Иқтисодиётимиз ташқи муҳитга қанчалик мослашувчан?
Ёки “Зармитан” конида амалга оширилаётган ишлар ва унда меҳнат қилаётган кончиларнинг ўй-фикрларига назар
Яқинда Евроосиё тараққиёт банки экспертлари тарқатган бир маълумот эътиборимни тортди. Унга кўра, сўнгги 10 йил давомида Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши 5,9 фоизни ташкил этди ва бу мамлакат жадал ривожланаётганидан далолат беради.
Ҳисобот муаллифларининг ёзишича, республика иқтисодиётида жиддий ўзгаришлар 2017 йилда бошланган ва ҳозирда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг ривожланиш стратегияси доирасида давом этмоқда. Ўзбекистон иқтисодиёти бўйича Марказий Осиёда Қозоғистондан кейин иккинчи ўринда туради. Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти – 69,2 миллиард АҚШ долларига тенг бўлиб, мамлакат қимматбаҳо металлар, мис, уран, вольфрам, кўмир ва табиий газ сингари кўплаб табиий ресурсларга бой. Саноатда металлургия, машинасозлик, тўқимачилик, озиқ-овқат ва кимё саноати етакчилик қилмоқда.
Евроосиё тараққиёт банки таҳлилчиларининг фикрича, Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий устунлиги унинг доимий ўзгариб турадиган ташқи муҳитга тез мослаша олишидадир.
Хуш, ўша молия муассасаси таҳлилчиларининг фикри қанчалик тўғри? Ўзбекистон иқтисодиёти ташқи муҳитга қанчалик мослашувчан? Шу саволга жавобни “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти тасарруфидаги “Зармитан” конида амалга оширилаётган ишлар ва унда меҳнат қилаётган кончилар ўй-фикрлари мисолида топишга уриниб кўрамиз.
Қўшработ кенгликлари сари йўл
Соат миллари 9:30 ни кўрсатмоқда. Ижодий гуруҳимиз билан “Зармитан” кони томон йўлга чиқдик. Йўл-йўлакай сафар режалари ҳақида гаплашиб боряпмиз. Нурота тоғ тизмаси чўққилари ҳамда Қўшарботнинг яланғоч қирлари бу йилги куз ўтган йилга нисбатан қурғоқчил келганлигидан далолат беради. Октябрнинг нисбатан илиқ дайди шамоли эрмак қилаётган илдизидан айрилган янтоқ хазони бутун борлиқни карахт қилгану, у худди алаҳсираётган инсон онгидаги сароб сингари йўлтанламас автоуловидаги ижодий жамоамиз идрокини аллалаётгандек эди. Биз бир замонлар қишида туяни ютгудек қор бўладиган Қўшработнинг нисбатан яланғоч кенгликларидан ўтиб, “Зармитан” конига етиб борганимизда қорамтир тусга кирган осмон ошиқдан аразлаган маъшуқадек ҳурпайиб олганди. Гуёки, аразчининг ўпкаси бетўхтов тўлиб бораёбти-ю, ана-мана дегунча ёмғир шаррос урадигандек эди. Кечикаётган ёғингарчилик шундоқ ҳам тиним билмас чуғурчуқлар вужудига ғулғула солган. Уларнинг шовқини шундоғам камгап шахтёрлар шуурини чўлғаб олган. Кончилардан бошқа ҳеч кимга маълум бўлмаган ҳиссиёт таъсирида зармитанлик шахтёрлар сукунат оғушида эриб кетаётгандек эди. Ана шундай октябрнинг сўнгги манзаралари остида “Зармитан” кони маъмурияти биносига кириб бордик. Мақсадимиз, кончилар меҳнати, уларнинг орзу-ҳаваси билан танишиш эди.
Қоронғиликка кўзлар тез мослашади
Дастлаб, кон бошлиғи Илҳом Ўсаров билан учрашиб, ташрифимиз мақсадини айтдик.
- Конда иш тўхтамайди, - дея гап бошлади И.Ўсаров. – Чунки ишимиз бевосита ҳаракат билан боғлиқ. Раҳбарият томонидан кунлик режа қўйилган. Унга кўра ер остидан кунига икки минг уч юз тоннадан ортиқ маъдан қазиб олишимиз лозим. Ўша икки минг уч юз тоннадан зиёд қазиб олинган маъдан 4-гидрометаллургия заводининг бир маромда ишлаб туришини таъминлайди. “Зармитан” конида маъдан қазиб олиш шахта, яъни ерости кон ишлари усулида амалга оширилади.
Ер қаърида шаклланган маъданни олтинга айлантириш ишлари бир нечта босқичдан иборат. Бу жараёнда юзлаб мутахассис меҳнат қилади. Геологлар маъдан жойини, унинг ётиш бурчаги, қалинлигини аниқласа, маркшейдерлар ҳудудга бурғулаш нуқталарини белгилайди. Скважиналар ёки шпурлар бурғилангач, портлатувчилар портлатиш ишларини бажаради, маъдан ҳайдовчилар томонидан улкан ва қудратли ер ости техникаларида шахтадан ташиб чиқилади. 4-гидрометаллургия заводига жўнатилади. Заводда эса бир неча цехдан ўтиб, ярим тайёр маҳсулот кўринишига келади.
Ҳамсуҳбатимизнинг маълумотлари бизни қизиқтириб қўйди. Айнан шу қизиқиш ва иштиёқ бизни горизонт бўйича 500 метр ерости томон етаклади.
Дастлаб, кондаги тиббиёт ходимлари қон босимимиз ва юрагимиз уришини текшириб кўришди. Соғлиғимиз тиббиёт ходимларини қониқтирди шекилли, бизни шахтага тушиш тамойилига асосан техника хавфсизлик тартиби ҳақида бирламчи тушунча берадиган хонага бошлашди. Коннинг техника хавфсизлиги бўйича мутахассислари эса конга тушиш ва у ерда риоя этишим керак бўлган қоидаларни тушунтирди.
- Аслида, конда ишлаш ўзига яраша машаққатли ва масъулиятли, - деди коннинг меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги бўйича бўлим бошлиғи Шерзод Туканов. - Ер остида ҳар бир ҳаракат ва қадам аниқ ҳисоб-китобларга асосланади. У ерда аҳамиятсиз нарсанинг ўзи йўқ. Оёқ остидаги нўхатдеккина тош нафақат сиз учун, балки у ерда меҳнат қилаётганлар учун ҳам ҳаёт-мамот воситаси бўлиши мумкин. Конда шошқалоқлик ярамайди. Ер остида тезлик - секин, лекин танафуссиз, дегани. Бир сўз билан айтганда, кон хатони кечирмайди. Шунинг учун техника хавфсизлик қоидаларига тўлиқ амал қилишимиз шарт.
У ердан чиқиб, махсус кийимлар, шунингдек, хавфсизлик учун керак бўладиган бирламчи воситаларни қабул қилдик. Бу ҳақда махсус дафтарга қайд этиб, имзо ҳам қўйдик.
Шахтага махсус кўтарма мосламаси орқали кон муҳандиси Ўктам Абдулаҳатов ҳамроҳлигида тушдик. У ердан ер ости техникасида соатига 20 километр тезликда шахтёрлар ишлаётган манзил томон йўл олдик. Ер қаърига тушиш бироз ҳадикли, қўрқувга соладиган тор, зим-зиё қоронғилик. Машина чироғининг хира ёруғи ер қаърига сингиб кетади. Қоронғуликка кўзлар тезда мослашади. Йўл-йўлакай ҳамроҳ – кон бош муҳандиси Ўктам Абдулаҳатовга бир қанча саволлар билан юзланаман.
- Айтишларича, кончилик касби дунёдаги энг хавфли ўнта касбнинг бири сифатида тилга олинар экан.
- Тўғри, - қатъий оҳангда жавоб берди кон бош муҳандиси. - Ер остида ишлаш, тор йўлакчалар ва ҳаво танқислиги шароитида минерал тошларни майдалаш – бу ҳар ким ҳам уддалай оладиган машғулот эмас. Шунинг учун кўпчилик бу касбни танлашдан чўчийди. Конимиздаги барча мутахассислар айни касб машаққатини яхши англаган ҳолда кончиликни танлашган.
- Одатда, оғир ва масъулиятли юмушларни бажарадиган касб эгалари оғир ва вазмин бўлишади. Кончиларнинг босиқлиги касб машаққатлилиги сабабидандир?
- Биласизми, - деди ҳамроҳим Ўктам Абдулаҳатов, - маконнинг ўзгариши замоннинг ўзгаришига олиб келади. Ер остида ишлаш одамни босиқ ва вазмин қилиб қўяди. Бу ерда инсон идроки тезлашади. Тепадаги ҳар бир нарсанинг, ҳатто сиз учун аҳамиятсиз бўлган чўпнинг ҳам қадри ер қаърида ўн чандон ортади. Чунки шахтада вақт тушунчаси ўзгаради. Бу ерда ўтаётган ҳар бир сония инсонни ҳаёт ҳақида идрок қилишга ундайди. Тан олиш керак ер ости оламида ер усти дунёси янада қадрли туюлади. Бу ерда ахлоқ – юрак оқиллиги саналади.
Орага инсонни мушоҳадага чорловчи сўкунат чўкди. Суҳбатдошим Ўктам Абдулаҳатов ҳам, биз ўтирган техникани бошқараётган ҳайдовчи ҳам, ер сатҳидан қарийб 500 метр пастликда соатига 20 километр тезликда ҳаракатланаётган техникада кетиб бораётган камина ҳам фикр-хаёлларимизга ўралашиб олдик. Шу зайлда қанча юрганимизни билмайман. Чунки Ўктам ака айтганидек, “ер қаърида вақт тушунчаси ўзгаради”. Бу ерда идрок тезлашиб, сен учун аҳамиятсиз бўлган нарсалар ҳақида мушоҳада юрита бошлайсан. Айни пайт ёнингда бўлмаган яқинларингни ўзингча идеаллаштирасан. Масофалар узоқ бўлганида ҳислар янада авж олишига иқрор бўласан.
Нотекис йўлдан силтаниб, бир маромда ҳаракатимизни давом эттираяпмиз. Кутилмаганда рўпарамиздан маъдан ортган баҳайбат транспорт воситаси пайдо бўлди. Тан оламан, мени ваҳима ўз домига торта бошлади. Ахир, қарийб 500 метр ер остида битта техника сиғадиган туйникда иккита техниканинг рўпарама-рўпара туриши... Бу ақлга сиғмас ҳолат. Ҳар ҳолда ўша пайтда. Миямда нимадир қилиш керак, деган савол ўйнай бошлади. Саволга жавоб топиш илинжида ҳамроҳимга юзландим.
- Ваҳимага эрк берманг, - деб мени юпатган бўлди ҳамроҳим. Биз ўтирган машина туслай бошлади. - Ер ости қия лаҳмида транспорт воситаси бир томонлама ҳаракатланади. Маълум бир узунликда қўшимча кон лаҳмлари мавжуд. Бу қарама-қарши томондан келаётган транспорт воситасига йўл бериш учун махсус тайёрланган. Ҳозир, биз ўша кон лаҳмига кириб, рўпарамиздаги юк транспортига йўл берамиз. Сабаби, улкан машиналар тоғ жинсларини ортган ҳолда ер қаъридан секинлик билан тепага чиқиши осон эмас. Уларнинг ҳар бири 20 тоннадан 30 тоннагача тоғ жинсларини юқорига олиб чиқмоқда.
Биз ўтирган техника ҳайдовчиси орқага ҳаракатланиб, йўлнинг чап томонидаги четида транспот воситалари бир-бирига йўл беришлари учун ҳозирлаб қўйилган махсус жойга кириб турди ва йўл берганимиз, ерости транспорт воситаси ўтиб кетгач, яна йўлимизда давом этдик. Пастга тушиш баробарида қарама-қарши томондан келаётган транспорт бир неча бор ана шу йўлакларга “беркиниб” кейин йўлида давом этишига тўғри келди.
Ниҳоят, шахта йўлини давом эттириш учун махсус перфоратор билан ер остидаги қаттиқ жисмларни бурғулаётган ва портлатиш ишларига тайёргарлик кўраётган кончилар олдига етиб келдик. Уч-тўрт киши ўз юмуши билан банд. Тоштешар техникадан чиқаётган шовқин ўзи шундоқ ҳам ваҳимали бўлган шахта сирлилигини янада оширади.
- Геологлар ва маркшейдерлар томонидан аниқланган маълумотлар асосида, вертикал ҳамда горизонтал ҳолатлардаги лаҳмларга ўтилади – дейди ST-2G маркали ўзи юрар техника оператори Носир Абдурапов. - Ҳар олтмиш метр чуқурликда шахтанинг бир-бирига паралел қават(горизонт)лари жойлашади ва денгиз сатҳидан баландлик метри билан номланади ва ўша қаватда тегишли лойиҳа асосида қазиш ишлари амалга оширилади. Агарда қирқимига қаралса, шахта кўп қаватли маҳобатли иморатга ўхшайди. Иш вақтимиз тугагач, уни кейинги сменадагилар давом эттиришади. Шу тарзда уч сменада узлуксиз иш жараёни олиб борилади.
Ер қаъри сирлилик ва мукаммаллик рамзи. Уни тадқиқ этишнинг охири, англашнинг ниҳояси йўқдек. Ер қаърини тушуниш ва англаш учун йиллар камлик қилади, уни ҳар ким ўзича талқин этади. Фақат бир нарса аниқки, шахтёрларнинг қалби ва кон ўртасида кўринмас ип бор: сени истак ва хоҳишларинг туйнук томон чорлайди, ер қаъри узра тортади. Фикрлар моддийлашиши, ниятлар рўёби аниқ экан, ҳар бир хаёл ва орзу учун масъулиятни ҳис этасан - ўзинг ва кон олдидаги масъулиятни.
- Олаётган маошингиз рўзғорингизга етадими?
- Худога шукур! Рўзғорим обод, эгнимиз бут, қозонимиз қайнаб турибди, - деди Носир Абдурапов. - Машаққатли меҳнатимизга яраша маошларимизни ўз вақтида олиб келяпмиз. Ҳар йили саломатлигимни мустаҳкамлаш учун сиҳатгоҳларда дам оламан. Мавсумий махсус иш кийимлари билан таъминланганман. Эҳтиёжимдан келиб чиқиб, моддий ёрдам ҳам бериб туришади. Иссиқ овқат билан таъминлашади. Нафақат менинг, балки бутун оиламнинг саломатлиги мунтаззам назоратда. Бу ишларнинг барчаси комбинат ҳисобидан амалга оширилади. Шу иш ортидан уй қурдим, тўй қилдим. Фарзандларимни олий маълумотли ва уйли-жойли қилдим. Оддий ўзбек оиласи бутлигигига шуларнинг ўзи етарли бўлса керак.
Портлаш ишлари якунига етгач, маъданлар махсус транспорт воситалари ва ер ости минивагонларда ер устига олиб чиқилади. У ердан 4-гидрометаллургия заводига ташилади.
- Айни пайтда “Зармитан” конида 1 минг 700 нафардан ортиқ ишчи-хизматчи фаолият олиб бормоқда, - дейди кон бош муҳандиси. - Кон 5 та тик ствол, яъни 3 та асосий ва 2 та ёрдамчи стволлар ҳамда бир дона қия ствол билан очилган. Қия ва асосий стволлар асосан шахтани шамоллатишга, тоғ жинсларини юқорига – ер юзасига чиқаришга, ишчиларнинг шахтага тушиб-чиқиши, асбоб-ускуналар, материалларни тушириб чиқаришга хизмат қилади.
- Тушунарли, лекин мени бир нарса қизиқтирмоқда. Юзлаб метр ер остида ишлаётган кончиларни тоза ҳаво билан таъминлаш лозим. Чунки ер қаърига қанчалик чуқур тушсангиз ҳаво шунчалик сийраклашиб бораверади.
- Тоза ҳаво оқими шахтага “Асосий” ва 10-сонли шахта стволлари орқали юборилади ва ишлатилган ҳаво 3-сонли ва “Скипли” стволлар ҳамда қия ствол орқали ер юзига чиқариб юборилади, - деди ҳамсуҳбатим. - Биласизми, ҳар қандай шахтада ҳаво сўрғич ва пуркагичлар бўлади. Шу жумладан бизда ҳам.
2011 йилда 11 минг метр кон лаҳмлари қазиб ўтилган бўлса, 2025 йилнинг бугунги кунига қадар 22 минг метр кон лаҳилари қазилди. Ер ости кон лаҳмларини қазиб ўтиш ишлари олтин маъдани қазиш ишлари билан параллель равишда олиб борилмоқда. Жорий йилда ер остидан олтинли маъданни қазиш ҳажмини 830 минг тоннага етказиш режалаштирилмоқда.
Аслида бекорчи одам тўкис бахтни ҳис қила олмайди, унинг юзида ҳамиша норозилик ва ҳафсаласизлик аломатларини кўрасиз. Бугун “Зармитан” конида 360 метрлик ер қаърида 6 соату 36 дақиқа тиним билмасдан меҳнат қилаётган қаҳрамонларимиз юзида норозилик ва ҳафсаласизлик аломатларини кўрмадим. Чунки конда ҳар бир куннинг ўз масалалари бўлади, уларни бирин-кетин ечиб, шахтёр олға қадам ташлайверади. Шахтёрлар ишининг жозибаси ҳам ана шунда.
- Бугун юртимизда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар шиддат билан амалга оширилмоқда. Бундан ҳеч бир корхона ва шахс четда қолаётгани йўқ. Шу жамиятнинг бир бўғини сифатида сизлар меҳнат қилаётган конда ислоҳотлар қай йўсинда амалга оширилмоқда?
- Албатта, бу жараёндан биз ҳам четда қолганимиз йўқ, - деди “Зармитан” кон бош муҳандиси Ўктам Абдулаҳатов. - Чунки биз ҳам жамиятнинг бир бўғинимиз. Яхшиси, фактларга таянайлик. 2011 йил конда 1 минг 100 нафар ишчи-хизматчи меҳнат қилган бўлса, ҳозир 1 минг 700 нафардан зиёд ишчи-ходимлар меҳнат қилмоқда. Ўша йили 640 минг тонна руда қазиб олинган бўлса, бу кўрсаткич 2025 йилга келиб 830 минг тонна ёки руда қазиб олиш 2011 йилга нисбатан қарийб 1,3 марта кўпайди. Жорий йил конда нафақат юртимизда, балки Марказий Осиёда ягона “Скипли” ствол муҳандислик иншооти фойдаланишга топширилди. “Зармитан конининг қуйи горизонтларини ўзлаштириш” инвестицион лойиҳаси доирасида барпо этилган мазкур муҳандислик иншоот маъдан ташиш унумдорлигини ошириш, харажатларни камайтириш билан бирга 90 та янги иш ўрни ва корхона учун қўшимча қиймат яратиш имконини берди. Ундан келадиган йиллик иқтисодий самарадорлик 19 миллиард 200 миллион сўм, деб баҳоланмоқда. Масалан, фақат тоғ жинсларини ер юзасига чиқаришга мўлжалланган скипли ствол ёрдамида бир суткада 3 минг 835 тонна маъдан ер остидан ер сатҳига олиб чиқилмоқда. Бир йилда бу кўрсаткич 1 миллион 400 минг тоннани ташкил этади. Қурилма электр энергияси ҳисобига ишлагани боис, экологик жиҳатдан атроф-муҳитга мутлақо салбий таъсири йўқ. Муҳими, вақт сарфи ва ёқилғи материаллари 60-70 фоизгача иқтисод қилинади.
- Сир эмас, кончилик ва металлургия технологияси асосан хорижда ишлаб чиқарилади. Бугунги геосиёсий вазият сабаб нафақат бизда, балки дунё бўйлаб ускуна ва қисмлар билан таъминлаш логистикасида сезиларли қийинчиликларни юзага келтирди. Бу борадаги қийинчиликлар кон иш фаолиятига таъсир қилмаябдими?
- Бу борада ҳукуматимиз ва “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти раҳбарияти томонидан махсус дастурлар ишлаб чиқилган. Бу борада тўхталмоқчи эмасман. Лекин бевосита шу конда ишлаётган ходим сифатида айтмоқчиман: комбинатимизда Навоий машинасозлик заводининг қўли гўл ишчи-ходимлари томонидан импорт ўрнини босувчи сифатли, ҳам арзон маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Бир сўз билан айтганда, конда маҳаллийлаштириш жараёни замон билан ҳамнафас олиб борилмоқда, - деди кон бош муҳандиси.
Сафаримиз ҳам поёнига етиб, уйга қайтиш вақти бўлди. Кон бош муҳандиси Ўктам Абдулаҳатов билан “Зармитан” конининг нотекис йўлидан силтаниб, бир маромда ҳаракатимизни давом эттиряпмиз. Ниҳоят рўпарамиздан ёруғлик кўринди. Бу сиз ўйлаётган чироқ эмас, ёруғ оламни қучоғига олган нур эди.
Мансур ҲУСАНОВ.