани сақлаш, тез-тез кийим алмаштириш, юз-қўлни ювиш, тўла ювиниш, тўғри овқатланиш, фаол турмуш тарзи ва спорт каби 13 қоида. Атиги шу!

Бундай олиб қараганда, маданиятли инсон ҳар кун қилиши мумкин бўлган оддий ҳолатлар.

Карантин ҳудудидан қочиб кетиб, оила аъзоларининг бағрига ўзини уриш, сохта ҳужжат тайёрлаб, шахсий автомобилда шаҳар кезиш, ниқоб тақмасдан кўчага чиқиш, яширинча тўй қилиш, зиёрат зиёфатини бериш каби ҳолатлар ҳақида гапириш эса мутлақо ортиқча.

Японлар Иккинчи жаҳон урушидан сўнг энг оғир шароитга тушиб қолган миллат сифатида тилга олинади. Урушдан кейин аёллари оммавий тарзда тилла тақинчоқларини давлат иқтисодиётини тиклаш учун топширгани ҳақида бугун ҳам ҳавас билан гапирамиз. Наҳотки, шу даражада оммавий ақлли бўлиш мумкин? Наҳотки, бутун миллат бирдек фикрлаши, нафсини жиловлаши, тарбияланиши мумкин?

Бу воқеага деярли бир аср бўляпти.

Япон маданиятини ифода этувчи яна икки ҳолат бор.

2011 йил Фукуцимада содир бўлган цунами ва зилзила сабаб 18 мингдан ортиқ одам қурбон бўлди. Япония иқтисодиёти ва халқи оғир аҳволда қолди. Дунё жамоатчилигининг эътибори кунчиқар юртга қаратилди. Машиналар, уйлар, одамлар сувда оқди, ўнлаб шаҳар вайрон бўлди. Табиат олдида жаҳоннинг энг ривожланган давлатларидан бири таслим бўлди. Шундай пайтда мамлакатга бошқа давлатлардан гуманитар ёрдам борди. Японлар бу сафар ҳам кимлигини кўрсатди: самолётдан туширилиб, бир жойга тўпланган кийим-кечак ва озиқ-овқат учун навбатда туришди. Қизиғи, ҳеч ким бир-бирининг бурнини қонатмади, навбати келганда, жўнатилган ёрдамдан фақат ўзигагина етадиганини олди. Бир жуфт. Амакиси, холасини ўйламади. Захира учун яна икки жуфтини чопонининг тагига яшириб қўймади...

Иккинчи ҳолат ҳам жуда таъсирли ва тарбияли. 2018 йилда Россияда ўтказилган футбол бўйича жаҳон чемпионатини кўпчилик кўрди. Япон футбол мухлислари ҳар ўйин якунида ўз ҳудудини бўшаган идишлардан, чиқиндилардан тозалаб кетди. Ваҳоланки, бунга улар мажбур эмасди. Чемпионат давомида жуда яхши ўйин кўрсатган Япония ғолиб бўлолмади. Аммо терма жамоанинг якуний ўйинидан сўнг мухлислар яна бир бор ўзларининг кимлигини кўрсатди: мезбон давлат Россияга ва бутун дунёга миннатдорчилик билдирди. Байроқларни ёқмади, дўконларга ўт қўймади, футболчиларни сўкмади.

Назаримда, бугун нафақат биз, ўзбекистонликлар учун синов даври. Синов бутун инсониятга келди. Бундай паллада энг яхши қуроллар, дабдаба-ю асъасалар эмас, умумшаклланган маданиятгина бизни қутқара олади. Синовдан майиб-мажруҳ, руҳан синиб ўтиш бор, янада иродали, янада қудратли бўлиб чиқиш бор!

Исомиддин ПЎЛАТОВ,

"Жомбой тонги" газетаси муҳаррири.