Иссиқдан эмас, ваҳимадан эҳтиёт бўлайлик!
Кеча ўғлим қизиқ бир иш қилибди.
Кўчага чиқиб, асфальтга тухум чақиб кўрибди.
- Ая, тухум ёйилиб кетди, лекин пишмади, - дейди ҳайратланиб.
Аччиғим келди.
- Ўғлим, тухумни бекорга исроф қилибсан оёқ остига. Табиатни синаш учун ҳам бошқа йўл топса бўларди, — дедим.
Лекин шу кичик воқеа менга катта бир ҳақиқатни эслатди.
Бугун баъзилар иссиқни кўриб, худди дунё тугаётгандек ваҳимага тушяпти...
Аввал иссиқ бўлмаганми? Бўлган!
Аввал саратон бўлмаганми? Бўлган!
Аввал чилла бўлмаганми? Бўлган!
Аввал интернет бўлмаган, ижтимоий тармоқлар бўлмаган! Кишиларда сабр-тоқат бўлган! Одамлар сал нарсага бақир-чақир қилмаган!
Фақат аввал одамлар ҳар бир иссиқ кунни телефонига олиб, бутун дунёга тарқатмасди.
Қуёшнинг тафтида пишган мевалар қаердан келади? Тилёрар қовунлар, узумлар эсингиздами? Албатта - қуёшдан!
Ҳа, иқлим ўзгариши бор, илмий ҳақиқат бу. Инсон фаолияти туфайли дунёда ҳарорат кўтарилаётгани ҳақиқат! Лекин ҳар бир иссиқ кунни фалокатдек қабул қилиш, ўзимизга ва атрофдагиларга ваҳима тарқатиш яхши эмас.
Биз қуёшли юрт фарзандларимиз. Бу заминнинг тупроғи ҳам иссиқ, меҳри ҳам иссиқ. Илгари ваҳимачи эмасдик!
Европаликлар учун бу АНОМАЛИЯ бўлиши мумкин, уларда бунақа иссиқлар ростдан бўлмаган. Биз эса табиатан қайноқ қонмиз, мижозимиз ҳам иссиқ!
Кўпроқ СУВ ичинг, салқин жойда дам олинг, кексалар ва болаларни асранг! Тик қуёш нуридан сақланинг!
Қолгани - табиатнинг қонуни, ахир!
Қуёш - душманимиз эмас, у ҳаёт манбаи, тириклик асоси!
Шукр қилинг ва яшашда давом этинг!
Нима дедингиз?
Гулчеҳра Бердиёрова.