Интенсив боғлар нега қурияпти?
Бу йил ёз кутилганидан ҳам иссиқ келди. Ҳавонинг кескин кўтарилиши оқибатида дов-дарахтлар, мевалар, интенсив боғларда ҳам салбий ҳолатлар кузатилди. Айрим ҳудудларда экилган интенсив боғдаги кўчатлар иссиқдан қуриб қолиши ҳолатлари кузатилган. Хўш, бу ҳақиқатан ҳам иссиқ туфайлими ёки кўчатларнинг қуриб қолишига бошқа сабаб борми?
- Одатий боғлардан фарқли равишда интенсив боғлар учун ҳароратнинг кескин кўтарилиб кетиши зарар келтиради, - дейди М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти Самарқанд илмий тажриба станцияси бош агрономи Бобур Ҳайдаров. - Чунки одатий боғда кўчатлар 30-40 сантиметр чуқурликка экилиб, илдизи 1 - 1,5 метр чуқурликкача етади, интенсив боғларда эса кўчатлар ернинг юза қатламида 25-30 сантиметр чуқурликда жойлашганлиги боис кўпи билан ҳар 10 кунда томчилатиб суғориб туриш керак. Яъни, кўчатларнинг илдизи доим нам бўлиши лозим.
Интенсив боғлар учун асосан Европа давлатларида тайёрланган кўчатлар келтирилди ва табиийки, бу кўчатлар ўша ердаги нисбатан нам ва салқин иқлимга мослашган бўлади. Бундай боғлардан яхши ҳосил олиш учун майдонларнинг устини тўр сеткалар билан ёпиш лозим. Бу, аввало, боғни иссиқдан сақлайди ва ҳосилни қушлардан ҳимоя қилади.
Яна бир масала. Кўчатлар фақат иссиқдан қуримайди. Ҳозир боғдорчиликда монепиал куйиш касаллиги пайдо бўлган. Бу касаллик ёмғирдан кейин қуёш нурининг тўғридан-тўғри тушиши ва ҳароратнинг кескин ошиши натижасида юзага келиб, асосан олма, беҳи каби данакли мевали дарахтларга тушади ва бир майдондан иккинчи майдонга кўчади. Бу касаллик дарахтнинг баргини қовжиратади, кейин кўчат танаси қурийди. Кўчат кўринишидан иссиқ ҳаво ва сувсизликдан қуриб қолганга ўхшайди. Бу касалликни бартараф этиш учун юқорида айтганимдек, майдон устига тўр сетка ёпиш керак ва кўчатнинг ўсув даврида эктохлорог, хлороксомед билан ва уйқу даврида оҳак ва олтингугурт аралашмаси (ИСО) кимёвий воситалари билан мутахассис иштирокида ишлов бериш лозим.
Маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, вилоятимизда 26,3 минг гектар боғ майдони бўлиб, унинг 20,4 минг гектари ҳосилга кирган. Бу боғларнинг 10 минг гектардан ортиғини томчилатиб суғориладиган интенсив боғлар ташкил этади.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.