“Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони кимларга берилади?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони таъсис этилган.

Мазкур кўкрак нишони таъсис этилишидан мақсад инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишда катта ҳисса қўшган фуқаролар ва ташкилотларни моддий ва маънавий рағбатлантириш ҳамда тақдирлаш, бу фаолиятни амалга оширишда ўрнак бўлаётганлар намунасини, уларнинг тажрибасини оммалаштиришдан иборат. Бу билан давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини кучайтириш назарда тутилган.

Кўкрак нишони билан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги хизмати, инсон ҳуқуқларини тарғиб қилишдаги фаоллиги, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим, ёшлар ўртасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш анъаналарини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларни ривожлантириш ва бошқаришдаги салмоқли ютуқлари, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги самарали илмий фаолияти учун Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тақдирланади.

Кўкрак нишони билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият олиб бораётган ташкилотлар ҳам тақдирланиши мумкин.

Қарорга кўра кўкрак нишони билан тақдирлаш жараёни қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:

1. Фуқаролик жамияти институтлари, давлат органлари ва ташкилотлари ҳар йили 1 октябрга қадар кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича номзодларни тақдим этади. Таклифларга илова сифатида номзод ҳақида маълумотнома, сўнгги уч йил давомида у томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширган ишлари акс эттирилган тавсифнома тақдим этилади.

2. Ҳар йили 10 октябрга қадар кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш бўйича комиссия ташкил этилади. Комиссия инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, олимлар ва мутахассислар, шунингдек, соҳада фаолият юритаётган халқаро ташкилотлар вакилларидан иборат таркибда тузилади.

3. Комиссия номзодлар бўйича ҳужжатларни ўрганиб, тақдирлашга энг муносиб номзодларни Марказга тавсия қилади.

4. Ҳар йили 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни арафасида кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси тантанали тарзда топширилади.

5. Кўкрак нишони билан тақдирланганлар рўйхати Марказнинг расмий веб-сайтида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

2020-2021 йилларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва улар вакилларининг 12 нафари, давлат ташкилотлари ҳамда олий таълим муассасалари ходимларининг 8 нафари, халқаро ва хорижий ташкилотлар вакилларининг 8 нафари “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони билан тақдирланди.

2022 йилда “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони билан тақдирлашга лойиқ деб топилганлар номзодларга кўкрак нишонларни топшириш маросими 2022 йил 5-6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусидаги Глобал форуми доирасида амалга оширилиши режалаштирилган.