Инсонга ким эътибор бериши керак?
2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб ном берилди. Бу мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсатнинг марказида турибди. Бу сиёсат фақат шу йилда бўлмайди, балки у доимий равишда давом этади.
Аввало, эътибор сўзининг мазмун моҳиятига диққатингизни қаратмоқчимиз. Бу сўз “Ўзбек тилининг беш жилдлик изоҳли луғати”да (5-жилд. – 66-бет) араб тилидан олинган бўлиб, “ҳурмат, иззат-икром; ҳисобга, назарга олиш; обрў, нуфуз”, деган маъноларни англатади.
Навбатдаги масала, «Инсонга ким эътибор қилиш керак?», деган саволнинг жавобини топишда. Юртбошимиз таъкидлаганидек, бизнинг “бунёдкор халқимиз, дуогўй ота-оналаримиз, навқирон авлодимиз” ҳаммаси инсонлардан иборат. Ҳаммасига эътибор қаратилади, бирорта фуқаро четда қолмайди.
Яна бир муҳим жиҳат: Президент айтди, энди бизга давлат эътибор қилиш керак, деб давлатнинг эътиборини кутиб ўтирмаслик керак. Ҳаммамиз шу давлат фуқароларимиз. Демак, бирортамиз эътибордан четда қолмаймиз ва мос равишда ҳар биримиз ҳам бу сиёсатга бефарқ бўлишликка, ўзимиздан тортиб ҳаммага, жамиятга эътибор қилмасликка ҳақимиз йўқ.
“Инсонга ким эътибор бериши керак?”, деган саволга қуйидагича жавоб бўлиш мумкин: биринчидан, ҳар бир инсон ўзига эътибор қаратиши лозим. “Мен кимман? Нималар билан шуғулланишим керак? Ҳаётимни қандай қилсам ўзим хор бўлмай яшайман ва жамиятга, бировларга қандай фойдам тегади?”, деган саволларга ҳар бир киши ўзи жавоб топиб ҳаракат қилиши керак.
Иккинчидан, ҳар бир инсон оилада улғаймоқда ва яшамоқда. Оилада бир-бирига эътиборли бўлиб, ҳеч бир фарзандга бефарқ бўлмаслиги керак. Бефарқлик кайфиятининг бутунлай барҳам топишини оилада бошлаш ва шакллантириш керак. Бировга қарам бўлмасдан яшаш тарзини ҳам айнан оилада сингдириш лозим бўлади.
Учинчидан, ҳамма инсон маҳаллада яшайди. Маҳалладошлар бир-бирини жуда яхши билади. Булар ҳам бир-бирига бефарқ бўлмасдан, агар яшаш йўлини билмаётганлар бўлса, уларни жамоатчилик билан тўғри йўл кўрсатиб, эътибор қилинса, “зараркунанда” инсонлар маҳаллада бўлмайди.
Тўртинчидан, нодавлат-нотижорат ташкилотлари маҳалла ва маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда ҳар бир фуқарога эътиборни кучайтириши лозим. Бунда фақат ночор оилалар, заиф инсонларга эмас, балки илғор инсонларга эътиборни қаратиб, уларнинг илғорликка эришган тажрибаларини оммалаштириш борасида ҳам тегишли тадбирларни амалга ошириш лозим бўлади.
Бешинчидан, хўжалик юритувчи субъектлар унда фаолият кўрсатаётган ҳар бир кишининг иқтисодий-ижтимоий аҳволидан хабардор бўлиши лозим. Илғор ходимлардан фойдаланиб, уларни рағбатлантириш, тажрибаларини оммалаштириш ва ночор, ёрдамга муҳтожларига ҳам эътибор қаратиб, уларни ҳам илғорлар қаторига олиб чиқиш каби чораларини кўришлари лозим.
Олтинчидан, маҳаллий ҳокимликлар аҳолига нисбатан эътиборли бўлиб, давлатимизда олиб борилаётган сиёсатни одилона амалга ошириши, барча фаол инсонлар ва ташкилотларни “иш”га солиб, давлатнинг бу борада олиб бораётган одилона сиёсатининг амалга оширилишига ҳамманинг сафарбар қилиши керак бўлади.
Еттинчидан, давлат томонидан ушбу сиёсатни амалга ошириш учун тегишли қарорлар, “йўл хариталари”, чора-тадбирлар ишлаб чиқиб, ҳар бир тадбирни амалга ошириш учун масъуллар, амалга ошириш вақти, бажарилишини назорат қилиш механизмлари ҳам ишлаб чиқилган бўлиши шарт.
Мана, инсонга эътибор қилишда фақат давлат эмас, балки у билан бирга жами еттита субъект иштирок этар экан. Чунки инсон фақат давлатга эмас, биринчи галда ўзининг камолоти ва фаровонлигини ўйлайди. Шу аснода бошқа субъектларнинг яхши бўлиши ва жамиятнинг барқарорлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади. Шу туфайли унга эътибор ҳам ҳар томонлама бўлиши лозим.
Мамаюнус Пардаев,
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори, иқтисодиёт фанлари доктори.