Жадидчилик ҳаракати ва Саидризо Ализода: миллий уйғониш ва маънавий янгиланиш манбалари
Америкада чоп этиладиган “American Journal of Language, Literacy and Learning in STEM Education” журналида Самарқанд давлат чет тиллар институти мустақил тадқиқотчиси Улуғбек Назаров Саидризо Ализода ҳақида шу номдаги мақоласи чоп этилди.
Қуйида ушбу мақолани қисқартирилган ҳолда эътиборингизга ҳавола қиламиз.
***
Самарқанд жадидчилик ҳаракатининг ёрқин намояндаларидан бири бўлган Саидризо Ализода ўз умрини халқни илм-маърифат нури билан йўғрилган ҳолда тарбиялашга, миллий ўзликни англашга чорлашга бағишлаган фидойи маърифатпарвар эди.
У учун маърифат жамиятни зулматдан нур сари етакловчи қудратли восита, инсонни ўзлигини англашга, тарихий илдизларига қайтишга олиб борувчи йўл эди. Ализода халқ қалбига ўзликни англаш, миллий ғурур, эркин тафаккур ва тараққиёт ғояларини сингдириш орқали жамиятда уйғониш, янгиланиш ҳаракатларини рағбатлантиришни ўзининг асосий мақсади қилиб олди.
Саидризо Ализода ўз даврининг етук маърифатпарварларидан бири сифатида Шарқ ва Ғарб тамаддунлари ўртасида илмий-маънавий кўприк вазифасини бажарган таниыли маърифатпарвар эди. У ўзининг кенг дунёқараши, чуқур билимдонлиги ва кўп тиллилик салоҳияти орқали ўзбек ҳамда тожик тилларини бойитиш, халқлараро маданий мулоқотни ривожлантириш йўлида улкан хизматлар кўрсатган.
Ализоданинг серқирра таржима фаолияти нафақат жаҳон адабиёти дурдоналарини маҳаллий ўқувчиларга етказишга, балки Шарқнинг мумтоз асарларини рус тилига таржима қилиш орқали Ғарб жамоатчилигини Шарқ адабий-фалсафий мероси билан таништиришга ҳам қаратилган эди. У адабиёт, тилшунослик ва маданият соҳаларида фаолият юритар экан, таржима ишини оддий лингвистик жараён эмас, балки маданиятлараро мулоқот, тафаккурлар чорраҳасидаги узвий алоқадорлик сифатида баҳолаган.
Манбаларда ёзилишича, 1906 йилда Саидризо ўз мактабини очишга қарор қилади ва русийзабон аҳоли учун ўзбек ва тожик тиллари курсларини ташкил қилади. Шу билан бирга у ўз даврининг пешқадам ва таниқли кишиларидан эди. Албатта, Саидризо ҳам “сўзловчи шахс” сифатида ўз давр нуқтаи назаридан келиб чиқиб, ҳодисалар, воқеалар, ҳаракатларнинг шунчаки тавсифини кўра била туриб жўнгина бир ҳодиса сифатида қарамайди, онгли шахс сифатида ўзининг жамиятдаги мавқеидан келиб чиқиб, ўзининг маърифий нутқини баралла айта олади.
Саидризо Ализода нафақат адабиёт ва таржимашунослик, балки мусиқий маданиятни ҳам чуқур англаган, унинг эстетик ва тарбиявий кучини юқори баҳолаган зиёли эди. У мусиқани халқ маънавиятининг ажралмас бир бўлаги, миллий ўзликни ифодаловчи эстетик шакл сифатида қабул қилган. Айниқса, у мусиқанинг инсон руҳиятига, тафаккурига ва тарбиясига ижобий таъсирини чуқур англаб, уни маърифий восита сифатида қадрлаган.
Манбаларга кўра, 1913 йилда Ализода Узеир Гажибековга хат билан мурожаат қилиб, ундан Ўзбекистонда, кўп сонли озарбайжонлар истиқомат қиладиган Самарқандда шу миллат мусиқасини оммалаштиришга ёрдам беришни сўраган. Бунгача у Бокуга, М.Собирникига борганида У.Гажибеков билан бир неча бор учрашган. Гажибеков унинг илтимосини бажариб, Самарқандга бир гуруҳ мусиқачиларни жўнатган. Уларнинг ёрдамида Саидризо Ализода Самарқандда У.Гажибековнинг “Униси бўлмаса, буниси”, “Аршин мол олон” мусиқали комедияларини ва бошқа асарларни саҳналаштирган. Кейинчалик тожик тилида Ж.Молернинг “Зўраки табиб” асарини саҳнага олиб чиққан. У мусиқани шунчаки маданият элементи эмас, балки миллий ўзликни англаш, эстетик тарбия ва маънавий уйғониш воситаси сифатида тушунган. Бу нуқтаи назар Ализоданинг жамиятни ҳар томонлама етуклаштиришга бўлган ёндашувида муҳим ўрин эгаллайди.
Шунингдек, Ализода Шарқ мусиқий анъаналарининг фалсафий илдизларини ҳам қадрлаган, уни фақат эшитиладиган оҳанг эмас, балки руҳий-ахлоқий ҳолат сифатида талқин қилган. Бу жиҳатлар уни эстетик тафаккурга эга, мусиқий маданиятни теран англаган мутафаккир сифатида кўрсатади.
Саидризо Ализода ўз публицистик фаолиятида ватанпарварлик ғоясини фақат туйғу даражасида эмас, балки ижтимоий онгни уйғотувчи, миллий ўзликни шакллантирувчи ғоявий куч сифатида тарғиб қилган. Унинг “Туркистон – бизнинг Ватанимиз” номли мақоласида ифодаланган фикрлар бунга яққол далилдир. Ализода ушбу мақолада ўзининг она юртга бўлган чексиз меҳр-муҳаббатини чуқур ҳис-туйғу ва ғоявий қатъият билан баён этади. У қуйидаги чақириқ орқали ўқувчилар қалбида ватан дардига бефарқ қолмаслик, зулм ва истибдодга қарши кураш ғояларини уйғотишга интилади: “Бизнинг Ватанимиз – тақдири зулмкор чор ҳукумати қўлида бўлганида, Ватанимиз номуси ўзгаларнинг қонли чангалида азоб тортганида биз қандай жим турамиз?!”.
Бу чақириқ Ализоданинг публицистик тилида фақат сиёсий баён эмас, балки руҳий уйғониш, миллий ўзликни англаш ва фидойилик руҳида тарбия бериш усули сифатида намоён бўлади. Хусусан, “Шуълаи инқилоб” журналининг 1919 йил 4-сонида чоп этилган мақоласида ҳам Ализода Ватан тинчлиги, бахти ва истиқболи учун курашиш зарурлигини муқаддас бурч сифатида талқин қилади. У Ватан бағрида яшаб, унинг неъматларидан баҳраманд бўлиш, аммо унга содиқ ва ғурурли фарзанд бўлолмасликни инсоний ва ахлоқий нуқсон сифатида қоралайди: “Шу ернинг об-ҳавосидан баҳраманд бўлиб камол топсанг-у, унинг шарафини ҳимоя қилувчи номусли ва содиқ фарзанд бўлолмасанг…”.
Бу фикрлар Ализоданинг Ватан ҳақидаги қарашлари шунчаки риторик эмас, балки ахлоқий-фалсафий мезон, инсоний позиция ва миллий мажбурият даражасида шаклланганини кўрсатади.
Саидризо Ализода ана шундай юксак ва ҳур фикрлари орқали ўқувчилар онгида миллий ифтихор, эркинлик руҳи ва Ватанга муҳаббатни уйғотган. Унинг чақириқлари маънавий уйғонишга ундовчи кучли ғоявий манба бўлиб, ўз замонида миллий уйғониш ҳаракатига туртки берган, бугун эса миллий онгни мустаҳкамловчи бебаҳо мерос сифатида қадрланади.
Саидризо Ализода миллат истиқболини фақат ташқи сиёсий омиллар, яъни мустақиллик, эркинлик ва озодлик билан боғлаш билан кифояланмаган; у бу тушунчаларнинг моҳиятини чуқур фалсафий нуқтаи назардан англаб, уларни ички маънавий янгиланиш билан узвий боғлиқ ҳолда талқин этган. Унинг тафаккурида ҳақиқий озодлик, бу, аввало, тафаккур озодлиги, онгнинг уйғониши ва инсоннинг ўзлигини англаш жараёни эди.
Ализода миллат тараққиётини ғоявий жиҳатдан "тақдир эмас, танлов" деб билган. Яъни, халқнинг келажаги ташқи кучлар эмас, ички интилиш, билим, тафаккур ва маънавий уйғониш орқали белгиланиши керак. У жамиятнинг ривожланишини детерминистик (олдиндан белгиланган) эмас, балки инсон онгининг ўзгарувчанлиги ва шаклланишига асосланган иродавий жараён сифатида кўрган.
Бошқа давлатларнинг таълим тизимини ўрганиб, уларни фалсафий тажриба майдони сифатида таҳлил қилган Ализода учун таълим — бу шунчаки билим бериш воситаси эмас, балки инсонни инсон қилувчи, уни тарихий субъектга айлантирувчи ғоявий куч эди. У таълимни жамиятнинг ўзини англаш воситаси сифатида кўрган: бу англаш миллий ўзликни шакллантириш, ижтимоий онгни уйғотиш ва ўз тараққиёт йўлини мустақил танлаш имконини беради.
Шу боис Саидризо Ализоданинг қарашларида мустақиллик, бу сиёсий мақом эмас, балки онг ҳолати, эркинлик эса ташқи қобиқ эмас, балки ички мазмундир. У миллат тараққиётини нафақат сиёсий структуравий ўзгаришлар орқали, балки маънавий-маърифий ва илмий салоҳиятнинг уйғониши орқалигина тўлақонли амалга ошишини таъкидлаган. Бу эса уни ўз даврининг нафақат маърифатпарвари, балки чуқур фалсафий дунёқарашга эга ғоявий мутафаккири сифатида намоён қилади.
Улуғбек Назаров,
Самарқанд давлат чет тиллар институти мустақил тадқиқотчиси.